Тошкент вилоятида "Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” ўтказилмоқда
Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига, жумладан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини, йўлларнинг аҳволини яхшилаш ҳамда “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини фуқароларга етказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай вилоят автомобиль йўлларида оғир оқибатли йўл транспорт ҳодисалари кўпаймоқда.
Тошкент вилояти ҳудудида йўл транспорт ҳодисасини, хусусан, инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатларни олдини олиш ҳамда ҳайдовчилар, умуман ҳаракат иштирокчилари ўртасида “йўл маданиятини” зарур бўлса шакллантириш мақсадида, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов томонидан “Тошкент вилояти ҳудудида 2021 йилнинг 1 июнь кунидан 30 июнь кунига қадар ҳаракат хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги фармойиш имзоланди.
Фармойишга кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, транспорт ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, транспорт воситаларининг техник тайёргарлигини яхшилаш ва ушбу масалаларга кенг жамоатчиликнинг, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратиш мазкур ойликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Бу каби тадбирлар йил давомида ўтказиб келинади. Аммо, ойлик доирасида бу ишларга кенг жамоатчиликни жалб этиш орқали таъсир чораларини кучайтириш режалаштирилган.