Тошкент тумани каратэчилари кучли учликда
Шу йил 30-31 октябрь кунлари Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Алпомиш” номли спорт мажмуасида каратэ WKF бўйича 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида “Surxon Open-2021” мусобақаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, каратэ спорт турини кенг оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш мақсадида ташкил этилган мазкур очиқ турнирда Тошкент шаҳри, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан 300 нафардан ортиқ спортчилар ғолиблик учун куч синашишди.
Сурхондарё вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси, Сурхондарё вилоят каратэ федерацияси ҳамкорлигида икки кун давомида ўтказилган ушбу беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, ҳар бир вазн тоифасида кучли учликдан жой олган ёш каратэ усталари мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Дилшод ЮСУПОВ, Тошкент тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг каратэ WKF мураббийи, “Келес каратэ” клуби раҳбари:
– Мусобақада Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги ҳамда Тошкент туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларида каратэ бўйича мунтазам машғулотларга қатнаётган ёш каратэчиларимиз билан иштирок этдик. Юқори савияда ташкил этилган очиқ турнирда шогирдларимиз муваффақиятларга эришиб, медалларга эга чиқишди. Бекобод шаҳридаги БЎСМ ва “Ҳумо” каратэ клубидан 6-8 ёшлилар ўртасида Давлатбек Абдуллаев, Жавоҳир Халимбоев, Ойбек Шуҳратов, Умар Эргашбоев, 10 ёшдан 13 ёшгача бўлган болалар ўртасида Тошкент туман БЎСМ ҳамда “Келес каратэ” клубимиздан Муҳаммадумар Мирҳакимов, Муҳаммаддиёр Мансуров, Саидкамол Адилов, Жўрабек Алибековлар кучли учликдан жой олиб, медалларга сазовор бўлишди. Мақсадимиз, ўғил-қизларимизни спортга кенг жалб этиш ва истеъдодларини юзага чиқариб, бу каби мусобақаларда иштирокини таъминлаш, катта спорт сари етаклашдан иборат.