Тирбандликдаги кулфат

Тирбандликдаги кулфат

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Эрталаб ишга кетишга чоғланган кишилар аксарият ҳолларда шошиб юришади. Автомобиллар қатнови ҳам шу пайтда тиғиз. Тирбандликлар… Биров-бировга йўл берса, обрўси тушиб қоладигандек…

Хусусан, пиёдалар йўлакчаларидан ўтаётган одамларни машина ичидан туриб «тезроқ, тезроқ» деб шоширишлар, баланд-паст сигналлар… Бу ҳолат албатта кўнгилни хира қилади. Шундай воқеа фожиага сабаб бўлди.

2018 йил 25 июнь куни Азизбек Жўраев «Матиз» автомашинасида йўлга чиққанда уни олдинда нималар кутаётганини билмасди. Бухоро шаҳридаги Ибн Сино ва Мустай Карим кўчалари кесишмасидаги тирбандликка келиб қолганида «Азамат» дўкони олдидаги йўлда «Нексия» русумли таксини йўловчи Ўктам Раҳматов тўхтатиб гаплашаётганини кўриб қолди. «Ҳайда! Шу ерда ҳам тўхтатасанми?!» деб бақира бошлаган эди, Ў.Раҳматов ҳам жавоб қайтарди. Оғзаки жанжал авж олди. Машиналарнинг кетма-кет сигналлари, шовқин-сурон бошланиб кетди. Шу пайт Ў.Раҳматов қўлидаги баклашкани зарб билан улоқтирди. Елим идиш «Матиз» ичида бўлган Азизбек Жўраевнинг 2017 йилда туғилган фарзандига келиб тегди. Ўғли билан бирга кетаётган Эркин Жўраев ҳам ўзини тутиб тура олмади. Жаҳл келганда инсон ўзини бошқара олиши қийин. Невараси жароҳатлангандан кейин Э.Жўраев ҳам жанжалга аралашди. Ота-ўғил биргалашиб Ў.Раҳматовга ташланишди. Унинг юзи, кўзи, бошига аямай уришди. Ҳаёти учун хавф­ли бўлган жароҳат етказилган Ўктам Раҳматов шифокорларнинг тиббий ёрдами ва муолажаларига қарамай 2018 йил 17 август куни Бухоро тумани касалхонасида вафот этди.

Суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилган Азизбек Жўраев 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Эркин Жўраевга эса 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайин­ланди.

Маданият тушунчаси инсоннинг қандайлигини кўрсатувчи мезон. Тўлов маданияти, муомала маданияти, йўлда юриш маданияти… Ўғли Кореяда ўқиётган бир ҳамюртимизнинг суҳбати эсимга тушади. Уларда ҳар қанча тирбандлик бўлса ҳам машиналар сигнал чалмас экан. Пиёдалар йўлагидан ўтган йўловчи йўл четига чиқиб ҳайдовчига раҳмат айтиш маъносида енгил таъзим қилиб қўяр экан. Ҳатто иккита суҳбатдош олдида велосипеддаги киши тушиб узр сўрар экан… Биз-чи?! Ҳайдовчиларимиз нафақат бировнинг, балки ўзининг ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда ҳам «йўл меники» деган хавфли «қоида»ни илгари суради. Оқибатда баъзан юқоридаги сингари фожиа юз беради. Кейин афсусланишдан эса фойда йўқ.

Иноят Қиличев,

Бухоро вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Манба: Ҳуқуқ газетаси

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g