Тил ўрганишда янги давр бошланди
VOBKENT.UZБугунги шиддатли дунёда турли миллат, маданият ва тил эгалари бўлган дунё аҳли ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мулоқотга эҳтиёж сезмоқда.
Технология инқилоби сабаб дунёнинг исталган бурчагидан туриб унинг бошқа бир бурчагига сонияларда ахборот узатиш имкони мавжуд. Бир неча юз йиллар илгари бу узатмани амалга ошириш мумкинлиги инсоният тасаввурига сиғмас эди.
Миллисекундлар ҳам муҳим аҳамият касб этадиган тезкор замонамизда дунё билан ҳамқадам бўлишдаги энг муҳим омил – шубҳасиз, коммуникация ва тил воситаси саналади. Жаҳон тилларини ўрганиш нафақат мулоқот имкониятларини оширади, балки шахснинг меҳнат бозоридаги муваффақиятини, когнитив қобилиятларини, тафаккур диапазонини ҳам кенгайтиради.
Иш берувчилар номзод учун энг зарурий кўникмаларни санаб ўтганда, доимо “бир нечта тилни билиш” қобилиятига алоҳида урғу беради. Кўпинча бу кўникма номзоднинг бошқа қобилиятлари ва ҳатто иш тажрибасиданда оғирроқ тош босади. Бошқача қилиб айтганда, дизайнер, сервис ходими, сотувчи ёки кичик бизнес эгаси бўладими – ҳар қандай соҳада кўп тиллилик кишининг профессионал мақсадларига эришишида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, янги тилни ўрганиш янги маданиятни ўрганиш демакдир. Дунё тарихи ва санъатининг аксарияти – китоблари, фильмлари, мусиқалари, бадиий асарлари ва илмий тажрибалари турли тилларда намоён бўлади. Немис тилининг нафислигию япон маданияти интригасини, араб тилининг ўзига хос оҳангию, итальян тилининг шеърий жозибасини, инглиз тилининг бепоёнлигию, француз тилининг гўзаллигини – фақатгина мана шу тилларни ўрганиш орқали тўлақонли ҳис қилиш мумкин. Шекспир классикасини асл инглиз тилида мутолаа қилиш, Неруда шеърларини шоирнинг она тили – испанчада ўқиш ёки Куросаванинг “Рашомон”ини ҳақиқий-японча версиясида томоша қилиш – барчаси фақат тил ўрганиш тақдим эта оладиган завқдир.
Умуман, тил ўрганиш орқали эришиладиган имкониятлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аммо бу кўникмани шакллантириш осон кечмайди. Тил ўрганишда малакали устоз, самарали стратегия, ўрганилган билимларни мустаҳкамлаш бирламчи ҳисобланади. Аммо юртимизда тил ўргатувчи профессионал кадрлар етишмайди. Бизда асосий урғу машҳур ва оммабоп тилларга қаратилган. Кадрлар ҳам асосан инглиз тилига ихтисослашган мутахассислар. Масалан, испан ёки япон тилини ўрганишни истаган ҳаммага ҳам ўқитувчи етарли эмас. Профессионал мутахассислар эса одатда марказларда бўлади. Чекка-чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли эса шаҳарга етиб бориши қийин.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2022 йил ноябрь ойида ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси хорижий тилларни бепул, содда ва креатив усулда ўргатишни мақсад қилган. Лойиҳа доирасида профессионал устозлар томонидан 13 та тил бўйича 22 турдаги тизимли ва "0"дан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилмоқда. “Ибрат фарзандлари” билан турли тиллар бўйича билимларни қисқа муддат ичида комфорт зонадан туриб эгаллаш мумкин. Лойиҳа барча учун тенг равишда исталган жойда, исталган вақтда бепул тил ўрганиш имконини яратди.
“Ибрат фарзандлари” қисқа вақт ичида YouTube платформасида қарийб 320 мингдан ортиқ ўрганувчига эга бўлди. Саҳифада эълон қилинган дарсларнинг умумий кўришлар сони 12 миллиондан ошди. Рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ёшлар ўртасида чет тилини ривожлантириш муҳим ва бу йўналишда бепул онлайн дарсларга талаб юқори.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги истеъдодли ёшларга, молиявий томондан имконияти чекланган, лекин чет тилларини ўрганишга иштиёқи баланд ўқувчиларга ҳам хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг тиллар бўйича саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.Ана шундай мактаблардан бири
Вобкент туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 26-мактабнинг 148 нафар ўқувчилари "Ибрат академияси"бўйича 179 та сертификатни қўлга киритиб, туман мактаблари ичида биринчи ўринни эгаллашди.
Бугун тил ўрганишда янги давр бошланди. Сиз ҳам ушбу интеллектуал ҳаракатга қўшилинг, чунки бу лойиҳа дунё маданиятлари ўртасида кўприк яратади.
Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати