Тухум экспорти учун жорий этилган вақтинчалик чеклов юзасидан изоҳ

Тухум экспорти учун жорий этилган вақтинчалик чеклов юзасидан изоҳ

EconomyPress

Пандемия шароитида ишлаб чиқариш, иқлим ва логистика билан боғлиқ сабаблар таъсирида жаҳонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

Бунга жавобан дунёнинг кўплаб мамлакатлари томонидан ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида айрим маҳсулотлар экспортини чеклаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида республика бўйича тухум нархи 19,6 фоизга, айрим ҳудудларда эса 20-22 фоизгача қимматлашди. Йилнинг қиш мавсумида ушбу маҳсулот нархига қўшимча босим юзага кела бошлайди.

Тухум нархининг ошишига қиш ойларида иситиш харажатлари ошиши ва паррандачилик хўжаликларида касалликларнинг авж олиши, тухум беришга мослашган товуқларнинг мавсумий янгиланиши, озуқа маҳсулотларининг қимматлашиши ҳамда куз мавсумидан бошлаб ушбу маҳсулотга талабнинг ортиб бориши (бошқа ойларга нисбатан 20-30 фоизга ошади) таъсир кўрсатди.

Бундан ташқари паррандачилик хўжаликларида озуқа базасининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар сабабли кўплаб хўжаликлардаги паррандалар сони умумий ҳисобда 1 миллиондан ортиқ миқдорга камайган.

Глобал пандемиянинг давом этаётганлигини, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг аҳолининг харид қобилиятига таъсирининг юқорилиги, шунингдек ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда тухум экспортига нисбатан киритилган чеклов вақтинчалик чора бўлиб ҳисобланади.

Шу билан бирга, вазирлик иқтисодиётда тўлиқ бозор механизмларини жорий қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун чекловларни кескин камайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва бу вазирлик фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати