ТОЛИБОН ВА СЎНГГИ ВОҚЕАЛАР ҲАҚИДА

ТОЛИБОН ВА СЎНГГИ ВОҚЕАЛАР ҲАҚИДА

Дониёр Рўзметов

Толибон Афғонистон ҳудудларини, хусусан биз билан чегарадош туманларни бирма-бир ишғол қилаётганлиги бугун асосий мавзулардан бирига айланди. Шу билан бирга, кўплаб давлатлар, жумладан Марказий Осиё давлатларида террорист ташкилот деб эълон қилинган толибоннинг чегараларимизга яқинлашиши ва уларнинг Афғонистондаги миллатдошларимиз истиқомат қиладиган ҳудудларни эгаллаши хавотирларни оширди. 

Интернетдан


ТОЛИБОН КИМ? 

Собиқ совет иттифоқига қарши АҚШ томонидан молиялаштирилган ва қуроллантирилган мужоҳидлар СССР йўқолгач, Афғонистондаги сиёсий беқарорлик, фуқаролар уруши ва ҳоказолардан кейин 1994 йилда "Толибон" ҳаракатига бирлашадилар.

 Покистон махсус хизматлари томонидан молиявий ва логистик қўлланган ҳаракат 1996 йилда Афғонистоннинг катта қисмини қўлга киритади. 

Баъзан "Толибон" ҳаракатини бир миллат, масалан пуштунлар ёки дорилар деб ўйлаш ёки маълум бир сиёсий қарашлари умумий бўлган инсонлар деб ишониш ҳолатлари кўп учрайди. 

Маълумот учун, "Толибон" ҳаракати турли миллатлар вакиллари (жумладан ўзбеклар), турли сиёсий қарашли, турли иқтисодий ва ҳудудий манфаатларга эга ва ҳатто турли эътиқодий қарашларга эга майда гуруҳларнинг йиғиндиси ҳисобланади. Асосан дунёнинг турли давлатларидаги радикал исломий ва бузғунчи қарашларга эга инсонлар ўз юртларидан қочиб Афғонистон ҳудудига бориб ўша ердаги гуруҳлардан бирига бориб қўшиладилар. Шу сабабли, уларни ким қанча пул тўлаши, қандай топшириқлар бериши ва ҳоказоларга қараб "ёлланма террористлар" деб аташ мумкин. Назарий жиҳатдан улар "замонавий дунё"нинг душманлари бўлишларига қарамасдан уларнинг асосий "мижозлари" ва "буюртмачилари" орасида дунёнинг қудратли махсус хизматлари ҳам бордир. 


2000 ЙИЛЛАР

1990 йиллар охири, хусусан 1998-1999 йилларда Ўзбекистон исломий фанатизм, радикал ислом ва ҳатто террористик хуружларнинг қурбонига айланади. Аниқроғи, 1990 йилларнинг илк ярмида Ўзбекистондан ҳайдалиб, Толибон сафларига қўшилган радикаллар ва уларнинг Ўзбекистондаги тарафдорлари юртимиздаги амалдаги ҳукуматни ағдариш учун амалий ҳаракатлар қила бошладилар. Катта ёшдаги авлод вакиллари эсласа керак, республиканинг деярли барча ҳудудларида, қишлоқ ва шаҳарларда фанатиклар чиқиб қабристонларни бузган, имомларни ҳақоратлаган, орган ходимларини ўлдирган ва ҳатто ўз ота-оналари, ака-укаларини динга чуқур киришга мажбурлаган ҳолатлар кенг тарқалганди. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим анъаналар ўша давр воқеаларининг бошланишини эслатиши бор гап.

Ўша пайтда, Ислом Каримов терроризм, фанатизм ва бошқалар ҳақида гапиргани ва ёзганида ривожланган давлатлар бунга эътибор қаратмаган эдилар. 2001 йил 11 сентябрь воқеалари АҚШ ва унинг таъсиридаги давлатларни Толибон ва халқаро терроризм мавзусига эътибор қаратишга мажбур қилди. 

Ислом Каримов АҚШ ва халқаро коалиция ҳарбий базасини Ўзбекистон ҳудудига қабул қилиб, катта сиёсий таваккал қилди. Бир томондан аллақачон ўз ҳокимиятига қарши курашиб келаётган Толибоннинг очиқчасига душманига айланади. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг пуллари ва армиясини ишлатмасдан Ғарбнинг қўли билан Толибонни ўз чегараларидан узоқлаштиришга муваффақ бўлади. Тан олиб айтиш керакки, Ўзбекистонда диний фанатикларга қарши курашнинг авжига чиқиши ўшандан бошланган. 


ХАЛҚАРО КОАЛИЦИЯНИНГ МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИГИ

2001 йилда қисқа муддатлар ичида халқаро коалиция толибонни ҳарбий томондан тор-мор этиши ва Афғонистондан ҳайдаб чиқариши гўё барчаси тугагандай ва коалиция ғалаба қозонгандай тасаввур берган эди. Аммо Афғонистон ва толибон муаммоси фақат ҳарбий муаммо деб ишониш катта хато бўлган эди. Бу муаммо улкан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, институционал, инсоний, экологик ва ҳоказо муаммо бўлиб, уни ечиш осон иш эмас эди. 

Биринчидан, толиблар ҳокимиятга келганларида Афғонистон фуқаролар уруши сабабли эгасиз, сиёсий тузумсиз, тартибсиз, тарқоқ ва беқарор гуруҳлардан иборат "чакалакзор қонуни" амал қиладиган бир жамият эди. Толиблар қандайдир маънода у ерда тартиб ўрнатиб, қолоқ шаклда бўлса ҳам миллий бир тузум ўрнатган эдилар. Толибларнинг мағлубияти 5 йил давомида ўрнатилган тузумни яксон этиб, Афғонистонни қайтадан тарқоқ, тартибсиз ва қашшоқ ҳолатга келтиради. 

Иккинчидан, афғон жамияти қоилари, менталитети ва манфаатларини билмаган, тушунмаган халқаро коалиция у ерда бесамар ишлар ва ташаббуслар билан машғул бўлиб, жамиятни ўзларига қарши қилиб қўяди. 

Учинчидан, коалиция вакиллари бир неча давлатлар вакилларидан иборат бўлиб, Афғонистон ҳудуди улар ўртасида бўлиб олиниб, ҳар бир давлат ўзи хоҳлаганича "тараққиёт" ўрнатишга ҳаракат қилади. Ҳеч қандай мувофиқликларсиз, "ҳар мулла ўз билганини" ўқиганларидан ташқари коалиция вакиллари бир-бирларини қўллаб-қувватламайдилар. Аксинча, немислар французларни, французлар америкаликларни, америкаликлар ҳеч кимни тингламасликка ҳаракат қилади. Натижада, миллий бирлик ўрнатилишнинг ўрнига Афғонистон тарқоқ ва қолоқ яшашда давом этади. Бир томондан коалиция давлатлари миллиардлаб пулларини қумга сув қуйгандай бесамар сарфлаган бўлсалар, бошқа томондан афғонлар ривожланишнинг ўрнига Ғарб берган пуллар ҳисобига кун кўриб яшашда давом этаверадилар ва давлат манфаатлари эмас, шахсий чўнтаклари ҳақида ўйлайдилар. 

Ва ниҳоят, Покистон ҳудудларига қочиб ўтган ва Покистоннинг ҳимоясида бўлган толиблар буткул йўқолмаган, аксинча улар ўз даврлари қайта келишини кутиб, янги ва янги жангариларни ёллаб коалицияга қарши жангларни давом эттирадилар. Толибоннинг хусусияти шундаки, улар маълум сондаги жангарилар ва уларнинг барчасини ўлдириб тугатилса, улардан қутулиб бўлмайди. Чунки толибон бутун дунёдан, хусусан мусулмон давлатлардан жангарилар мунтазам келиб қўшилаверадиган бошини кесса янги бош ўсиб чиқаверадиган аждарҳога ўхшайди.

Оқибатда, тез ғалаба умидида Афғонистонга кирган халқаро коалиция йиллар ўтиб ҳам у ердан чиқиб кета олмайди. Энг ёмони, мақсадига ҳам эриша олмайди. 


СЎНГГИ ЙИЛЛАР

Ўз даврида "Афғон уруши" собиқ совет иттифоқи иқтисодиётини қандай вайрон этган ва советлар у ердан зўрға чиқиб кетган бўлсалар, халқаро коалиция, хусусан АҚШ шундай ҳолатга тушади. Бир томондан, урушдан чиқиб кетишни хоҳлашади, бошқа томондан советларга ўхшаб шарманда бўлиб чиқиб кетишни ҳам хоҳлашмайди.

Шу сабабдан, сўнгги йилларда АҚШнинг турли президентлари худди "афғон уруши" тугагандай нутқлар қилиб, у ердан чиқиб кетишларини билдириб келадилар. 

Аммо бу геосиёсий томондан уларнинг манфаатларига тўғри келмайди, чунки Афғонистонда бўлиш уларга Россия ҳамда унинг таъсири остидаги ҳудудлар остонасида бўлишларини таъминлайди. Шундай бўлса-да, улар ўз фуқароларининг босимлари сабабли шундай қилишга ёки шундай қилаётгандай кўринишга мажбурдирлар.

Афғонистонда АҚШдан ташқари яна бир "актёр" ўз ролини ўйнай бошлади. Сўнгги йилларда толибон билан алоқаларни йўлга қўйган рус махсус хизматлари "толибон хавфи"ни Марказий Осиё давлатларини қўрқитиш ва ўз таъсирларида сақлаш учун ишлатишга ҳаракат қилиб келадилар. Ҳатто айрим маълумотларга кўра, дунё тескари айланиб, бир пайтлар АҚШ томонидан советларга қарши қўлланган "прото" толибонни ҳозир руслар америкаликларга қарши қуроллантириб, қўллаб келаётганликлари айтилади.

Ҳозирга келиб, халқаро коалиция Афғонистондан чиқиб кетиши айтилаётган бир пайтда толибоннинг кучайиб кетиши турли таҳминларни юзага чиқаради.

Бир томондан, Афғонистондан чиқиб кетмаслик учун АҚШ уларни қўллаётган бўлиши мумкин дейилади. Яна бир томондан, Марказий Осиё давлатларини ўз таъсирига олиш ва Ғарбни чиқариб юбориш учун толибонларни Россия қдллаётган бўлиши мумкин деб ҳам ишонилади. Энг ажойиби, таҳминларнинг барчаси бир вақтда юз бераётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки юқорида айтганимдай, "Толибон" ҳаракати яхлит бир тузилма эмас балки у турли қарашлар ва манфаатларга эга бўлган майда гуруҳлардан ташкил топган ва уларнинг айримлари Россия билан, яна бирлари АҚШ билан ва бошқалари яна кимлардир билан ҳамкорлик қилаётган ва уларнинг буюртмаларини бажараётган бўлиши мумкин. 


ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ? 

Каримов даврида Афғонистоннинг шимолий вилоятлари, хусусан ўзбеклар, туркий тилли аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлар толиблар ва Ўзбекистон чегаралари ўртасида "тамға зона" вазифасини бажариб келган. 

Ҳозирда толибларнинг чегараларимизга яқинлашишлари 1996 йил воқеаларини эсга солмоқда. Мирзиёев ҳокимияти тинчлик умидида толибон билан ҳам мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилиб келаётгани ва тинчлик музокараларининг ташаббускори бўлиб келаётгани сир эмас. Дарвоқе, Тошкентнинг бундай фаоллиги толибоннинг "ягона ҳамкори" бўлишни кўзлаган Россияга ёқмаганлиги ҳақида ОАВлар ёзган эди. 

Бу ҳаракатлар натижасида толибон "Биз қўшниларга тегмаймиз, биз фақат Афғонистонда ўз давлатимизни қурамиз" деган маънода баёнотлар берган эдилар. Бу билан улар хавотир олаётган қўшнилар, хусусан бизни тинчлантириш ва мақсадларига эришишларига халақит бермаслигимизга эришиш умидида бўлганликларини билиш қийин эмас. 

Толибон берган ваъдаларида турадими ва уларга ишониш керакми? 

Менимча бу риторик савол.

Айнан ҳозирги пайтда уларнинг бош мақсади фақат Афғонистонни эгаллаш, давлат ўрнатиш ва қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлиши мумкин. Бунинг устига, уларда қўшнилар билан жанг қилиш ва душманликка боришга имконият ва манфаатлар йўқ бўлиши мумкин. 

Аммо, биринчидан яна бир бор айтаман, "Толибон" яхлит тузилма эмас ва унинг ичидаги гуруҳлар орасида Ўзбекистондан қочиб кетган жангарилар бор ва уларнинг мақсад ва орзулари Афғонистонни эгаллаш эмас, балки Марказий Осиёда халифалик ўрнатиш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, "Толибон" хоҳласа ҳам уларнинг ҳаракатларига жавоб бера олмаслиги мумкин. 

Иккинчидан, бу сиёсат. Сиёсатда ваъдага вафо эмас манфаатлар бирламчи ҳисобланади. Ҳозир имкони ва хоҳиши бўлмаган "Толибон" бир кун келиб Марказий Осиёга кўз тикадиган, бундан манфаатдор бўладиган ва имконият туғиладиган бўлса, улар бундан фойдаланмай қолмасликларини билиш учун катта сиёсатшунос бўлиш шарт эмас. Бу ваъдаларга ишониш, бу қўйларнинг "биз ёнингизда яшаймиз, тинч ухлайверинглар" деётган бўриларнинг ваъдаларига ишонишларига ўхшайди.

Шу сабабдан, Ўзбекистон ва қўшниларимиз толибон хавфини жиддий қабул қилишлари, уларга ишонмасликлари ва шундан келиб чиқиб ҳарбий, сиёсий ва дипломатик томондан шай бўлиб туришлари керак бўлади. 

"Уч замон" каналига ҳали обуна бўлмаганлар учун ҳавола: 👉 https://t.me/uchzamon

Report Page