Тошкентда 14 кун давомида 380 кишидан мингдан ортиқ пичоқлар топилди

Тошкентда 14 кун давомида 380 кишидан мингдан ортиқ пичоқлар топилди



1 июндан 14 июнга қадар бўлган давр ичида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси хизматчилари билан ҳамкорликда жамоат жойларида олиб борган профилактик тадбирлар давомида 380 кишидан жами 1039 та кесувчи – ўткир чархланган пичоқлардан турли хил ханжарларгача бўлган асбоблар топилди. Бундан ташқари, бир қатор фуқаролар ўзлари билан профессионал ва қўлбола бита, кастет ва бошқа буюмлар олиб юришган.



Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Қариндош ва яқинларингизга пичоқ олиб юриш мудҳиш оқибатларга олиб келишини тушунтиринг. Оддий келишмовчиликлар ҳам пичоқбозлик билан якунланган ҳолатлар учраган.



Оқибатда бир киши шифохонага, иккинчиси судланувчилар ўриндиғига тушиб қолади. Мулоҳаза қилиб кўринг: сизга пичоқ, бита ёки болта олиб юришнинг нима кераги бор? Ўзингизни ҳимоя қилиш учунми? Кимдан ҳимоя қилиш учун? Ўзингиз “қотиллик қуроли” олиб юрган ҳолда бошқалар учун хавф туғдирмайсизми?


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги Қонунининг 9 моддасига биноан, қуйидагилар тақиқланади:



ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш;



 митинглар, кўча юришлари, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган, алкоголли маҳсулотлар реализация қилинадиган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида ҳамда қурол олиб юриш тақиқланган бошқа жамоат жойларида бўлган вақтда, шунингдек алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш.







Report Page