“Тоза ҳаво” тадбири юзасидан

“Тоза ҳаво” тадбири юзасидан

Расмий хабарлар

“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 16, 17 ва 28-моддалари, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси талабларидан келиб чиқиб, яъни фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаларининг экологик хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган вазифаларни бажариш мақсадида тилга олинган вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида кейинги йилларда изчил иш олиб бориляпти.

 

Жумладан, транспорт воситалари ҳолати юзасидан давлат экологик назоратини олиб бориш йўналишида республика миқёсида “Тоза ҳаво” ойлигининг ўтказилиши бўйича Давлат экология қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган қўшма кўрсатмага асосан жорий йилда мазкур тадбирнинг биринчи босқичи 10 апрелдан 10 майга қадар, иккинчи босқичи эса 10 августдан 10 сентябрга қадар ўтказилиши белгилаб қўйилганди. Бунда “Тоза ҳаво” тадбири Тошкент шаҳри бўйича 10 сентябрдан 10 октябргача ўтказилаётганига эътибор қаратиш жоиз.

 

Демак, “Тоза ҳаво” тадбири иккинчи босқичининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда якунланганини инобатга олиб, унинг дастлабки натижалари ва бугунги кун учун долзарб аҳамияти эълон қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

“Тоза ҳаво” тадбирининг I ва II-босқичи давомида жами 270 344 та (I-босқичда – 125 448 та, II-босқичда – 144 896 та) автотранспорт воситалари ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўлчаш асбоблари ёрдамида экологик назоратдан ўтказилиши таъминланди. Текширилган автотранспорт воситаларининг 9113 таси ёки 3,4 фоизида зарарли тутунлар меъёрлардан юқорилиги аниқланди.

Натижада шунча автомобиль ҳайдовчиларига огоҳлантиришлар берилган бўлса, яна 2986 та автотранспорт воситалари нормадан ортиқ ҳолларни бартараф этиш учун вақтинча тўхтатилиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига йўналтириш чораларини кўрилди.

Тадбир давомида ифлослантирувчи моддалар давлат стандартларида белгиланган нормалардан ортиқ бўлган 2049 та автотранспорт ҳайдовчиларига нисбатан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан белгиланган жарималар қўлланилди.

 

Шунингдек, тадбир ўтказилиши ва натижалари ҳақида оммавий-ахборот воситалари орқали мунтазам равишда ёритиб борилди. Ишлатилган газларида ифлослантирувчи моддалар миқдорининг ошиши бевосита ёнилғи сарфини ҳам ошишига олиб келиши ва бошқа мавзуларда учрашувлар ташкил этилиши таъминланди. Жумладан, “Тоза ҳаво” тадбирлари давомида марказий ва маҳаллий телеканалларда жами 55 та телекўрсатув, 66 та радиоэшиттириш эфирга узатилди.

Газета ва журналларда 105 та мақола чоп этилиб, 242 та панно ва баннерлар, 6379 та плакатлар жойлаштирилди. Шунингдек, автотранспорт корхоналарида 298 маротаба мавзуга оид семинарлар ўтказилди.

 

“Тоза ҳаво” тадбири самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида автотранспорт воситаларининг экологик ҳолатини нафақат автойўлларда ёки ЙПХ масканларида, балки ҳар йили ўтказилаётган мажбурий техник кўрик чоғида ҳам олиб борилишига келишилди.

Жойлардан олинган маълумотларга кўра, мажбурий техник кўриги доирасида жами 43 398 та автотранспорт воситалари ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўлчаш асбоблари ёрдамида экологик назоратдан ўтказилиши таъминланган. Текширилган автотранспорт воситаларининг 1338 таси ёки 3,08 фоизда ифлослантирувчи моддалари миқдори ўрнатилган меъёрлардан юқорилиги аниқланган. Мазкур техник кўрик жараёнида 194 та автотранспорт воситаларида нормадан ортиқ ҳолати аниқланиб, бартараф этиш учун автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига йўналтириш чораларини кўрилган.

Мазкур тадбир давомида мунтазам ЙПХ масканларида, кўчаларда ҳамда автокорхоналарга кириш/чиқиш жойларида фойдаланишда бўлган автотранспорт воситалари текширилиб, уларда ишлатилган газларида ифлослантирувчи моддалар давлат стандартларида белгиланган нормалардан ортиқ бўлган тақдирда вақтинча тўхтатиб таъмирлаш эвазига жами 102 тонна ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига чиқарилиши олди олинган.

 

“Тоза ҳаво” тадбирининг икки босқичи орасидаги самарадорлик динамикаси қуйидагича намоён бўлди.

Биринчи босқичда текширилган автотранспорт воситалари сони 125 448 тани ташкил этган бўлса кейингисида бу кўрсаткич  144 896 тага етди.

Токсиклик даражаси ва тутун миқдорининг ошиши  биринчи босқичда 4846 та автоуловда кузатилган бўлса, иккинчисида бу кўрсаткич 4267 тагача камайди.

Биринчи босқичда белгиланган тартибда жаримага тортилган ҳайдовчилар сони 1215 нафар бўлган бўлса, иккинчи босқичда бу 834 нафарга тушди.

Кўриб турганингиздек, текшириш учун тўхтатилган машиналар сони аввалгидан кўп, лекин қоидабузарлар, яъни носоз автомобилларнинг ҳаракатланиши “Тоза ҳаво” тадбири самараси ўлароқ анча камайган.



Report Page