Тошкент шаҳридаги “ММФИ” МТЯУ”га ХАЭА мутахассисларининг ташрифи

Тошкент шаҳридаги “ММФИ” МТЯУ”га ХАЭА мутахассисларининг ташрифи


Жорий йилнинг 4 октябрида Тошкент шаҳридаги “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиалига Халқаро атом энергияси агентлигининг (ХАЭА) миллий лойиҳалар бўйича менеджери Кристоф Хейнрих ва тиббиёт физиги Дениэл Бергернинг ташрифи амалга оширилди.

Ташриф доирасида ХАЭА ва ММФИ филиали ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан жорий йилнинг ноябрь ойида ММФИ филиали негизида ХАЭАнинг ҳудудий Ядро энергетикасини бошқариш мактаби ўқув курсларини ташкил қилиш, 2022-2024 йиллар учун ХАЭАнинг техник кўмак дастурларини шакллантиришда филиал учун атом электр станцияларининг асосий технологик қурилмаларини бошқариш бўйича виртуал аналитик тренажерларни харид қилиш лойиҳасини илгари суриш, филиал профессор-ўқитувчилари ва талабаларини ХАЭА томонидан ташкил этиладиган ўқув курслари, семинарлари, техник учрашувлари, малака ошириш ва стажировка курсларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

ХАЭА мутахассислари томонидан ММФИ филиалида кейинчалик магистратура дастури асосида талабаларни ўқитишни йўлга қўйиш, ҳозирда дунёда эҳтиёж ўсиб бораётган тиббиёт физикларини тайёрлаш, минтақавий даражадаги илмий-таълимий тадбирлар ўтказиш учун барча имкониятлар яратилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Учрашувдан сўнг ХАЭА мутахассислари филиалнинг лаборатория жиҳозлари, кутубхонаси ва ижтимоий блоки билан таништирилдилар ва улар томонидан талабалар учун бу ерда яратилган шарт-шароитлар юзасидан катта мамнуният билдирилди.

Тошкент шаҳридаги ММФИ МТЯУ филиали ва “Ўзатом” агентлигининг матбуот хизматлари

Report Page