Тошкент вилояти ҳокими Рустам ХОЛМАТОВнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ

Тошкент вилояти ҳокими Рустам ХОЛМАТОВнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ


Қадрли юртдошлар!

Вилоятимизнинг жонкуяр фуқаролари, азиз ёшлар!

Курраи заминга хавф солиб турган коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари вилоятимизда сўнгги кунларда кескин ўсиб бораётгани барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Хусусан, кейинги бир ҳафтада 217 нафар инсонда мазкур хасталик аниқлангани, кунлик ўсиш ҳажми 2-3 баробарга ўсиб кетаётгани, энг ачинарлиси,  инфекция юқтирганлар орасида ўлим даражасининг кескин ошганлиги барчамиздан янада ҳушёр ва сергак бўлиб, офатга қарши бир тану жон бўлиб курашишни, карантин чекловларини қайтадан кучайтириш ва унга сўзсиз амал қилишни тақозо этмоқда.

Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 2 февралидан шу кунга қадар чет элдан чартер рейслари ҳамда чегара постлари орқали мамлакатимизга олиб келинган жами 70 мингга яқин ватандошимиз карантин зоналарига жойлаштирилган.

Жумладан, айни пайтда Юқори Чирчиқ карантин полигонида 14 минг 830 нафар фуқаро стационар шароитда тиббий кузатувга олинган. Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда бошқа тиббиёт муассасаларида эса жами 563 нафар фуқаро карантин муддатларини ўтамоқда. Яна 8 мингдан зиёд фуқаро уй шароитида карантинда қолмоқда.

Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролардан 966 нафарида коронавирус касаллиги тасдиқланган бўлиб, шундан 586 нафар фуқаро соғайиб, тиббий реабилитация марказларига ва яшаш манзилларига жўнатилди. Бугун вилоятимиздаги тиббиёт ва карантин муассасаларида кечани кеча, кундузни кундуз демай 49 нафар шифокор, 836 нафар ҳамшира, 690 нафар кичик тиббий ва техник ходим, жами 1574 нафар саломатлик посбонлари бу офатга қарши жиддий кураш олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 10 июль куни соат 00:01 дан бошлаб ҳар қандай транспорт воситаларида Нурафшон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Нурафшон шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан, вилоят туман ва шаҳарларига чиқиш тўхтатилди.

Нурафшон шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Нурафшон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, Нурафшон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, вилоят бошқарма, идора ва ташкилотларида меҳнат қилаётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.

Қадрли дўстлар!

Вилоятда коронавирус пандемиясининг ҳудуд иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида алоҳида штаб фаолият олиб бормоқда. Иқтисодий блок ходимлари тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб бормоқда. Вилоятда аксарият кўнгилочар, спорт, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, озиқ-овқат ва буюм бозорлари фаолияти тўхтаб қолгани билан барча ишлаб чиқариш корхоналари, озиқ-овқат билан савдо қилувчи нуқталар, дорихоналар, тиббиёт масканлари фаолиятини давом эттирмоқда. Айнан шу муассасаларда фаолият юритувчи фуқароларнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кириши ёки чиқиши учун шароитлар яратилган.

Вилоятдаги барча ишлаб чиқарувчи – бу саноат корхоналарими, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарми, иссиқхоналарми, тўқимачилик саноати корхоналарими ёки исталган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар бўлишидан қатъий назар, барча тадбиркорлик субъектлари учун юк ташувчи автомашиналар вилоят ҳудудида ҳеч қандай рухсатнома ва  тўсиқларсиз ҳаракат олиб бормоқда.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, вилоят иқтисодиёт, молия, солиқ бошқармалари ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан ҳозирда коронавирус пандемиясидан азият чеккан тадбиркорлар учун солиқ таътиллари ёки имтиёзлари бериш бўйича аризалар қабул қилинмоқда.

Шунингдек, барча тижорат банклари тадбиркорларимизга ажратилган кредитлар бўйича тўловлар муддатларини узайтириш чораларини кўрмоқда. Бугунги кунга қадар 7 минг 142 та тадбиркор ва 135 минг  нафардан ортиқ жисмоний шахснинг 1 трлн. 498 миллиард сўмлик кредит муддатлари узайтириб берилди.

Бундан ташқари, штаб аъзолари томонидан экспортчи корхоналарга бюджетдан қўшилган қиймат солиғини қайтариш, вақтинча даромадидан маҳрум бўлган соҳа (айниқса, туризм соҳаси) ходимларини қўшимча бюджет маблағлари ҳисобидан жамоат ишларига жалб қилиш ёки бошқа ёрдамлар бериш каби муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳам тизимли  иш олиб борилмоқда.

Яна бир муҳим масала, бу бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлашдан иборат. Минг афсуски, эл бошига мана шундай синовли кунлар тушганидан, озиқ-овқат ва истеъмол товарларига бўлган талабнинг ошиб бораётганидан фойдаланиб қолишни ўйлайдиган айрим инсофсиз  тадбиркорлар томонидан нархлар асоссиз равишда ошириб юборилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бу борада тегишли хизмат ходимлари томонидан назорат тадбирлари янада кучайтирилади ва вилоятда нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Шунингдек, тиббий ниқоблар, антисептик воситалар ҳам дорихоналаримизда етарли. Уларни ишлаб чиқариш учун барча ресурслар ўзимизда мавжуд, уларни тайёрлаш ва марказлашган ҳолда дорихоналар ва савдо нуқталарига етказиб беришда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди.

Бундан ташқари, вилоятдаги 20 мингдан ортиқ фуқароларимиз кам даромадли ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги инобатга олинган ҳолда “Саховат ва кўмак” лойиҳаси ташкил этилган. Карантин даврида ижтимоий аҳволи оғирлашган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги мавжуд бўлган оилаларга саховатли тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан 2 млрд. 957 млн. сўм миқдоридаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди ва бу жараён бундан буён ҳам изчил давом этади.

Ҳурматли вилоятдошлар!

Мамлакатимиздаги бугунги мураккаб эпидемиологик вазият барчамиздан янада огоҳ бўлишни, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги учун масъул эканимизни бир лаҳза ҳам унутмай яшашни, карантин чекловлари ва санитария қоидаларига сўзсиз амал қилишни талаб этмоқда. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги синовли кунларда юксак тафаккур, темир интизом, сабр-тоқат ва шахсий масъулият энг таъсирчан қуролимиз бўлиши керак. Ана шундагина бу синовли кунларни мардонавор енгиб, эртанги ёруғ ва нурафшон кунларга албатта етажакмиз!