Тил билган – эл билар
Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.Бугунги кунда чет тилларини ўрганиш замон билан ҳамнафас бўлишнинг асосий зарурияти эканлиги барчамизга маълум. Донишманд халқимизнинг “Тил билган – эл билар” деган пурмаъно мақолини бугунги куннинг кўпчилик ёшлари ёдда тутиб, унга амал қилмоқдалар.

Шу боисдан фарзандларимиз юртимиз ва хорижий мамалакатларнинг нуфузли таълим муассасаларида дунё фан соҳаларидаги илғор билимларини ўзлаштирмоқдалар. Чет тилини ўрганиш барча болалар учун фойдали, чунки у боланинг билиш жараёнлари-хотираси, диққат, тафаккури, идроки, тасаввурининг ривожланишига, чет тилини муваффақиятли ўрганишни белгиловчи, унинг нутқий қобилиятини оширувчи жараёнларга ижобий таъсир кўрсатади, чет тилида мулоқот қилиш орқали умуминсоний маданият билан эртароқ танишишга замин яратади.

Шу боисдан Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими методистлари томонидан жорий йилнинг 7 февраль куни Жарқўрғон туманидаги 25-сонли мактабда чет тиллари фанидан “Чет тилларини ўқитишда замонавий тенденциялар: ютуқлар, муаммолар ва ечимлар” мавзусида вилоят ўқув семинари бўлиб ўтди.

Ушбу семинарда чет тили фанини самарали ўқитишда хар бир ўқитувчи ўз устида тинмай ишлаши, изланиши, илмий – амалий хорижий тажрибаларга суяниши, тил ўрганишнинг осон ва самарали йўлларини излаб топиши лозимлиги тўғрисида тавсиялар берилди.



Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.