Тиббий профилактика ва патронажнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади

Тиббий профилактика ва патронажнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати


2020 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, тиббий профилактика ва патронажнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади. Шу билан бирга аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва халқимиз саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизими яратилади.

Фармонда белгиланишича, аҳоли уларнинг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳи ва бошқалар) бўлинади ва уларнинг саломатлиги ҳамда белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтиши даврий кузатувга олинади.

Мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олинади ҳамда уйига борган ҳолда уларга тиббий хизмат кўрсатилади ва индивидуал патронаж амалга оширилади. Профилактик кўриклар ўрнига эса ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий тиббий скрининг текширувлари ўтказилади.

Ҳужжатга мувофиқ, умумий амалиёт шифокори мутахассислиги оилавий шифокор этиб қайта номланади, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилади. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва вилоят шифохоналарига бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлланма бевосита оилавий шифокор томонидан берилади. Шу билан бирга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмларга имтиёзли рецептлар ёзиб бериш бевосита оилавий шифокор томонидан амалга оширилади. Оилавий шифокорга ёрдам берадиган терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича ўрта тиббиёт ходимларидан иборат бўлган “тиббиёт бригадалари” ташкил қилинади. “Тиббиёт бригадалари” ўзларига бириктирилган ҳудудларда оилалар ва фуқаролар кесимида “тиббий харита”ни шакллантиради.

2021 йил 1 январдан бошлаб оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб ушбу ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Фармонга кўра, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда техникумлар ва коллежларда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий қилади.

uza.uz/uz/posts/birlamchi-tibbiy-sanitariya-yordami-muassasalari-faoliyatiga-mutlaqo-yangi-mexanizmlarni-zhoriy-qilish-va-sogliqni-saqlash-tizimida-olib-borilayotgan-islohotlar-samaradorligini-yanada-oshirish-chora-tadbirlari-togrisida-363381 ҳаволаси орқали ҳужжат билан атрофлича танишиш мумкин.

Report Page