Томарқа - фаровонлик ва даромад манбаи

Томарқа - фаровонлик ва даромад манбаи

VOBKENT.UZ

Сиз Вобкент тумани "Диёр" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Қамчинбоф қишлоғидаги аҳоли хонадонларга борганмисиз, ҳурматли юртдошим? 

Бормаган бўлсангиз, албатта қишлоқда меҳнатни яратиш ва яшнатишдан иборат деб билган маҳнаткаш ва ғайратли инсонларнинг йил бўйи экинлар билан банд бўлган томарқаларига бир марта назар солинг. Улар шунчаки тер тўкаётганлари йўқ. Улар хонадонларни сабзавот маҳсулотларига сероб қилиш учун ростманасига ишламоқдалар.

Биз тилга олган қишлоқда ердан унумли фойдаланаётган хонадон- деҳқончиликни пухта эгаллаган Исмоилов Нодир бошлиқ оила аъзоларидир.  Айни пайтда оиланинг ичкари ҳовлисида 3 сотих иссиқхонаси ва ташқарида 0,5 сотих иссиқхонаси бўлиб, ҳар йили улардан 3 мартагача помидор,бодиринг, ошқовоқ, турли кўкатлар, қизил лавлаги, етиштириб олинмоқда. 

. Ҳозирда помидор экилган иссиқхонада помидор ғарқ пишган, очиқ майдондаги салафан остидаги 3 сотих ерга экилган қовоқдан баракали ҳосил олинмоқда. Биз уй бекаси, деҳқончиликда катта тажриба ортирган Каримова Гулбаҳор опани суҳбатга тортдик. 

- Ернинг тилини билиб, астойдил тер тўккан киши асло кам бўлмасмкан. Биз эрта баҳордан ишга киришган эдик. 2 сотихли иссиқхонада биринчи марта бодиринг етиштириб, бозорга сотдик. Помидордан яхши ҳосил кўтардик. Яна ўзимиз етиштирган помидор кўчатларини бозорга чиқариб, аҳолига сотганимизни айтмасак бўлмас. Очиқ майдонга 4 сотих томарқамизга помидор кўчатларини қургандик. Келаси ойда бу ниҳоллар ҳосил бера бошлайди. 

Бизнинг орзу мақсадими мўл-кўл қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб, эл дастурхонини сероб қилишдан иборат, - дейди серғайрат опахон.

Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик. Дарҳақиқат, шундай уй соҳиби Исмоилов Нодир ва уй соҳибаси Гулбахор Каримоваларга ўғиллари Исмоилов Амирбек ва набиралари доимий кўмакдош.

Бу аҳил оила аъзолари томарқа ери ва иссиқхонадан йилига 3 мартагача баракали ҳосил олишмоқда. Хонадонда сут, берадиган сигир, бузоқ ва новвос боқилаётир. Улардан олинаётган маҳсулот ҳам оила фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хонадонда гилос, ўрик дарахтлари ҳам парваришланмоқда. Ҳозирда гилос ва ўрикдан мева шарбатлари тайёрланмоқда. 

- Йиғинимизда Исмоилов Нодир ака сингари тадбиркор ва тиниб-тинчимас оила етакчилари жуда кўп. Фаровонликни оширишда тугал мактаб яратган улар каби инсонлардан ҳар биримиз ибрат олсак арзийди, - дейди маҳалла раиси Анвар Шарипов. 

Томарқа- фаровонлик ва даромад манбаи. Ундан оқилона фойдаланаётган қишлоқ тадбиркорлари асло кам бўлишаётгани йўқ. Меҳнатдан келаётган даромад байрам тадбирлари, енгил машина сотиб олиш ва хурсандчилик кечаларига сарфланмоқда.


Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page