Тошкент шаҳар иссиқлик таъминотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Франциянинг “Veolia” компаниясига 30 йил муддатга бошқарувга берилади

Тошкент шаҳар иссиқлик таъминотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Франциянинг “Veolia” компаниясига 30 йил муддатга бошқарувга берилади

Расмий хабарлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 декабрдаги “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4543-сон қарорига асосан Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, аҳолини иссиқлик энергияси билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш, соҳага хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни кенг жалб қилиш, шунингдек, иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришда самарали ва илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида, 2021 йил 22 сентябрь куни  Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш тўғрисида”ги 594-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур хужжат Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли бир қатор вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, шунингдек Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирокида ишлаб чиқилди.

Айни кунда Тошкентда 447 минг истеъмолчига (434 мингта жисмоний ва 13 мингта юридик шахс) иссиқлик таъминоти етказилиб, мавжуд 2 692 км тарқатиш тармоқларининг 72 фоизи, 200 та локал қозонхонанинг 89 фоизи, 3 та марказий қозонхонанинг барчаси эскирган.

Шулардан келиб чиқиб, қарорга биноан:

- Тошкент шаҳар иссиқлик таъминотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Франциянинг “Veolia” (Хусусий шерик) компаниясига

30 йил муддатга бошқарувга берилади.

- Дастлабки 2 йилда “Veolia”га пилот лойиҳа сифатида Бектемир

ва Сергели туманларидаги 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик тизимлари модернизация қилинади (ёпиқ тизимга ўтказилади).

Пилот лойиҳа доирасида “Veolia” (Хусусий шерик) компаниясининг 15 млн евро инвестицияси ҳисобига 13,5 мингта иссиқлик ва 153 мингта иссиқ сув ўлчагичларини ўрнатиш, 142 та автотранспорт, 451 та техника ва 1 та мобил қозонхонани харид қилиш, 1 142 та иссиқлик станциясини ўрнатиш ва реконструкция қилиш, 22,3 гкал/с қувватли локал қозонларни модернизация қилиш, 53,4 км иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа амал қилиш даврида Хусусий шерик томонидан жами 181 та иншоот ва қозонхонани модернизация қилиш, 575,6 км иссиқлик тармоқларини қуриш, 841,1 км тармоқларни реконструкция қилиш, 51,5 минг дона иссиқлик ва 2 464,6 минг дона иссиқ сув ўлчагичларни ўрнатиш, шунингдек, 391 та махсус техника (автомашиналар) харид қилинади.

Мазкур ишларни молиялаштиришга Хусусий шерик томонидан

362 млн евро (шундан, 20 млн евро тўғридан-тўғри инвестиция, 342 млн евро лойиҳадан олинадиган фойдаси ҳисобидан) ва 982 млн евро истеъмолчилардан олинадиган тўлов маблағлари ҳисобидан жалб қилинади.

Тарифларнинг кескин ошиб кетишини олдини олиш мақсадида аҳолига пасайтирилган тарифларни қўллаш ва кўриладиган зарарларни қоплаш учун Тошкент шаҳар бюджетидан 2021-2027 йилларда 8,4 трлн сўм субсидия ажратилади.

Лойиҳадан оладиган соф фойданинг тан нархига нисбатан

10 фоизини Хусусий шерикка, ундан ошган қисмини эса Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил қилинадиган Жамғармага йўналтирилади. Жамғармага шунингдек давлат субсидиялари ва истеъмолчилардан олинадиган тўловларнинг капитал таъмирлаш учун ажратиладиган қисми ҳам йўналтирилади.

- Пилот лойиҳасининг ижроси (KPI) юзасидан Осиё тараққиёт банкининг тавсиясига ҳамда техник аудиторнинг ҳисоботига кўра битим

2 йилдан кейин қайта кўриб чиқилади.

Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йилда лойиҳани амалга ошириш

ва мониторинг қилиш бўйича маслаҳатчи сифатида кўмаклашади ва хизматлар Осиё тараққиёт банкининг грант маблағлари ҳисобига бажарилади.

“Тошиссиққуввати” ДУКга тегишли бўлган барча мол-мулкни Хусусий шерикка эгалик қилиш ва вақтинчалик фойдаланишга бепул берилади.

- Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур битимни 18 йилдан кейин ихтиёрий равишда бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқи берилади.

- “Тошиссиққуввати” ДУКнинг 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалари, шунингдек, табиий газ, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув ресурсларини етказиб берувчилар олдидаги муддати ўтган кредитор қарздорликлари 5 йилга кечиктирилади.

“Тошиссиққуввати” ДУКнинг 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра кредитор қарздорлиги 2 трлн сўмдан ошади.

5 йиллик кечиктириш муддати тугагандан сўнг “Veolia” компаниясига кредитор қарздорликларни келгуси 10 йилда бўлиб-бўлиб тўлаш мажбурияти юкланади.

- Лойиҳа ижросини мониторинг қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигида мавжуд штатлар доирасида 4 та ходимдан иборат давлат-хусусий шериклик бўлими ташкил қилинади.

 “Veolia” компанияси томонидан Лойиҳа амалга оширилиши натижасида иссиқлик таъминоти самарадорлиги 50 фоизга ошади

ҳамда иссиқлик йўқотилиши 44 фоиздан 20 фоизга пасайтирилади, йиллик табиий газ сарфи 45 фоизга, электр энергияси сарфи

25 фоизга, ичимлик сув сарфи 40 фоизга тежалади.

Шунингдек, лойиҳа даври мобайнида жами 9,2 млрд м3 табиий газ,

3,1 млрд кВт электр энергияси ва 1,1 млрд м3 ичимлик суви

тежалиб, жами 13,6 трлн сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилади.

 


Report Page