Тошкентда кўчмас мулк билан боғлиқ фирибгарликда гумон қилинган икки нафар шахс қидирилмоқда

Тошкентда кўчмас мулк билан боғлиқ фирибгарликда гумон қилинган икки нафар шахс қидирилмоқда

https://t.me/UnchaMuncha

Гумондорларнинг бир нафари ушланган, унинг яна икки нафар шериги қочиб яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.

Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББга бир нечта фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширганлиги, бироқ МЧЖ томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмаганлиги сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати.

Аниқланишича, 1977 йилда туғилган Ш.О. "MAX-HOUSE-GROUP" МЧЖни ташкил қилиб, шериклари 1982 йилда туғилган Осимов Ахтам Ахмадович ва 1989 йилда туғилган Самандаров Азизбек Алижоновичлар билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этган.

О.Шарипов МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишни маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган.

Улар ҳеч бир мутасадди ташкилотлардан рухсат олмасдан ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмасдан, кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни фуқароларга сотишни билдириб, алдов йўли билан жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштириб олишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида А.Ш.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар А.С. ва А.О.лар терговдан қочиб яширинганлиги сабабли, қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, агар Сиз ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки қидирувдаги шахсларнинг қаерда эканлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-42-28, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингиз сўралади.

Манба: UzNews.uz

Report Page