Тошкент вилоятида ҲМҚО ходимлари кийим бошини кийиб олган босқинчилар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди

Тошкент вилоятида ҲМҚО ходимлари кийим бошини кийиб олган босқинчилар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди


Тошкент вилояти. 2020 йилнинг 31 октябрь куни соат 22:00 да, 36 ёшли Ж.П., ўзининг жиноий шериклари 36 ёшли А.И. ва 51 ёшли Б.А.,лар билан биргаликда босқинчилик содир этиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, қора рангли мато билан юзларини яшириб, эгнига “Миллий гвардия” ҳарбий кийимини кийиб, резина таёқча ва қўл кишани ҳамда пневматик ўқ отар қурол билан қуролланган ҳолда, А.И.,нинг бошқарувидаги “Matiz” русумли автомашинада Тошкент тумани, Тутзор маҳалласи, Нурмакор кўчасига келиб, мазкур кўча бўйлаб “Lacetti” русумли автомашинада уйига келаётган, 47 ёшли У.Р.,ни йўлини тўсган ҳолда тўхтатиб, унга ҳаёт ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, қўлларини орқа тарафга қайирган ҳолда кишанлаб, босқинчилик содир этиб, фуқаро У.Р.,га тегишли “Lacetti” русумли автомашинасининг орқа ўриндиғига ўтказиб, олиб кетмоқчи бўлган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олиниб, улардан қўл кишани, резина таёқ, пневматик ўқ отар қурол, “Миллий гвардия” хизмат кийими ва ниқоблар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида, “Matiz” русумли автомашина салонидан, Ж.П., А.И. ва Б.А.,лар томонидан қонунга хилоф равишда қўлга киритилган, “01Р376СВ” ва “10Е488LA” давлат рақам белгилари мавжудлиги аниқланиб, ушбу давлат рақамлари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаролар Ж.П., А.И. ва Б.А.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-модаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (босқинчилик) билан жиноят иши кўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, юқоридаги фуқаролар жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ҳамда уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.



Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти