Транспорт вазирлиги томонидан ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизматиБугун Транспорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида транспорт ва йўл хўжалиги тизими, ушбу соҳа ривожланишининг мамлакат иқтисодий-ижтимоий салоҳиятига бевосита таъсирлари ҳақида сўз борди.
Жумладан, транспортнинг барча турлари ва йўл хўжалиги ривожланиши учун муҳим бўлган “Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси”ни ишлаб чиқиш. Стратегия ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл ҳаритаси” лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳи жорий йилнинг март ойида ташкил этилди. Ишчи гуруҳ томонидан статистик маълумотлар ва соҳадаги мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, транспорт ва логистика ривожланишининг концептуал йўналишлари аниқлаб олинди.
Стратегия ўз ичига 2025 йилгача транспорт тизимини ривожлантириш концепциясини ҳам қамраб олган.
Ўрганишлар натижасида транспортни ривожлантириш соҳасидаги асосий муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш механизмлари ишлаб чиқилди ва транспортни ривожлантиришнинг концептуал йўналишлари белгиланди. “Ўзбекистон Республикаси транспорти тизимини 2035 йилгача ривожлантириш Стратегияси ва “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Аҳолини сифатли автотранспорт хизматлари билан таъминлаш, айниқса қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар, вилоят ва туман марказлари билан боғлаш мақсадида, 2019 йилда жами 107 та янги йўловчи ташиш автомобиль йўналишларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг январь-сентябр ойларида республика бўйича 74 та (режага нисбатан 100 %) янги автобус йўналишлари ташкил этилди.
Сўнги бир ойнинг ўзида, яъни 6 сентябрь кунидан эътиборан Транспорт вазирлиги томонидан “Фарғона-Андижон”, “Фарғона-Наманган” ва “Фарғона-Бешариқ” шаҳарлараро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди. Мазкур йўналишларда “Uzautotrans service” корхонаси 14 та Yutong русумли замонавий автобусларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни бошлади.
Анжумани сўнгида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга Вазирлик мутасаддилари томонидан батафсил жавоб олдилар.