Тоғай Мурод. Эр-хотин (ҳикоя)

Тоғай Мурод. Эр-хотин (ҳикоя)

Xushnudbek Xudayberdiyev
Лотин ёзувидаги матн пастда берилган
! Ҳикояда +18 қисмлар бор

Йўқ, улар Анҳор бўйида учрашмади. Учрашувда ўзиники қилиб айтиш учун китоблардан шеърлар кўчириб олмади. О, мен сени севаман, сенсиз яшай олмайман қабилидаги мавсумий сўзларни сўзлашмади. Лаблар топишганда қизнинг узун товони ердан сал кўтарилмади. Йўқ, йигит қизни безорилардан қутқариб қолмади…

Яхши шоир Ўролбой кўрпага бурканиб, ишқий шеър битди. Мисраларини фарзандидай ардоқлаб, вояга етказди. Беихтиёр ўзининг биринчи муҳаббатини — синфдоши Холбувини эслади… Қоронғини қучоқлаб, Холбувини бағрига босгандай бўлди. Кўнглига оқшомдай маъюслик чўкди. Тўшакдан имиллаб туриб, тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Биринчи китобини варақлади. Шеърлари кўзига жуда бачкана кўринди. Юзларини бужмайтириб, китобни каравот остига отиб юборди…

Йўқ, шоир аввало ўзининг шоҳ асарини яратиши лозим экан. Ўролбой мана, ўттизга тўлибдики, шоҳ асари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабди. Буюк асари қолиб, иккинчи даражали асарлари билан овора бўлибди…

У зўр пушаймон билан ўзига қайлиқ излади. Топди: оддий тикувчи Барчиной. У Барчиной билан сохта бўлса-да, жилмайиб гаплашиб, шаҳар истироҳат боғига борди. Ярим килодан музқаймоқ ейишди. Ўролбой бўлажак қайлиғининг кўзларига тикилиб… кўнглига доир ҳеч нимани ҳис этмади. «Ҳаётда жуфт бўлиб яшаш керак экан, иложимиз қанча», деди ичида. Сўнгра, ўз гапини ўзи маъқуллаб, бош ирғади. Барчиной эса ҳатто унинг шоирлигига ишонмади: «Поезия дегани нафосат, жозиба-ку, шоирнинг ўтиришини қаранг…»

Қиз, у мени писанд қилмаяпти, деган хулосага ҳам келди. Шундай бўлса-да, тўйга розилик берди. Чунки унинг ҳам ёшлиги ўтаётган эди…

Тўй ресторанда бўлди.

Ниҳоят, шоҳ асар яратилди! Чақалоқни деразадан кўрсатдилар. Ўролбой илжайиб, ўғлига термулди: «Ана буюк асар, ана! «Анна Каренина»! Йўқ, «Хамса»!

У буюк асарига сўнгги нуқтани қўйган адибдай яйраб, керишди.

Ўролбой яхши кунларнинг бирида кечаси узоқ ўтириб шеър ёзиб, кеч ётди. Эртасига тушда уйғонди. Балконга чиқди. Ҳаво жуда соф, сайрбоп… У ўйлаб, Василий Шукшиннинг «Қизил бодрезак» фильмини ҳали кўрмаганини эслади.

—   Кийин, кинога борамиз, — деди Барчинойга.

Барчиной янги мода бўлган камзул-шимини кийиб чиқди.

Ўролбой қовоғини уюб, уф-ф, дея тиззасига урди:

—   Барчиной, мен аёлимни атлас кўйлакда кўришни хоҳлайман!

—   Шоирга қолса-ку, кўп нарсаларни хоҳлайди.

—   Аёл аёлдай бўп юрса-да.

—   Юринг, кечикамиз.

—   Бормайсан, ўзим бораман.

—   Ажаб бўпти, обормасайиз оборманг.

—   Нимага гапни айлантирасан? Мен сенга гапиряпман!

—   Вой, жа-а қизиқсиз-а, бир манда борми шунақа кийим? Ҳамма маданиятли хотинлар кийишади-ю…

—   Анови атласлар маданиятга ёт матоми? Қайси мамлакатда шунақа мато бор? Сенлар ношукур: пешонангдаги маданиятни кўрмайсанлар…

—   Сиз доим шунақасиз. Топган гапингиз — ўзбек атласига бутун жаҳон харидор, Самарқанддаги тарихий бинолар жаҳонда йўқ. Унақа-бунақа…

—   Бас қил!

—   Ҳо-о, бас қилмасам қўлийиздан нима келади…

—   Келмайдими, келмайдими?

Ўролбой шиддат билан ирғиб туриб, анграйган Барчинойнинг юзига тарсакилаб юборди.

Барчиной диванга учиб тушди. Юзларини қўллари билан яшириб йиғлади.

Ўролбой унга бирпас анграйиб қараб турди-да, торгина ишхонасига кирди. Стулга ўтирди. Сочларига бармоқларини ботириб, кўзларини юмди.

У аёл зотига биринчи марта қўл кўтарди…

Барчиной ўпкасини босолмай йиғлаб ётди. Ухлаётган ўғли йиғлади. Тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди. Юзларини ювиб артди. Ойнага қараб, бир сесканди. Чап ёноғи кўкарган эди. У аламидан лабларини буриб яна йиғлади. Ўғлини бағрига олди. Ўғли овуниб, мулойим лаблари билан унинг кўкракларини сўра бошлаб эди… кўнгли ёришди. Кўкарган жойининг оғриғи қолгандай бўлди. Ўғлининг сийрак сочларини силаб, пешонасидан ўпди: «Ўғлим, ўйлаган эдим-а, кўнгилсиз турмуш бўлмайди деб. Мана, айтганим келди».

Барчиной деразадан осмонга қараб хаёл суриб ўтирди. Ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ётди. Эри бош қўядиган ёстиқни муштлаб-муштлаб қаппайтирди. «Ёлғиз ўзи ётмайди, барибир ёнимга ётиб, овутиш учун бағрига босади, эркалатади…»

У шундай хаёл қила-қила тескари ўгирилиб ухлаб қолди.

Эрталаб турса, ёнида эри йўқ. «Ҳатто ёнимга келиб ётмадиям. Мени кўргиси йўқ. Бўлди, энди бўлди. Кетамиз, ўғлим, кетамиз. Кўнгилсиз турмуш барибир турмуш бўлмайди», деди.

Ўкинч ҳам алам билан орқасига бурилиб қаради: «Ақалли хонасидан чиқиб, кўнгил учун бир оғиз кетма, демади-я. Қишлоқилигига борди-да… Ҳеч бўлмаса, ўғли билан хайрлашмади-я. Шунчалик жонига теккан эканман, шу кунгача билмабман».

Эшик қўнғироғи жиринглади.

Барчиной эшикни истар-истамас очди. Остонада Ўролбойнинг қишлоқда яшайдиган тоғаси билан икки нотаниш одам турди.

Барчиной зўрға жилмайиб, меҳмонларни ичкарига таклиф этди.

Ўролбой чиқди. Меҳмонлар ўтирди. Сўрашдилар.

—   Эртага қурултой экан, шунга келиб эдик. Бир кўриб кетайлик деб… — деди, тоғаси.

— Яхши, яхши, — деди Ўролбой сохта жилмайиб.

—   Ҳа-а, ишлар яхшими ўзи, шоир? Шеър планлари қалай бўлаяпти? Шеър планларини ошириб бажараяпсизми? Мана, биз пахта планларини юз эллик процентга бажардик. Биз ҳақимизда ҳам шеър ёзинг энди…

Ўролбойнинг тоғаси дала ишларини гапираётиб, дастурхон тузаётган Барчинойнинг юзидаги кўкариғни кўрди.

—   Э, юзга нима бўлди, келин?

Ўролбойнинг юраги шув этиб кетди. Ирис қоғозидаги кучукчага тикилиб, бир дақиқа нафас олмай қолди.

Барчиной жилмайиб, кўкариғни силади:

—   Ҳозир янги уйларга манавунақа линолиум тўшалади. Бу ўлгур ювса сирғанчиқ бўлиб қолади. Кеча юваётиб денг, сирғаниб кетиб, юзим билан тушсам бўладими…

—   Уҳ, чуқ-чуқ, эҳтиёт бўлинг-э, иш адо бўлармиди…

Ўролбой энтикканидан нафаси титраб кетди. Бошини янада эгиб, қизарди. Барчиной ҳам қизарди. Тураётиб, меҳмонларни дастурхонга уннади:

—   Олинглар, олиб туринглар. Ўролбой ака, чойдан қуйинг.

Ўролбой шундагина ўзига келди. Бўш пиёлаларга чой қуйиб, қани, олинглар, деди.

Меҳмонлар ҳалигидай арзимаган фалокатлардан келиб чиқадиган бахтсизликлар ҳақида эшитган-билганларини гапириб ўтирдилар.

Барчиной овқатни олиб келди. Дастурхонга болгар коняги билан шампан виносини қўйди.

—   Манавиларни қуйинг, Ўролбой ака.

Ўролбой қадаҳларга коняк қуйди. Тоғаси боши билан Уролбойни кўрсатиб, Барчинойдан сўради:

—   Шоир қалай, келин?

—   Яхши, жуда яхшилар.

—   Агар сал ёмонлиги бўлса айтаберинг, гапиришиб қўямиз?

—   Йўқ, нега энди, яхшилар. У кишини ойимларам мақтайдилар…

Ўролбой ён-верига аланглади. Меҳмонларнинг олишини кутиб ўтирмай, қадаҳдаги конякни бир кўтариб ичиб қўйди. Барчиной эрига тузланган бодринг узатди. Эри конякнинг зўрлигидан кўзларини юмиб, бодрингни олди.

Меҳмонлар ўзоқ ўтириб, уларни қишлоққа таклиф қилиб кетди.

Ўролбой меҳмонларни кузатиб қўйиб, ишхонасига кирди. Йиғма каравотга чалқанча ётди. Қўлларини чалиштириб, боши остига қўйди. Ўтган воқеани шоирона мушоҳадалади… Юзларида табассум ўйнади. Ирғиб туриб, деразадан ташқарига қаради. Икки кафтини бир-бирига завқ билан ишқади. Папирос чекавериб-чекавериб сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайди. Орқасига кескин бурилиб, меҳмонхонага кирди. Барчиной йўқ. Эшик тарафга юрди. Барчиной эшик олдида қовоғини уюб, лабларини чўччайтириб, аравачада ўтирган ўғлини чойшабга ўради.

Ўролбой унинг қўлини ушлади.

—   Қўй энди, одам қизиганда нималар қилмайди.

Барчиной унинг юзига қарамай, қўлини силтаб ташлади.

—   Барчиной, биласан, шоир халқининг асаби ёмон…

Барчиной индамай, яна эшикка қўл чўзди. Шунда, Ўролбой унинг қўлидан ушлаб, яна ўзига қаратди-да, белидан маҳкам қучоқлаб… ўзи кўкартирган ўша ёноқларидан ўпди. Лабларини Барчинойнинг лабларига узоқ босиб турди.

Барчиной эрининг бўйнига осилиб… йиғлаб юборди. Унинг кўзларидан оқаётган илиқ ёшлар эрининг бўйнига томди…

Оқшом бир-бирига тикилиб, юзма-юз ўтирдилар.

Ўролбой меҳмонлардан қолган конякдан бир қадаҳ ичди. Барчинойга термулди. Олис термулди… Барчиной кўзларини олиб қочди. Кўзлари учрашиб, бир сонияча тикилиб қолдилар. Ўролбойнниг қалбида аёлига шундай илиқ, маъсум туйғулар кўпириб тошдики… Бу туйғулар ўша синфдошининг кўзлари билан кўзлари учрашганда… Ҳа-ҳа, ўшанда шундай кўпириб тошган эди…

1970 йил


=================


Togʻay Murod. Er-xotin (hikoya)

Yoʻq, ular Anhor boʻyida uchrashmadi. Uchrashuvda oʻziniki qilib aytish uchun kitoblardan sheʼrlar koʻchirib olmadi. O, men seni sevaman, sensiz yashay olmayman qabilidagi mavsumiy soʻzlarni soʻzlashmadi. Lablar topishganda qizning uzun tovoni yerdan sal koʻtarilmadi. Yoʻq, yigit qizni bezorilardan qutqarib qolmadi…

Yaxshi shoir Oʻrolboy koʻrpaga burkanib, ishqiy sheʼr bitdi. Misralarini farzandiday ardoqlab, voyaga yetkazdi. Beixtiyor oʻzining birinchi muhabbatini — sinfdoshi Xolbuvini esladi… Qorongʻini quchoqlab, Xolbuvini bagʻriga bosganday boʻldi. Koʻngliga oqshomday maʼyuslik choʻkdi. Toʻshakdan imillab turib, timirskilanib borib chiroqni yoqdi. Birinchi kitobini varaqladi. Sheʼrlari koʻziga juda bachkana koʻrindi. Yuzlarini bujmaytirib, kitobni karavot ostiga otib yubordi…

Yoʻq, shoir avvalo oʻzining shoh asarini yaratishi lozim ekan. Oʻrolboy mana, oʻttizga toʻlibdiki, shoh asari haqida oʻylab ham koʻrmabdi. Buyuk asari qolib, ikkinchi darajali asarlari bilan ovora boʻlibdi…

U zoʻr pushaymon bilan oʻziga qayliq izladi. Topdi: oddiy tikuvchi Barchinoy. U Barchinoy bilan soxta boʻlsa-da, jilmayib gaplashib, shahar istirohat bogʻiga bordi. Yarim kilodan muzqaymoq yeyishdi. Oʻrolboy boʻlajak qayligʻining koʻzlariga tikilib… koʻngliga doir hech nimani his etmadi. “Hayotda juft boʻlib yashash kerak ekan, ilojimiz qancha”, dedi ichida. Soʻngra, oʻz gapini oʻzi maʼqullab, bosh irgʻadi. Barchinoy esa hatto uning shoirligiga ishonmadi: “Poyeziya degani nafosat, joziba-ku, shoirning oʻtirishini qarang…”

Qiz, u meni pisand qilmayapti, degan xulosaga ham keldi. Shunday boʻlsa-da, toʻyga rozilik berdi. Chunki uning ham yoshligi oʻtayotgan edi…

Toʻy restoranda boʻldi.

Nihoyat, shoh asar yaratildi! Chaqaloqni derazadan koʻrsatdilar. Oʻrolboy iljayib, oʻgʻliga termuldi: “Ana buyuk asar, ana! «Anna Karenina”! Yoʻq, “Xamsa”!

U buyuk asariga soʻnggi nuqtani qoʻygan adibday yayrab, kerishdi.

Oʻrolboy yaxshi kunlarning birida kechasi uzoq oʻtirib sheʼr yozib, kech yotdi. Ertasiga tushda uygʻondi. Balkonga chiqdi. Havo juda sof, sayrbop… U oʻylab, Vasiliy Shukshinning “Qizil bodrezak” filmini hali koʻrmaganini esladi.

— Kiyin, kinoga boramiz, — dedi Barchinoyga.

Barchinoy yangi moda boʻlgan kamzul-shimini kiyib chiqdi.

Oʻrolboy qovogʻini uyub, uf-f, deya tizzasiga urdi:

— Barchinoy, men ayolimni atlas koʻylakda koʻrishni xohlayman!

— Shoirga qolsa-ku, koʻp narsalarni xohlaydi.

— Ayol ayolday boʻp yursa-da.

— Yuring, kechikamiz.

— Bormaysan, oʻzim boraman.

— Ajab boʻpti, obormasayiz obormang.

— Nimaga gapni aylantirasan? Men senga gapiryapman!

— Voy, ja-a qiziqsiz-a, bir manda bormi shunaqa kiyim? Hamma madaniyatli xotinlar kiyishadi-yu…

— Anovi atlaslar madaniyatga yot matomi? Qaysi mamlakatda shunaqa mato bor? Senlar noshukur: peshonangdagi madaniyatni koʻrmaysanlar…

— Siz doim shunaqasiz. Topgan gapingiz — oʻzbek atlasiga butun jahon xaridor, Samarqanddagi tarixiy binolar jahonda yoʻq. Unaqa-bunaqa…

— Bas qil!

— Ho-o, bas qilmasam qoʻliyizdan nima keladi…

— Kelmaydimi, kelmaydimi?

Oʻrolboy shiddat bilan irgʻib turib, angraygan Barchinoyning yuziga tarsakilab yubordi.

Barchinoy divanga uchib tushdi. Yuzlarini qoʻllari bilan yashirib yigʻladi.

Oʻrolboy unga birpas angrayib qarab turdi-da, torgina ishxonasiga kirdi. Stulga oʻtirdi. Sochlariga barmoqlarini botirib, koʻzlarini yumdi.

U ayol zotiga birinchi marta qoʻl koʻtardi…

Barchinoy oʻpkasini bosolmay yigʻlab yotdi. Uxlayotgan oʻgʻli yigʻladi. Toqati toq boʻlib, oʻrnidan turdi. Yuzlarini yuvib artdi. Oynaga qarab, bir seskandi. Chap yonogʻi koʻkargan edi. U alamidan lablarini burib yana yigʻladi. Oʻgʻlini bagʻriga oldi. Oʻgʻli ovunib, muloyim lablari bilan uning koʻkraklarini soʻra boshlab edi… koʻngli yorishdi. Koʻkargan joyining ogʻrigʻi qolganday boʻldi. Oʻgʻlining siyrak sochlarini silab, peshonasidan oʻpdi: “Oʻgʻlim, oʻylagan edim-a, koʻngilsiz turmush boʻlmaydi deb. Mana, aytganim keldi”.

Barchinoy derazadan osmonga qarab xayol surib oʻtirdi. Oʻgʻlini uxlatib oʻzi ham yotdi. Eri bosh qoʻyadigan yostiqni mushtlab-mushtlab qappaytirdi. “Yolgʻiz oʻzi yotmaydi, baribir yonimga yotib, ovutish uchun bagʻriga bosadi, erkalatadi…”

U shunday xayol qila-qila teskari oʻgirilib uxlab qoldi.

Ertalab tursa, yonida eri yoʻq. “Hatto yonimga kelib yotmadiyam. Meni koʻrgisi yoʻq. Boʻldi, endi boʻldi. Ketamiz, oʻgʻlim, ketamiz. Koʻngilsiz turmush baribir turmush boʻlmaydi”, dedi.

Oʻkinch ham alam bilan orqasiga burilib qaradi: “Aqalli xonasidan chiqib, koʻngil uchun bir ogʻiz ketma, demadi-ya. Qishloqiligiga bordi-da… Hech boʻlmasa, oʻgʻli bilan xayrlashmadi-ya. Shunchalik joniga tekkan ekanman, shu kungacha bilmabman”.

Eshik qoʻngʻirogʻi jiringladi.

Barchinoy eshikni istar-istamas ochdi. Ostonada Oʻrolboyning qishloqda yashaydigan togʻasi bilan ikki notanish odam turdi.

Barchinoy zoʻrgʻa jilmayib, mehmonlarni ichkariga taklif etdi.

Oʻrolboy chiqdi. Mehmonlar oʻtirdi. Soʻrashdilar.

— Ertaga qurultoy ekan, shunga kelib edik. Bir koʻrib ketaylik deb… — dedi, togʻasi.

— Yaxshi, yaxshi, — dedi Oʻrolboy soxta jilmayib.

— Ha-a, ishlar yaxshimi oʻzi, shoir? Sheʼr planlari qalay boʻlayapti? Sheʼr planlarini oshirib bajarayapsizmi? Mana, biz paxta planlarini yuz ellik protsentga bajardik. Biz haqimizda ham sheʼr yozing endi…

Oʻrolboyning togʻasi dala ishlarini gapirayotib, dasturxon tuzayotgan Barchinoyning yuzidagi koʻkarigʻni koʻrdi.

— E, yuzga nima boʻldi, kelin?

Oʻrolboyning yuragi shuv etib ketdi. Iris qogʻozidagi kuchukchaga tikilib, bir daqiqa nafas olmay qoldi.

Barchinoy jilmayib, koʻkarigʻni siladi:

— Hozir yangi uylarga manavunaqa linolium toʻshaladi. Bu oʻlgur yuvsa sirgʻanchiq boʻlib qoladi. Kecha yuvayotib deng, sirgʻanib ketib, yuzim bilan tushsam boʻladimi…

— Uh, chuq-chuq, ehtiyot boʻling-e, ish ado boʻlarmidi…

Oʻrolboy entikkanidan nafasi titrab ketdi. Boshini yanada egib, qizardi. Barchinoy ham qizardi. Turayotib, mehmonlarni dasturxonga unnadi:

— Olinglar, olib turinglar. Oʻrolboy aka, choydan quying.

Oʻrolboy shundagina oʻziga keldi. Boʻsh piyolalarga choy quyib, qani, olinglar, dedi.

Mehmonlar haligiday arzimagan falokatlardan kelib chiqadigan baxtsizliklar haqida eshitgan-bilganlarini gapirib oʻtirdilar.

Barchinoy ovqatni olib keldi. Dasturxonga bolgar konyagi bilan shampan vinosini qoʻydi.

— Manavilarni quying, Oʻrolboy aka.

Oʻrolboy qadahlarga konyak quydi. Togʻasi boshi bilan Urolboyni koʻrsatib, Barchinoydan soʻradi:

— Shoir qalay, kelin?

— Yaxshi, juda yaxshilar.

— Agar sal yomonligi boʻlsa aytabering, gapirishib qoʻyamiz?

— Yoʻq, nega endi, yaxshilar. U kishini oyimlaram maqtaydilar…

Oʻrolboy yon-veriga alangladi. Mehmonlarning olishini kutib oʻtirmay, qadahdagi konyakni bir koʻtarib ichib qoʻydi. Barchinoy eriga tuzlangan bodring uzatdi. Eri konyakning zoʻrligidan koʻzlarini yumib, bodringni oldi.

Mehmonlar oʻzoq oʻtirib, ularni qishloqqa taklif qilib ketdi.

Oʻrolboy mehmonlarni kuzatib qoʻyib, ishxonasiga kirdi. Yigʻma karavotga chalqancha yotdi. Qoʻllarini chalishtirib, boshi ostiga qoʻydi. Oʻtgan voqeani shoirona mushohadaladi… Yuzlarida tabassum oʻynadi. Irgʻib turib, derazadan tashqariga qaradi. Ikki kaftini bir-biriga zavq bilan ishqadi. Papiros chekaverib-chekaverib sargʻayib ketgan tishlarini koʻrsatib, iljaydi. Orqasiga keskin burilib, mehmonxonaga kirdi. Barchinoy yoʻq. Eshik tarafga yurdi. Barchinoy eshik oldida qovogʻini uyub, lablarini choʻchchaytirib, aravachada oʻtirgan oʻgʻlini choyshabga oʻradi.

Oʻrolboy uning qoʻlini ushladi.

— Qoʻy endi, odam qiziganda nimalar qilmaydi.

Barchinoy uning yuziga qaramay, qoʻlini siltab tashladi.

— Barchinoy, bilasan, shoir xalqining asabi yomon…

Barchinoy indamay, yana eshikka qoʻl choʻzdi. Shunda, Oʻrolboy uning qoʻlidan ushlab, yana oʻziga qaratdi-da, belidan mahkam quchoqlab… oʻzi koʻkartirgan oʻsha yonoqlaridan oʻpdi. Lablarini Barchinoyning lablariga uzoq bosib turdi.

Barchinoy erining boʻyniga osilib… yigʻlab yubordi. Uning koʻzlaridan oqayotgan iliq yoshlar erining boʻyniga tomdi…

Oqshom bir-biriga tikilib, yuzma-yuz oʻtirdilar.

Oʻrolboy mehmonlardan qolgan konyakdan bir qadah ichdi. Barchinoyga termuldi. Olis termuldi… Barchinoy koʻzlarini olib qochdi. Koʻzlari uchrashib, bir soniyacha tikilib qoldilar. Oʻrolboynnig qalbida ayoliga shunday iliq, maʼsum tuygʻular koʻpirib toshdiki… Bu tuygʻular oʻsha sinfdoshining koʻzlari bilan koʻzlari uchrashganda… Ha-ha, oʻshanda shunday koʻpirib toshgan edi…

1970-yil


Manba: ziyouz.uz


Xushnudbek.uz каналига уланиш: 👇

https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Report Page