Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда ҳуқуқий фанлардан бўйича тест топшириш амалиёти жорий этилади

Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда ҳуқуқий фанлардан бўйича тест топшириш амалиёти жорий этилади

@adliyangiliklari

Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда абитуриентлар 2 та бўлимдан иборат 5 та фан мажмуасидан тест синовлари топширади. Бунда, 1-бўлимда барча йўналишлар учун мажбурий 3 та фан – Она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), Математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимда “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича 2 та фан – Тарих ва Чет тили фанлари жамланган.

Мазкур ҳолат, яъни “юриспруденция” таълим йўналишига мос фанлар бўлимида номутахассислик (тарих) фанининг белгиланиши умумий ўрта таълим ва олий юридик таълим ўртасида узвийликнинг таъминланмаслигига, мактабда ҳуқуқшунослик фанига бўлган қизиқишнининг пасайишга ҳамда оқибатда олий таълимга келган талабада ҳуқуқий фанлар бўйича зарур билим шаклланмаётганлигига олиб келмоқда.

Бу борада, хорижий университетлари тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, тегишли йўналишга ўқишга киришда соҳага оид дастлабки билимларни баҳолашга қаратилган имтиҳонлар ўтказилади. Масалан, Глазго университети, Лондондаги Кингс колледжи, Ноттингем ва Оксфорд университетларига ўқишга кириш учун Ҳуқуқшунослик учун миллий кириш тести (National Admission Test for Law, LNAT) топшириш талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5987-сон Фармонида ҳам бу борада тегишли вазифа белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, тест синовларининг 2-блоки, яъни “юриспруденция” бакалавриат таълим йўналишига мос фанлар бўйича Тарих фани ўрнига ҳуқуқий фанларни киритиш масаласи университет Кенгашида кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Маълумот учун бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларида 4 йил давомида юқори синфларда Давлат ва ҳуқуқ асослари ҳамда Конституциявий ҳуқуқ асослари фанлари ўқитиб келинмоқда. Ушбу мактаб дарсликлари асосида тест саволлари тузилади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур таклифнинг жорий этилиши бир қатор ижобий натижаларга хизмат қилади, хусусан:

мактаб ёшиданоқ болаларни ҳуқуқий фанларни чуқур ўзлаштиришга, Конституция ва қонунларни пухта ўрганишга;

умумий ўрта таълим мактабларида сифатли, халқаро стандартларга мос юридик дарсликларнинг яратилишига;

ҳуқуқшунослик фанларидан таълим берувчи ўқитувчиларга нисбатан қўйиладиган талаблар ошиши натижасида уларнинг малакасини доимий ошириб бориши учун мустаҳкам замин яратилади;

Тошкент давлат юридик университетига дастлабки ҳуқуқий билимларга эга ёш авлод вакиллари кириб келишига эришилади.

Ҳурматли Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар, Сизларда 2 йил давомида умумий ўрта таълим даражасида ҳуқуқий фанлар бўйича ўз билимларингизни мустаҳкамлаш учун имкониятингиз мавжуд, ўйлаймизки ушбу вақтдан унумли фойдаланасиз.

Мамлакатимизда энг нуфузли бўлган олий таълим муассасаларидан бирини талабаси бўлиш имконияти қўлдан бой берманг.


Report Page