Барча ҳудудлардан саралаб олинган ОАВ вакиллари учун халқаро эксперт иштирокида тренинг бўлиб ўтди

Барча ҳудудлардан саралаб олинган ОАВ вакиллари учун халқаро эксперт иштирокида тренинг бўлиб ўтди


Фото: "Юксалиш"

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида босма ва интернет ОАВ вакиллари учун тренинг ташкил этди.

Жорий йилнинг 25—27 сентябрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг “Ўзбекистонда журналистика соҳасида халқаро этика стандартларини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида босма ва интернет ОАВ вакиллари, блогерлар учун тренинг ўтказилди. Унда республиканинг барча ҳудудларидан саралаб олинган 50 нафар журналистлар иштирок этди.

Икки кунлик ўқув Жанубий Кореялик тажрибали журналист, профессор Вонтай Сол ҳамда Тошкентдаги Вебстер университети доценти Беруний Алимов томонидан олиб борилди. Шунингдек, иштирокчилар учун етакчи блогер, юрист Хушнуд Худойбердиев томонидан муаллифлик ҳуқуқи ва ўзбек медиасоҳада суд амалиёти каби мавзуларда тренинглар ўтказилди.

Фото: "Юксалиш"
Фото: "Юксалиш"

Тренинглар давомида бугунги кунда юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни ёритишда таҳлилий журналистиканинг ўрни, сифатли таҳлилий мақолалар ёзиш, хусусан фактлар билан ишлаш, таҳлилий материаллар тайёрлашда журналистнинг шахсий, рақамли хавфсизлиги ва маълумот манбаларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ўринли фойдаланиш каби мавзулар бўйича кўникмалар берилди.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга сертификатлар ва фаол қатнашчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Фото: "Юксалиш"

Маълумот учун: Мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг июль — август ойлари давомида республиканинг барча ҳудудлари вакиллари иштирокида ҳудудий тренинглар ташкил этди. Унда, шунингдек ижтимоий-иқтисодий мавзуларни фаол ёритувчи блогерлар ҳам иштирок этишди.

Натижада лойиҳа доирасида 120 дан зиёд босма ва интернет ОАВ вакиллари қамраб олиниб, улар иштирокида тренинг ва турли муҳокамалар ташкил этилди. Жумладан, иштирокчилар томонидан Журналистларнинг касб этикаси кодекс ва юртимизда бугунги кунда журналист ҳамда блогерларнинг фаолияти юзасидан фикрлари умумлаштирилди. 

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати


Report Page