Туман Деҳқон бозорида: назоратга олинган нарх-навонинг барқарорлиги, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ҳамда санитария-гигиеник тадбирлар

Туман Деҳқон бозорида: назоратга олинган нарх-навонинг барқарорлиги, арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ҳамда санитария-гигиеник тадбирлар


Барча жойларда бўлгани каби, Ўзбекистон туманида ҳам карантин даврида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, уларнинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик доимий диққат-эътиборда бўлиб турибди.

Тумандаги сектор раҳбарлари, туман ДСИ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ўзбекистон тумани бўлими вакиллари томонидан доимий равишда бозордаги нарх-наволар кўздан кечирилиб, сотувчиларга нарх-навони сунъий кўтармаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш, бозорлар тўкинлигини таъминлаш фаровонликнинг асосий мезонлари ҳисобланади.

Дунё миқёсида коронавирус пандемияси туфайли бир қатор қийинчиликлар давом этаётган айни кунларда мамлакатимизда озиқ-овқат деҳқон бозорларида ярмаркаларнинг ташкил этилиши нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, тумандаги Деҳқон бозорида мунтазам арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилмоқда.

Бу борада, айниқса туманимиздаги фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар ҳам ўз ташаббусларини кўрсатиб, арзон нархларда гўшт ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиб, бугунги вазиятга бефарқ эмаслигини намойиш этмоқдалар.

Хусусан, бугун тумандаги “Пойтахт сардори плюс” сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжалиги томонидан бозор ҳудудида йўлга қўйилган арзонлаштирилган гўшт маҳсулоти ярмаркаси харидорларга манзур бўлди.

Бундай ярмаркалар ўтказишни истаган ва режалаштирган яна кўплаб фермер хўжаликлари ва тадбиркорларнинг туманда мавжудлиги, синовли кунларда халқимизнинг ҳақиқатда янада жипслашганидан далолатдир.

Шу ўринда, мутасадди идоралар вакиллари бозор ҳудудида фаолият олиб бораётган сотувчилар ҳамда харидорларнинг ҳимоя ниқобсиз харакатланиши назоратга олинган.

Бозорга ташриф буюраётган харидорлар туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан махсус ҳарорат ўлчовчи асбоб ёрдамида текширувдан ўтказилмоқда.

Умуман, фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

– Кўрилаётган чора-тадбирлар энг аввало, фуқароларимиз соғлигини муҳофаза қилишга, бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган, – дейди туман ҳокими Қахрамонжон Джураев. – Бу борадаги ишлар белгиланган тартиблар асосида қатъий ва изчил олиб борилади.

Бундай эзгу ташаббуслар, профилактик тадбирларнинг барчаси вазиятдан зарур сабоқлар чиқариб, ўзаро ҳамкорликда, жипсликда, бир ёқадан бош чиқариб пандемия хавфини даф қилишга қаратилгандир.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page