Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни лойиҳаси молия тизими масъуллари ўртасида муҳокама қилинди

Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни лойиҳаси молия тизими масъуллари ўртасида муҳокама қилинди

Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси Ахборот хизмати
Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи

Бугун Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси биносида, 2020-2022 йилларга мўлжалланган Бюджетнома ва Ўзбекистон Республикасининг "2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни лойиҳаси вилоят, туман ва шаҳар молия органлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3917-сон Қарорида 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланиши белгиланган.

Республика бюджети борасидаги норматив ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилинади. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади.

Жорий этилаётган янги тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳати – марказлашган бюджет сиёсатидан босқичма-босқич воз кечиш ҳисобланади.

I. Даромадлар бўйича 2020 йил бюджет тизими бюджетларида даромадларни ҳисобга олишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

1) қуйидаги солиқ турлари тўлалигича туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилиши белгиланади:

а) жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

б) жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

в) жисмоний шахсларнинг мулкларни ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи. 

г) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, электр станциялари томонидан тўланадиган солиқдан ташқари;

д) алоҳида норуда қурилиш (карьер) материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, цемент ва оҳактошдан ташқари;

2) Қуйидаги солиқ турлари вилоят бюджетига ўтказилиши белгиланади:

а) қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлалигича ўтказилади:

юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи;

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;

электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг чакана сотуви учун акциз солиғи;

қонунчиликда белгиланган миқдорларда давлат божлари;

қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар (Суд, МИБ, Йўл харакати қоида бузилишлари);

қонунчиликда белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан даромадлар;

б) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари – Тошкент вилояти бўйича 10 фоизи ва ушбу солиқ тури бўйича даромадларнинг прогноздан орттириб бажарилган қисмининг 50 фоизи.

Бундан ташқари, Маҳаллий бюджетлар даромадини мустаҳкамлаш мақсадида автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш йиғимлари маҳаллий бюджетга ўтказилмоқда.

Алкоголь маҳсулотлари ва мобил алоқа хизматини кўрсатиш учун акциз солиғи тушумлари аҳоли сонидан келиб чиқиб ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланади.

Қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича прогноздан орттириб бажарилган қисми тўлиқ вилоят бюджетида қолдирилади.

2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари кенгашлар томонидан маъқулланган йўналишларга ажратилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган харажатларгина ҳокимликлар томонидан тасдиқланиши ва кейинчалик уларнинг тўғри сарфлангани ҳақида кенгашлар олдида ҳисобот берилиши лозим.

II. Харажатлар бўйича 2020 йилда кутилаётган ўзгаришлар.

1. Қуйидаги харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади:

- умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг иш ҳақи ва ажратма харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги орқали ҳамда мактаб ва боғчаларнинг бошқа харажатлари (коммунал, озиқ-овқат, дори-дармон, алоқа, асосий воситалар сотиб олиш ва ҳ.к.) тегишли туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади;

- кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудлар (болалар майдочаси, тротуар, тунги ёритиш чироқлари ва ариқлар)ни таъмирлаш харажатлари ҳамда иссиқлик тармоқлари ва қозонхоналарни капитал таъмирлаш харажатлари;

2. Қуйидаги харажатлар вилоят бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади:

- иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан аҳолига пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида етказиб берилган иссиқлик энергияси бўйича юзага келадиган зарарларни субсидия орқали қоплаш харажатлари, (олдин республика бюджети эди);

- Суд ҳукмига асосан оқлов қарори қабул қилинган фуқароларга моддий ва маънавий зарарларни қоплаш харажатлари (олдин республика бюджети эди);

3. Қуйидаги харажатлар туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштиришга ўтказилади:

- фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар (олдин вилоят бюджети эди);

- давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини сақлаш харажатлари (олдин вилоят бюджети эди);

4. Вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантиради.


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган, йиллик ҳажми Ўзбекистон Республикаси қонуни билан белгиланадиган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;

иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга бюджетдан маблағ ажратиш бўйича бириктирилган бюджет маблағларини тақсимловчи юридик шахс;

умумий фискал баланс – Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини ҳамда давлат дастурларини амалга ошириш учун четдан жалб қилинган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қопланадиган қарз маблағлари эвазига амалга ошириладиган харажатларни ўз ичига олган жамланма баланс;

ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчи – ўз тасарруфида Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, туманлар ва шаҳарларнинг бюджетларидан маблағ оладиган ташкилотларга эга бўлган юридик шахс, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарларнинг бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағларини олувчи.


Таъкидлаш жоизки, тегишли раҳбарларга амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан қатиий топшириқлар берилди.


Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси Ахборот хизмати

Report Page