Тупроқ намлигини лабораторияда аниқлаш асосида суғориш вақтини белгилаш

Тупроқ намлигини лабораторияда аниқлаш асосида суғориш вақтини белгилаш

Томчи канал

Экин даласидаги тупроқ намлигини лаборатория шароитида аниқлаш ва унинг ўзгаришларини баҳолаш экинларни суғориш вақтини белгилашнинг энг аниқ усули ҳисобланади.

Тупроқ намлигининг ўзгаришларини кузатиш учун экин даласининг белгиланган нуқталаридан бир неча бор, такрорий равишда тупроқ намуналари олинади ва уларнинг намлиги лаборатория шароитида аниқланади.

Далада белгиланган муайян нуқталарнинг ҳар биридан ҳамда тупроқнинг бир нечта қатламидан (одатда, 5 та қатламдан) бурғилаш усули ёрдамида тупроқ намуналари олинади.


Тупроқ намуналарининг ҳар бири алоҳида алюминий бюксларга солиниб, махсус қутичага жойланади ва шу куннинг ўзида лабораторияга олиб келиниб, аналитик тарозида тортилади ҳамда оғирлиги қайд этилади. Сўнгра бюкслар тупроқ қуритувчи махсус шкаф – термостатга жойланади. Намуналар термостатда 6–8 соат давомида 105 0С ҳароратда қуритилгач, яна бир бор тарозида тортилади, тарози кўрсаткичлари эса қайд этиб борилади. Тупроқнинг нам ҳолатидаги ва қуритилгандан кейинги оғирликлари ўртасидаги фарқлар асосида ундаги намлик миқдори ҳисобланади.

Суғоришдан аввал олинган тупроқ намуналарини махсус тенглама ёрдамида дала чегараланган намлик сиғими (ДЧНС) нинг маълум фоизлари билан солиштириш асосида суғоришга бериладиган сувнинг миқдори (меъёри) аниқланади.

Аксарият ҳолларда тупроқ намлиги дала чегараланган намлик сиғимининг 70 фоизига тенг ёки ундан кам бўлганда, суғоришни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Суғориш ўтказилгандан икки-уч кун ўтиб, айнан аввалги нуқталардан яна тупроқ намуналари олинади ва уларнинг суғоришдан кейинги намлиги аниқланади.

Экин даласи тупроғининг суғоришдан олдинги ва кейинги намлиги кўрсаткичларини ўзаро солиштириш асосида суғориш учун ҳақиқатда ишлатилган сувнинг аниқ миқдори (нетто) топилади.


Report Page