“Тошкент вилояти сув таъминоти” МЧЖ ўзи истаган вақтда бутун вилоятни сувдан узиб қўяверадими?

“Тошкент вилояти сув таъминоти” МЧЖ ўзи истаган вақтда бутун вилоятни сувдан узиб қўяверадими?

Ёшлар кундалиги

Сўнгги вақтларда Тошкент вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда бир қатор муаммолар кузатилмоқда.

Масалан, жорий йилнинг 16-18 апрель кунлари Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрининг 22 та маҳалласида (аҳоли — 57,5 ​​минг киши) ва 400 та ташкилотларида (шундан 18 та мактабгача таълим муассасаси, 14 та мактаб, 1 та туғруқ мажмуаси, 4 та оилавий поликлиника, 1 та Олий таълим муассасаси) ичимлик суви ўчирилгани қайд этилган.

Таъкидлаш лозимки, Олмалиқ кон-металлургия корхонаси акциядорлик жамиятининг фойдаланилган ичимлик суви учун қарздорлиги мавжудлиги туфайли “Тошкент вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти сув сотиш бўлими мутахассиси Шавкат Нишонов бир гуруҳ инспекторлар билан биргаликда комбинатга қарашли санаторий-профилакторийга ичимлик суви беришни ўзбошимчаларча ва ўзбилармонларча ўчириб қўйган.

Бошқа бир ҳолатда эса, Тошкент вилояти “Сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Равшан Маякубов томонидан илгари сурилган қарздорлик масаласини ҳал қилиш иддаоси билан Нурафшон шаҳар Мактабчага ва мактаб таълими бўлимининг 7-давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 1, 4-мактаблар ичимлик сувидан узиб қўйилган.

Маякубов Равшан Тулкунович, Тошкент вилояти
“Сув таъминоти” МЧЖ директори

Энди тасаввур қилинг, санаторий-профилакторийда оғир жисмоний меҳнат туфайли соғлиғигини тиклаш мақсадида даволанаётан ишчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийлар бир неча кун давомида ичимлик сувидан мосуво бўлиб қолса, қандай ҳолатга тушади? Даволаш маскани турли юқумли касалликлар ўчоғига айланиб қолмайдими?

Ёки болажонлар таълим-тарбия олаётган давлат муассасаларида юзага келган, узоқ муддат давом этувчи сувсизлик муаммоси натижасида ичбуруғ, вирусли гепатит каби ўткир юқумли касалликлар тарқалмаслигига ким кафолат беради?

Тўғри, қайд этилган ташкилотлар Тошкент вилояти “Сув таъминоти” МЧЖдан қарздорлигини бартараф этиши лозимлиги кундай равшан масала, бироқ, ОКМКдай бақувват бюджетга эга бўлган ташкилот ҳамда халқ таълими вазирлигига қарашли давлат ташкилотлари бугун бўлмаса эртага фойдаланилган сув учун қарзини тўлаб бериши турган гапку. Наҳотки вилоят “Сув таъминоти” МЧЖ раҳбарияти давлат ташкилотлари билан юзага келган молиявий муаммоларини фуқаролар, айниқса болажонлар соғлиғидан устун қўйса.

Бу ўринда сўнгги вақтларда вилоят ҳудудида ичимлик суви исроф бўлаётгани ҳолатлари тез-тез кўзга ташланиб, жамоатчилик фаолларининг ҳақли норозиликларига сабаб бўлаётганига эътибор қаратмоқчи эдик.

Масалан, жорий йилнинг 2 май куни @rahmonali_uz телеграм-каналида Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги рўпарасида ичимлик сувининг оқиб ётгани ҳақида пост эълон қилинди.

Шу куни @yangiyolliklar телеграм-каналида Янгийўл тумани Маданият маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 14-мактаб кўчасида сув қувури ёрилиб кетгани, аҳоли мурожаатлари мутасаддилар томонидан эътиборсиз қолдирилаётгани келтирилган.

8 май куни sizdantelegram телеграм-каналида Зангиота тумани Туркистон маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш муамоси ёритилган.

14 май куни @Kusherbayevga_murojaat телеграм-каналида Нурафшон шаҳар Сада маҳалласида ичимлик сувининг исроф бўлиб ётгани ҳақида фуқаролар мурожаати акс эттирилган.

Report Page