Тошкент тумани ҳокими Акбар Сулаймоновнинг тадбиркорлар ҳамда туман аҳолисига М У Р О Ж А А Т И

Тошкент тумани ҳокими Акбар Сулаймоновнинг тадбиркорлар ҳамда туман аҳолисига М У Р О Ж А А Т И


Ҳурматли тадбиркорлар,

Қадрли тумандошлар!

Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари жаҳон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этади ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди.

2018 йил ҳолатига кўра туманимизда ҳам бу рақам 61 фоизни ташкил этади.

2019 йилда Тошкент тумани аҳолисини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир жами 823 та лойиҳага 97 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Шундан “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 585 та лойиҳага 15,6 млрд. сўм;

“Yoshlar-Kelajagimiz” дастури доирасида 6 та лойиҳага 1,2 млрд. сўм;

“Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги дастур доирасида 40 та лойиҳага 845 млн. сўм;

“Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги дастур доирасида 22 та лойиҳага 791,5 млн. сўм;

“Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги дастур доирасида 15 та лойиҳага 333,5 млн. сўм;

“Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси” дастури доирасида 10 та лойиҳага 539 млн.сўм;

“Ахоли тадбиркорли”ги учун ажратилган молиявий ёрдам 190 та лойиҳага 998,9 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Шунингдек, 76,7 млрд. сўм инвестициялар янги қувватларини ташкил этиш мақсадида жалб қилинди.

2020 йилда 500 млрд. сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, 1500 та иш ўринли саноат корхоналари ташкил этиш режалаштирилган.

Туман худудида 3,8 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилиб 82,4 млрд. сўмлик 670 та иш ўринли 4 та лойиҳа 2020 йил ишга туширилади.

Бундан ташқари, “Сарке” маҳалласида 27,90 гектар, “Қушқўнди” маҳалласида 31,13 гектар туман захирасидаги ер майдонларида янги кичик саноат зонасини ташкил этиш бўйича таклифлар берилди ва бу ерлар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи лойиҳаларга ажратилади.

Жорий йилнинг 9 ойида давлат бюджетига жами 209,7  млрд. сўм тушум таъминланиб, ўтган йилга нисбатан 126,9 фоизга бажарилди.

Янги солиқ концепциясининг амалда тўғри ишлаши натижасида солиқлар бўйича жорий йил 10 ойлигида тушумлар миқдори 2018 йилдаги йиллик тушумга нисбатан ўсиши таъминланди. Жумладан, фойда солиғи ўтган йилга нисбатан  8,3 баробарга ошди, тушумлар миқдори 189,1 фоизга;

Қўшилган қиймат солиғи 7,9 баробарга, тушумлар миқдори 189,6 фоизга;

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 1,1 баробарга, тушумлар миқдори 226,9 фоизга;

Мол-мулк солиғи 12,3 бораборга,  тушумлар  миқдори  473,4 фоизга;

Ер солиғи 5,3 баробарга, тушумлар миқдори 286,0 фоизга;

Сув солиғи 14,1 баробарга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Президентинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5718-сонли Фармони асосида туманимизда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ўз фаолиятини бошлади. Бундан мақсад, тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифати ва тезкорлигини ошириш, уларнинг қонуний талабларини самарали рўёбга чиқариш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини юксалтиришдан иборат.

Бугунги кунда қабулхонада тадбиркорлик субъектларининг янада самарали фаолият кўрсатишлари ҳамда уларни тўлақонли қўллаб-қувватлаш учун «business.gov.uz» ягона интерактив портали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Туманда  2019 йил январ-ноябр ойлари давомида 1755 нафар фуқаро бандлиги таъминланган. Шундан 952 нафари хотин-қизларни 989 нафари 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади.

2019 йил январь-ноябрь ойларида туманда 77 та саноат корхоналарида 1311 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Тадбиркорларга яратилаётган бундай имкониятлар натижасида янги иш ўринлари яратилиб, бюджет даромадлари ҳам ортиғи билан бажаришга эришилди. Натижада қўшимча маблағлар ҳисобидан туманимизда йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий муаммолар, масалаларга ечим топилмоқда. Албатта булардан халқимиз рози бўлмоқда.

Бундан буён ҳам секторлар раҳбарлари ҳамкорликда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этамиз. Жойлардаги тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан қўллаб-қувватланган ва тегишли ҳудудда амалга ошириш таклиф қилинаётган истиқболли лойиҳаларни тезкор кўриб чиқиш чораларини кўриш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш учун уларга етарлича ресурслар ажратиб бериш каби ишлар кундалик фаолиятимизнинг мезони бўлади.

Халқ банки, Микрокредитбанк масъуллари кредитларни сансалорликка йўл қўймай, ўз вақтида расмийлаштириб берилишини кафолатлайди.

Ҳурматли тадбиркорлар!

 Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз. 

Шуни яхши билингки, мен туман ҳокими ва шу муқаддас замин фарзанди сифатида Сиз азиз тадбиркор ва ишбилармонлар билан доимо биргаман, ҳамфикрман. Ўзимиз аҳил бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб муаммоларни ечмасак, ҳеч ким четдан келиб бизнинг муаммомизни ҳал қилиб бермайди. Тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш мақсадида туманимизда кичик саноат зоналари, бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, турли мулкчилик шаклидаги бўш турган бинолар, иншоотлар сизларни кутмоқда. Ушбу объектлар ва бошқа манфаатли таклифлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар базаси туман ҳокимлигида тўлиқ шакллантирилган.

Она Ватанимиз, қутлуғ хонадонимиз, ушбу хонадон ободлиги, тинчлиги ва фаровонлиги, барқарор иқтисодий тараққиёти учун ҳар биримиз масъулмиз.

Азиз тадбиркорлар ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган туманимиз фуқаролари!
Шуни таъкидлашни истардимки, Азиз Ватанимизнинг тараққиётнинг ойдин йўлида дадил одимлаётган бугунги кунда ишлайман деган инсонлар – тадбиркорларга шарт-шароит яратиб бермаслик давлатимиз сиёсатига хиёнат бўлади. Буни туман ҳокимлиги яхши билади ва барча ташкилотларга ҳам шундай талаб қўйилади.

Сиз тадбиркорлик фаолиятингизда тўсиқларга учраётган бўлсангиз ёки қийналаётган муаммоингиз бўлса, бу борада ҳар доим Сизлар билан мен елкадошман, Сизларга кўмаклашишга ва ёрдамга ҳамиша тайёрман.

Унутмангки, юрт тинчлиги, нурли келажагимиз, фарзандларимиз камоли ва оилаларимиз мустаҳкамлиги Сизлар билан!

Қадрли тумандошлар!

Сиз ишбилармон ва тадбиркор фуқароларимизнинг ҳар бир билдирган таклифларингиз, лойиҳаларингиз эътиборга олинади. Мен шу азиз юртимнинг фуқароси, шу туманнинг фарзанди сифатида Ватанимизнинг тараққий этган давлатларнинг олдинги сафида бўлишига, халқимизнинг фаровон турмуши, фарзандларимизнинг ёрқин истиқболи йўлида Сизлар билан қўлни-қўлга бериб, елкама-елка туриб ишлашга, Сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайёрман. Қарс икки қўлдан чиқади. Биз биргаликда, бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда иш юритсак кўзлаган марра ва режаларимизга албатта эришамиз!

Ҳурмат билан,

Акбар Сулаймонов,

Тошкент тумани ҳокими.

Мурожаат учун телефонларимиз:

1-сектор раҳбари – Туман ҳокими Акбар Сулаймонов (98) 115-19-16.

2-сектор раҳбари – Туман прокурори Эркин Санақулов (99) 409-01-92.

3-сектор раҳбари – Туман ИИБ бошлиғи Иброҳим Ҳасанов (99) 488-18-12.

4-сектор раҳбари – Туман ДСИ бошлиғи Улуғбек Хотамов (98) 360-02-80.


Report Page