Тожикистонда Ўзбекистон томонидан бунёд этилган мактаб фойдаланишга топширилди

Тожикистонда Ўзбекистон томонидан бунёд этилган мактаб фойдаланишга топширилди


Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларини қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари бирлаштириб туради. Бу эса икки давлат ўртасидаги муносабатлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мутлақо янгича сифати намоён бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳамкорликнинг янги саҳифаси икки давлат халқлари манфаатлари йўлидаги янги марраларни кўзламоқда.

Янги саҳифа икки давлат ўртасидаги барча соҳалар сингари гуманитар соҳани, хусусан таълим йўналишини ҳам қамраб олган.

Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятида Ўзбекистон маблағлари ҳисобига бунёд этилган янги таълим маскани бунинг ёрқин далилидир. 630 ўринга мўлжалланган умумтаълим мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-2019 йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"га мувофиқ бунёд этилган.

Мактабнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

Замон талаблари асосида бунёд этилган таълим масканида сифатли таълим олиш учун барча имкониятлар яратилган. Мактаб физика, кимё, астрономия, биология, чизмачилик бўйича ихтисослаштирилган фанлардан амалий машғулотларни, шунингдек, ўғил болаларни металл ва ёғочни қайта ишлаш, қизларни уй хўжалиги, ошпазлик санъати ва ҳунармандчилиги бўйича меҳнат кўникмаларига ўргатиш учун индивидуал шартларга биноан амалга оширилди. Мактаб ёпиқ спорт зали, очиқ стадион, замонавий кутубхона билан тўлиқ жиҳозланган.

Бу каби мактабларнинг ташкил этилиши эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг маънан ва жисмонан соғлом, билимли бўлиб вояга етишида катта замин яратибгина қолмай, икки томонлама алоқаларда очилган янги саҳифаларни янада ёрқин ва тарихий лаҳзалар билан тўлдиради.