Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлашда Корея тажрибаси таклиф этилди

Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлашда Корея тажрибаси таклиф этилди

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси аъзоси, "Корея - Ўзбекистон"  ҳамкорлик ассоциацияси парламенти раҳбари Пак Квонг Он бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Музокараларда Жанубий Корея томонидан вилоятнинг маъмурий маркази Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ФВБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси учун лойиҳа қиймати 30 млн АҚШ долларига тенг замонавий ўқув машғулоти маркази биносини қуриш юзасидан таклифлар билдирилди.

Маълумотларга кўра, мазкур машғулот маркази учун беғараз ёрдам сифатида 2022 йил 5 та замонавий ўт ўчириш техникаси, 600 нафар профилактика инспекторига кореялик ҳамкорлар томонидан хизмат жараёнида фойдаланиши учун планшет тақдим этилиши режалаштирилган.

- Ўқув маркази бунёд этилгач, биринчи босқичда кореялик соҳа мутахассислари ёнғин хавфсизлиги бўйича дарс машғулотлари ва малака ошириш курсларини олиб боради. Мазкур билимлар келгусида ўт ўчирувчиларнинг тезкорлигини ошириш, ишни самарали ташкил этиш ва қайта тайёргарлик талабларини бажаришда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Пак Квонг Он. - Бунинг учун Корея ёнғин хизмати университети, Инчхон шаҳри ёнғин хавфсизлиги институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси билан уч томонлама меморандум имзоланишига келишиб олинди.  

Музокаралар якунида кореялик ҳамкорлар ҳамда Тошкент вилояти ўртасида жамоат хавфсизлиги, транспорт ҳамда туризм хавфсизлиги каби масалалар юзасидан ҳамкорлик режаларининг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.


Report Page