«Транспорт тизими рақамлаштирилмаслиги коррупцияга йўл очади» — халқаро эскперт

«Транспорт тизими рақамлаштирилмаслиги коррупцияга йўл очади» — халқаро эскперт

https://t.me/aoka_uz


Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида шу мавзу бўйича маҳаллий ва халқаро соҳа вакиллари ўртасида муҳокамалар бўлиб ўтди.

  Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев мамлакат транспорт тизими рақамлашуви борасида ахборот берди.

“Биринчидан, давлат секторининг барча соҳаларини рақамлаштиришга эришдик. Хусусан, Транспорт вазирлигида барча хизматлар ва ахборот алмашинув тизимини рақамли форматга ўтказдик. Алоҳида соҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, авиация соҳасида энг катта қадам — аэропортлар ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК фаолияти ва бошқарувини тўлиқ рақамлаштирдик. Булар барчаси ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун катта имкониятлар яратади. Темир йўл соҳасида ҳам рақамлаштириш йўлидан бормоқдамиз. Хусусан, тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилди, чипталар рақамли платформа орқали сотилмоқда. Тошкентда нақд пул ўтказмалари 50 фоизга қисқарди, вилоятларда ҳам шу жараён давом этмоқда.

  Рақамли даврда транспортни ривожлантириш йўловчи ва юк оқимларини бошқаришни ташкил этишнинг янги тамойиллари билан белгиланади. Логистика коридорлари, муқобил энергия ва учувчисиз тизимлар экотизимини яхлит тарзда ташкил қилиш саноатни рақамлаштиришсиз амалга ошмайди”, — деди Чориев.

  Айни вақтда Шимолий коридор ўрнини босувчи Хитой ва Марказий Осиёни Туркия ва Жанубий Европа билан боғловчи “Ўрта йўлак” («Middle Corridor») деб номланувчи йўлагининг роли ортиб бормоқда. Шу билан бирга, тезликни ошириш ва харажатларни камайтириш учун коридорни яхшилаш керак. Ўрта Шарқ бизнес хаби бўлган DP World компанияси операцион бош директори Маҳмуд Ал-Бастақий бу борада ўз тажрибаси билан ўртоқлашди:

  “Компаниямиз таъминот занжири ва логистикани оптималлаштириш учун рақамли воситалардан фойдаланади. Юк ташишнинг автомат тизими етказиб берувчидан мижознинг эшигигача бўлган барча барча нуқталарни ўз ичига олишини истаймиз.  Рақамлаштириш транспорт соҳаси учун жуда муҳим. Агар рақамлаштириш бўлмаса, коррупцияга йўл очилади: ҳаракат секинлашади, юк операциялари сифати ёмонлашади.

Асосий мақсадларимиздан бири — Ипак йўлини тиклаш. Буни амалга ошириш вақти келди. Бу муаммони ҳал қилишга ёрдам берадиган тизим — бу рақамлаштириш” — деди Ал-Бастақий.

Анжуман доирасида Халқаро автомобил транспорти иттифоқи тажрибаси ҳақида ҳам сўз борди. Иттифоқ директори Татьяна Рэй-Беллет қуйидаги фикрларини билдирди.

  “Транспорт уюшмасига нима керак? Қатъийлик. Ҳозир беқарорлик ҳукм сурмоқда, қийинчиликлар бор. Транспорт тизимини рақамлаштириш ушбу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, жумладан, ҳужжатлар электрон алмашинуви учун бу жуда муҳим. Бугунги кунда халқаро автомобил ташувлари соҳасида иккита рақамлаштириш тизими мавжуд — TIR ва CМR ва уларнинг иккаласи ҳам БМТ конвенциясига асосланган. ТIR дунёнинг 77 давлатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амал қилади. Ўтган йили биз сезиларли ўсишни қайд этгандик, бу йил эса 40 фоизга ўсди. Ўзбекистонда ТIRдан фойдаланиш туфайли автомобилларда юк ташиш янги босқичга кўтарилди”, — деди Татьяна Рей-Беллет.

“Ўзбекистонга биринчи марта 1992 йилда келганман. Бугун мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бермоқда”, — дейди Покистондаги TCS Holdings компаниясининг ривожланиш бўйича директори Аҳмад Зафар. “TCS Holdings Покистондаги энг йирик логистика компанияси. Бизнесимиз рақамлаштириш туфайли ривожланмоқда. тизимимизда олинган маълумотлар операцион қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Биз, шунингдек, 2018 йилда eTIR’га қўшилган Покистондаги биринчи логистика компанияси ҳисобланамиз.

Бунгача Афғонистон орқали Ўзбекистонга тўртта тижорат рейсларини амалга оширган эдик. eTIR бизга фаолиятимизни янгича босқичда олиб боришимизга имкон берди. Ушбу тизим орқали маълумотларни “булут”да сақлаш ва юк ташиладиган барча ҳаракатланиш нуқталари электрон маълумотларни узатишимиз мумкин. eTIR глобал боғланишга ва божхона органларининг интеграциялашувига ёрдам беради” — дея маълумот берди Аҳмад Зафар.

“Рақамлаштириш — давр талаби ва у транспорт соҳасида ҳам бўлиши керак”, — дейди TRACECA Ҳукуматлараро комиссияси Бош котиби Ассет Асавбаев. “13та давлат биз билан ҳамкорлик қилади, жумладан, Ўзбекистон ҳам. Уларнинг барчаси транспорт тизимини рақамлаштириш билан шуғулланмоқда.

  Халқаро ташаббусларни амалга ошириш, улар мувозанатли тарзда амалга оширилиши ва нафақат мамлакатингиз ҳудудида, балки бутун транспорт йўлагида ишлаши керак. ЭCМР рақамли медиага ўтиш бўйича иккинчи ташаббусдир”, — дейди Ассет Асавбаев.

Report Page