Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши тадбирлар ўтказилди

Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши тадбирлар ўтказилди


https://t.me/xavfsizlik_uz

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, республикамиз пойтахти томон ҳаракатланган, Фарғона вилоятида яшовчи, 1978 й.т. шахс бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина Тошкент вилоятининг “Чинор” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашинада 1196 дона “Тропикамид”, 5544 дона “Регапен” ва 56 дона “Лирика” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур дори воситаларини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. фуқаро қўлга олинди.

Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасидан олиб келинган ушбу дори воситаларини Тошкент шаҳрига бериб юборган, Наманган вилоятида яшовчи, 1982 й.т. шахс ҳам Андижон вилоятида ушланиб, унинг “Нексия” русумли автомашинасида бўлган 1002 дона “Тропикамид” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

 Бошқа бир тезкор тадбирда эса пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида бўлган 495 дона “Тропикамид” дори воситалари ўрнатилган тартибда олиб қўйилди. Шунингдек, ушбу дори воситаларининг эгаси - Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. шахс қўлга олинди.

 Учтепа туманида яшовчи, 1995 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашинадан эса 1680 дона “Регапен” дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

 ДХХ ходимларининг шаҳар ИИББ ва божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида эса Наманган вилоятида яшовчи, 1987 й.т. шахс бошқарувидаги “Нексия-3” русумли автомашина Шайхонтоҳур тумани ҳудудида тўхтатилди ва унда 198 дона “Тропикамид” дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, уларни сотиб олмоқчи бўлган, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи, 1965 й.т. шахснинг яшаш хонадонидан 50 дона “Тропикамид” ва 56 дона “Регапен” дори воситалари олинди.

Юнусобод туманида қайд этилган ҳолатда “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ҳамда “мефедрон” синтетик моддаси тайёрловчи нарколаборатория ташкил қилган 1991 ва 1993 йилларда туғилган икки фуқаро қўлга олинди. Таъкидлаш лозимки, улар наркотик моддаларни “Telegram” мессенжеридаги махсус гуруҳлар орқали сотиш билан шуғулланишган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Report Page