Тилла балиқча
Жонтемир
Хулио Кортасар
Шарифжон Аҳмедов таржимаси
ТИЛЛА БАЛИҚЧАЛАР
Un pequeño paraíso
Хушбахтлик шамойиллари турличадир, шундай экан, шавкатли генерал Орангу идора қилаётган юрт фуқаролари қон томирларида тилла балиқчалар суза бошлаган кундан эътиборан ўзларини бахтиёр санашларидан ҳайратланишга ҳожат йўқ.
Нафсиламри, балиқчалар соф олтиндан эмас, балки атиги тиллоранг бўлсалар-да, сиз ҳам уларни ўз қон томирларингизда туйиш истагига мубтало бўлишингиз учун балиқчаларнинг шўх-шодон жилва қилишларини бир бора кўришингиз кифоядир. Омади чопган аллақайси табиатшунос уларни илк дафъа кашф этиб, қулай шароитда жадал урчий олишларини аниқлагач, ҳукумат ушбу тадбир истиқболини дарҳол англаб етди. Мутахассисларга Z-8 номи билан маълум бўлган балиқнинг ҳажми шу қадар кичикки, бу кичикликни тасаввур қилиш учун жуссаси жимитдек чивинга баробар бир товуқни кўз олдимизга келтира олсак, балиқча ҳам айнан шу парранда қадардир. Шу боис ҳам ўн саккизга тўлган фуқаролар қон айланиш тизимига бу жониворларни киритиш асло мушкуллик туғдирмайди.
Балоғатга етган ёшлар махсус тиббиёт муассасаси остонасига қадам қўяжак кунларини шу тариқа орзиқиб кутишади, фурсат етгач эса барча хеш-ақраболар билан бирга муқаддас ушбу маросимда ҳозир бўлишади. Ҳадемай бахт-саодат билан сийланажак мижознинг қон томирига аввал найча уланади, найча доривор суюқлик тўлатилган шиша идишга бириктирилади, сўнгроқ эса йигирма дона тиллоранг мўъжиза айнан шу суюқликка киритилади. Муолажа давом этар экан, улуғ неъмат ила сийланмиш йигитча ва ё қизалоқ ҳамда издиҳомга йиғилган барча қавму қариндошлар балиқчаларнинг шиша идиш ичра жавлон уришларини мароқланиб томоша қила олишади. Аммо томоша узоққа чўзилмайди, баайни аллақандай ноаён хатар туфайли ҳаракатсиз тош қота бошлаган балиқчалар сўнгги бор жилоланиб, қон томирлари ичра бирин-кетин ғойиб бўлишади. Ярим соат ўтар-ўтмас зарур миқдордаги тилла балиқчалар соҳибига айланган фуқаро эришилмиш бахту саодатини муносиб нишонлаш иштиёқи билан муассасани тарк этади.
Диққатроқ разм солинса, мамлакат фуқаролари ташқи воқелик таъсиридан кўра, ўз тасаввурлари фаолияти туфайли бахтлироқ эканлари маълум бўлади. Қон томирларига киритиб бўлинган балиқчаларни ортиқ кўриб бўлмаса-да, аммо уларнинг қиёфалари хаёл ва тасаввурларда муқаррар. Ана, уларнинг шўх-шодон бир галаси вена ва артериянинг адоқсиз шажараси бўйлаб муттасил сузишда давом этаётир. Бахт-саодат нурлари чарақлаган кундузлари ҳориган фуқаролар, оқшом чоғи масрур уйқуга чўмаркан, юмуқ қабоқлар ичра дам-бадам ёниб-ўчаётган учқунлар, қонли дарё ва жилғаларнинг алвон манзарасида айрича порлаб кетаётган жилвалар – аслида айнан ўша митти жониворлар эканига асло шубҳа қилмаслар. Йигирма дона тилла балиқча вужудларда паноҳ топишлари ҳамон муттасил тарзда урчий бошлаши ҳақидаги ўй эса қалбларни яна ҳам тўлқинлантириб юборади. Тасаввур лаззати барчасидан устун - ана, беҳисоб йилтироқ галалар вужуднинг пана-пастқам барча туйнукларини тобора ишғол этиб бораётир - улар бош чаноғи ичра сайр этиб, бармоқ учларига қадар етиб боради, сағал ўтмай эса, бир вақтнинг ўзида, оёқлар артерияси ва юрак томон йўналган кўктомирларда пайдо бўлишади. Тилла балиқчаларнинг юрак ҳавзаси аро кечиб ўтишларини хаёл қилиш онлари ҳадя этажак қувончларни эса таърифлашга тил ожиз. Уларнинг яйраб-ўйнашлари ва ўзаро мулоқот қилишлари учун айни муддао бўлган тепаликлар, кўлча-ю тезоқар сойлар бу ҳавзада истаганча топилади, ва албаттаки, балиқчалар айни шу маҳобатли ва тирбанд ёбонда хушлашиб, ишқий эҳтирослар ичра ўзаро тақдир ришталарини боғлайдилар. Бир-бирига кўнгил қўйган йигит-қизлар ўз юракларида қўним топган балиқлар ҳам айни шу тобда жуфтлари билан дийдор учрашганига ишонадилар. Айрим тана аъзоларида қитиққа ўхшаш сезгиларнинг пайдо бўлиши эса тилла балиқчаларнинг худди ўша жойда ўзаро жуфтлашишлари сифатида изоҳланади. Ташқи ҳаёт тўлқинларининг ичкиси билан батамом мувофиқ келиши – ҳамоҳанглик ила зийнатланган бундан ортиқ бахтни тасаввур этиб бўларми, ахир?
Гоҳи замон айрим балиқчаларнинг умри адоғига етиши саодатли ушбу манзарага соя солиб туради. Бу каби кулфат содир бўлгач, томирлардаги қон оқими ихтиёрига топширилган балиқчанинг жонсиз жасади, охир-оқибат, артериядан венага ва ёки венадан бошқа томирларга ўтиш йўлини тўсиб қўяди. Бундай кўргуликка йўлиққан фуқаронинг нафас олиши оғирлашиб, кўз олди қоронғулашади. Шундай ҳолларда уйда махсус сақланадиган ампуладан томирларга дарҳол зардоб юборилади. Ўлик жонивор дори таъсирида қонга сўрилиб кетади ва тез ўтмай қон айланиши яна ўз изига тушади. Тилла балиқчалар тез кўпайишлари ва шунга мувофиқ тарзда уларнинг ўлим даражаси ҳам ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларга ойига кўпи билан учтадан ампула ишлатиш рухсат этилган.
Ҳар бир ампула баҳосини йигирма доллардан белгилаган генерал Орангу ҳукумати шу йўл билан мамлакат ғазнасига йил давомида бир неча миллионлик даромад келтириш режасини ҳам ишлаб чиққан. Турфа рутбали хорижий кузатувчилар ушбу тадбир аҳоли учун оғир жафо эканини айтиб, айюҳаннос солаётган бўлсалар-да, фуқаролар буни мутлақо хотиржам қарши олишади - ҳар бир ампула ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмас саодат онларига яна қайта ошно этар экан, бунинг ҳаққини тўлаб қўйиш ҳам адолатдан эмасми, ахир? Қўли юпқа оилалар ҳақида гапириладиган бўлса, зарур миқдордаги ампулалар харид қилишлари учун ҳукумат бундайларга ҳеч иккиланмасдан қарз ҳавола қилади, лекин тўғри, энг сўнггида ҳисоб-китоб қилинар экан, дорилар аслидан икки баробар қимматга тушгани маълум бўлади. Борди-ю мана шундай қулай шароитларга қарамасдан ҳам яна кимдир ампуласиз қолса, борган сари гуллаб-яшнаётган чайқов бозорига бемалол ва беҳадик мурожаат қилиши мумкин. Фуқаролар эҳтиёжларини англаб, уларга ғамхўрлик қилишни эзгу амал деб билган ҳукумат халқ манфаати ва (шунга ҳам ота гўри қозихонами?) бир неча ўрдабоши фаровонлиги ҳаққи бундай бозорлар ишлаб туришига бағрикенглик билан йўл қўйиб бергандир.
Ҳар бир фуқаронинг хос тилла балиқчалари бор экан ва улуғ келажакнинг ҳув анави уфқларида бирин-кетин бўй кўрсатаётган янги авлодларнинг барча издиҳомлари албатта ўз балиқчаларига соҳиб чиқишлари маълум экан, дилларни хуфтон қилажак қашшоқлик ҳақида сўз айтмоққа, ахир энди не ҳожат? Бири бошқасидан хушхандон сайл ва базмлар, рақсларда чаппар уражак бахтиёр давралар, нағмаи алёрлари ҳеч адо бўлмас зиёфатлар бизни муштоқ кутмоқда эмасми, ахир?
1979
Абдулла Ориф
ТИЛЛА БАЛИҚЧА
Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузча томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.
Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…
1965
(Мўжаз лекин сатрлар остига сингдириб юборилган нафрат, биқиқ ҳолати, ўлик турмушига кўнган ва уларни алдашларига қарамай ҳукумат ўйинларини сўзсиз оқловчи, томирларига юборилган олтин балиқчалар таъсирида лаҳзага бўлсин ўзларини бахтиёр ҳис қилиш илинжида ҳар қандай хўрликка тайёр одамлар ҳақидаги ҳикояни ўқиб чиқдингизми? Ичингизда нимадир узилдими, тугилдими муштингиз нохос ё бирдан бундан қирқ йил бурун битилган ҳикоя қаҳрамонига айланиб қолганингизни пайқаб, иситмалаган бемор вужудидек титраб кетдингизми? Йўқ? Унда қайта ва қайта ўқинг! Абдулла Орифнинг "Тилла балиқча" сидан фарқли ўлароқ бахт иликцирини туҳфа этувчи бу жимитдек мавжудотчалар ва уларни фуқаролар томирига юборишни буюрган ҳукумат, алқисса бу сохта бахтлиликка четдагилар ҳей, шундоғам шалтоғи чиқиб ётган аҳволларингни янаям расволаштиришяпти ахир, дейишларига қарамай, ўзи мойил бўлиб қолган халқ... Мени ҳайратга солган яна бир томони, Кортасардан 14 йил муқаддам Ўзбек шоири Абдулла Ориф ёзган шеър билан шу қадар ўхшашки ҳикоя, агар икки адиб бир тилда сўзлаганда, бири-биридан улги олиб (албатта Кортасар Абдулла Орифдан) ёзган, деган хулосага келардим. Буюклар руҳиятида англаб бўлмас увайс яқинлик бўлар эканда...)