Тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими ва “103” станцияси фойдаланишга топширилди

Тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими ва “103” станцияси фойдаланишга топширилди

Buxoro.uz

Қурилиш соҳасида қарийб 40 йиллик тажрибага эга моҳир бинокор Ахтам Улуғов раҳбарлигидаги “47-сон Хўжаликлараро кўчма механизациялаштирилган колонна” МЧЖ жамоаси нафақат вилоятимиз шаҳар ва туманларида, балки қўшни вилоятларда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳаларини амалга ошириб, қурилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларида жонбозлик кўрсатишган. Бир неча ойдирки, мазкур жамоа Бухоро тумани Тиббиёт бирлашмаси бино-иншоотлари қурилишида фаоллик кўрсатмоқда. “Работак” МФЙ да жойлашган бу муассаса 2, 3 ва 4 қаватли замонавий иншоотларни ўз ичига олган бўлиб, мазкур лойиҳа амалиётига инвестиция дастури асосида 4,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.

— Галаосиё шаҳрининг Фитрат кўчаси 17-уйда фаолият юритиб келаётган туман тиббиёт бирлашмаси бино-иншоотлари кейинги йилларда маънан эскиргани сабабли юқоридаги лойиҳага талаб ва эҳтиёж ортганди, — дейди туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси Акбар Шукруллаев. — Эндиликда қарийб 2 гектарни эгаллаган ҳудудда шинам ва янгича андозадаги тиббиёт бирлашмаси қад ростлагани айни муддао. Бунда туғруқ комплекси, терапия, жарроҳлик бўлими, болалар шифохонаси билан бирга, юқумли касалликлар бўлими ҳамда тез тиббий ёрдам станцияси—“103” хизматида жами 380 нафар тиббиёт персонали меҳнат фаолиятини олиб боради. Биргина тез тиббий ёрдам шахобчаси—“103” хизматини олсак, бунда бир пайтда 3 та, бир кеча-кундузда эса 12 та мобиль ҳаракатдаги тиббиёт бригадаси чақирувларга хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади. Бунинг учун махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, қолаверса, тор доирадаги мутахассислардан иборат экипажига эга 1 та реанимобиль жорий қилинган. Тез тиббий ёрдамда ўндан ортиқ олий маълумотли врач, яна шунча фельдшер ва ҳамшира фаолият олиб боради.

Босқичма-босқич фойдаланишга топширилаётган ушбу тиббиёт бирлашмасининг бугун икки қаватли юқумли касалликлар бўлими ҳамда “103” станцияси бинолари тантанали очилди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги масъул мутасаддилари, қурувчилар, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар. Унда сўзга чиққанлар замонавий тиббиётнинг илғор ва юқори аниқликдаги ускуналари билан жиҳозланаётган тиббиёт муассасаси ва бўлимлари тизим фаолиятига қаратилаётган эътибор туфайли эканлиги, бу албатта, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар. Янги бино шифокорлар ва беморлар учун ҳам қатор қулайликларга эга эканлиги қайд қилингани ҳолда унинг қурилишида жонбозлик кўрсатган бинокорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Тадбирда рамзий алвон лента қирқилгач, йиғилганлар муассасада яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page