Туман ҳокими Қашқадарёга нега борди?
Туманда доимий равишда барча даражадаги раҳбарларнинг фуқароларни навбатсиз қабул қилиши, маҳаллаларда, хонадонларда ўтаётган жонли мулоқот ва суҳбатлар, сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларнинг муаммоларини қонун доирасида юқори даражада ҳал этиш имконини бермоқда.
Хусусан, Пискент тумани ҳокими 1-сектор ҳудудидаги “Файзобод” маҳалласида бўлиб, маҳаллада ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирди. Шунингдек, олис қишлоқлардан бири бўлган Қашқадарё қишлоғидаги аҳолининг турмуши, томорқадан фойдаланиши, талаб ва таклифларини ўрганди.
Маҳалла раиси тавсияси асосида ҳуқуқий ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларга кириб борилди, мурожаатларига қулоқ тутилди. Ҳоким ва аҳоли орасида кечган суҳбатда кишлоқнинг Истиқлол кўчаси 51-уйда яшовчи Г.Қўрғонова, Навбаҳор кўчаси 1-уйда истиқомат қилувчи Ю.Умаров ҳуқуқий ёрдамга муҳтож эканликлари маълум бўлди. Ота-бола, опа-укалар ўртасидаги уй-жой ва мерос масалаларини батафсил ўрганиш ва қонуний тарзда ҳал этиш бўйича туман Адлия бўлими раҳбарига вазифа белгиланди.
Нурли ҳаёт кўчасида яшовчи Л.Эркаева анчадан буён ўз уйи бўлишини орзу қилади. Аммо нотураржойда истиқомат қилгани сабабли кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришнинг имкони бўлмаган. Аёлнинг турмуш шароитини инобатга олиб, масаланинг ечими Кадастр бўлимига топширилди. Лолазор кўчасидан М.Татаров эса уй-жой қуришда моддий қийинчиликка дуч келган. Унга амалий кўмак бериш ва иморатини томини ёпишида қурилиш материалларидан ҳомийлик асосида ёрдам бериладиган бўлди.
Туман ҳокими ва барча раҳбарларнинг ҳудудларда ўрганишлар давом этмоқда.
Пискент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати