Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ходимларга олий таълим муассасаларида мақсадли квоталар ажратилади

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ходимларга олий таълим муассасаларида мақсадли квоталар ажратилади

@aoka_uz

Бугун АОКАда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига шарҳ берилди.

Маълумотларга кўра, ривожланган давлатлар (АҚШ, Буюк Британия, Германия Федератив Республикаси, Франция, Япония ва б.) аҳолиси таркибининг 25 фойизини кекса авлод вакиллари ташкил қилиб, бу кўрсаткичлар йил сайин ўсиш тенденциясига эга бўлмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳоли турмуш кечиришининг яхшиланилиши натижасида кекса авлод вакилларининг ўртача умр кўриш ёши кўпайиб, уларнинг сони мунтазам равишда ортмоқда. Бунинг натижасида, туғилиш кўрсаткичларининг нисбатан баландлигига қарамай, бугунги кунда республика аҳолисининг 10 фоизини кекса авлод вакиллари ташкил қилмоқда.

Дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилиб, бугунги кунда уларнинг сони 1,0 млрд.га етди. Ўзбекистонда 760,0 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилиб, улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.

Юқорида қайд этилганлар кекса авлод вакиллари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, ҳаётини сермазмун қилиш, жамиятда эгаллаб турган фуқаровий позицияларини мустаҳкамлаш, узоқ ва мазмунли умр кечириш мақсадидаги интилишларини кучайтириш, қўллаб-қувватлаш масалалари бугунги куннинг долзарб масалалари ҳисобланади.

Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш ва жорий қилиш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 турдан 19 турга оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортпедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тургача кўпайтирилди, санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди.

Охирги тўрт йилда 27 та тиббий-ижтимоий муассасаларда 267,2 млрд. сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва 1327 та замонавий талабларга мос бўлган ўринлар ишга туширилди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2021 йилнинг 6 мартдаги Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатига ташрифи тарихий воқеа бўлди. Шу куни ҳудудларда фаолият кўрсатаётган яна 34 та “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари видеоалоқа орқали видеоконференцияга уланди ва республика Раҳбари уларнинг ҳар бирининг аҳволи, дарду-ташвишлари тўғрисида очиқ-ойдин суҳбатлашдилар, соҳани ривожлантириш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар бердилар ҳамда мазкур масалаларни ечимига қаратилган Фармон ва қарор лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Фармонга мувофиқ аниқ белгиланган муҳтож аҳоли қатламларига, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 1 апрелдан тизим ходимларининг иш ҳаққини ошириш, давлат таъминотига олинган кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга тўланадиган ойлик пенсия миқдорларини 10 фоиздан 20 фоизгача ошириш белигиланган. Ушбу тадбирлар орқали соҳа ходимларига бўлган эътибор ортиб, уларнинг машаққатли, бироқ савобли меҳнатларига муносиб баҳо берилиши таъминланади, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик ва эътибор янада ортади.

Шунингдек, Фармонда

— ногиронликнинг олдини олиш ва тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифатини талаб даражасига етказиш;

— ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шароитлар яратиш бўйича тиббий-ижтимоий муассасалар моддий-техника базаси ҳолатидаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш;

— тиббий-ижтимоий муассасалар ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш тизимини бугунги кун талабларига етказиш;

— тиббий-ижтимоий муассасаларда маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни тизимли ва самарали ташкил этиш орқали “Саховат” ва “Мурувват” муассасаларида давлат қарамоғига олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг самарали бошқариш тизимини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда.

Бошқача айтилганда, ушбу хужжатга асосан республикада кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кўрсатиб келинаётган тиббий-ижтимоий хизматларга янгича ёндашув қилиш, янги ва самарали механизмларни жорий этиш орқали муҳтож аҳолининг тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олиш кўлами ва самараси ортади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармонига асосан қайта ташкиллаштирилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш Агентликнинг вазифалари аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, улар Муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмаларнинг тўлақонли ижросини таъминлашга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Фармонда Агентликка муҳтож аҳолига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилиб, у томонидан ягона давлат сиёсатини амалга оширишга имконият яратмоқда.

Фармонда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифати ва самарасини ошириш мақсадида соҳада мақсаддли илмий тадқиқотлар ўтказиш, соҳа ходимлари салоҳиятини ошириш чоралари белгилаб берилган.

Фармоннинг алоҳида иловаси билан тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тасдиқланмоқда. Ушбу кенг қамровли ишларни амалга ошириш учун жами 503,4 млрд. сўм, шу жумладан, республика бюджетидан 439,4 млрд. сўм, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан 64,0 млрд. сўм маблағлар сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Фармонда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни даволаш, соғломлаштириш масалалари юзасидан аниқ тадбирлар белгиланган. Хусусан, 4 босқичдаги тиббиёт муассасалари – бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт муассасалари, илмий-амалий марказлар “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларига бириктирилмоқда. Бунда ҳар бир васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларда касалланишнинг олдини олиш, эрта ташҳис қўйиш ва тезкор ҳамда самарали даволаш ишларини ташкиллаштириш механизми жорий қилинмоқда.

Васийликка олинганлардаги ёлғизлик муаммоларини ҳал қилиш, уларнинг ўксик қалбларига меҳр улашиш ишларини юқори савияда ва тизимли ташкиллаштириш мақсадида умумтаълим мактаблари, ўрта-махсус таълим ва Олий таълим муассасалари ҳар бир “Саховат” ва “Муруввват” интернат уйларига бириктирилтирилмоқда. Ушбу мақсадли ишларнинг амалга оширилиши натижасида “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қалбида халққа, жамиятга нақадар кераклилиги ҳис-туйғулари ортади, уларнинг фаол ҳаёт кечиришга, ижтимоий муносабатларда ўзларининг ўринларини эгаллашдаги интилишлари ортади. 

Тиббий-ижтимоий муассасаларга бириктирилган халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари томонидан “икки авлод” учрашувларини ташкил этиш, улар билан турли маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, ҳолидан хабар олиш, таълим муассасаларида ўтказиладиган “Кексалар маърифати” соатига таклиф қилиш тизимини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Барчага маълум, китоб ва газеталар орқали инсон дунё ишларидан бохабар бўлади, яхши ҳаёт кечириш, ён-атрофдагиларга ёрдам бериш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш учун тегишли хулосалар чиқаради, ҳаракат қилади. Фармонда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги мавжуд кутубхоналарнинг китоб, газета фондини ошириш, бутун жаҳон ва ўзбек классик адабиётлари, бугунги кунда республикадаги бунёдкорлик ишлари, эртанги кунга бўлган ишончни тараннум қилувчи асарлар билан бойитиш масалалари алоҳида белгиланмоқда. Кутубхона ишининг замований ва самарали услубларидан бўлмиш электрон китоблардан фойдаланиш амалиёти жорий қилинмоқда. Бунда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, “Саховат” интернат уйлари кутубхоналарини бутунжаҳон интернет тармоғига улаш ва улар учун Миллий кутубхона электрон ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратиш чоралари кўзда тутилмоқда.

Тиббий-ижтимоий муассасаларни тиббий ва зарурий жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда беморларнинг тўлақонли яшашлари, ижтимоий фойдали меҳнат турлари билан шуғулланишлари учун уларни замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга дори-дармон, озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлашга доир аниқ тадбирлар белгиланган.

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида замонавий физиотерапия бўлимини ташкил этиш ва ушбу муассасага туташ ҳудудда Нуронийлар паркини ташкил этиш, “Саховат” интернат уйлари яшовчилари учун диққатга сазовор жойлар, қадамжолар ва зиёратгоҳларга ташрифларни уюштириш мақсадида уларни саёҳат учун мўлжалланган автобуслар билан таъминлаш, муассасалар ҳудудида ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш, борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Айниқса, 2021-2024 йилларда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ижтимоий ходимларнинг олий маълумотли мутахассис бўлишлари учун республика олий таълим муассасаларида мақсадли квоталар ажратилмоқда. Бу тадбир орқали тизим қуйи бўғини ходимларининг ўз касбига бўлган садоқати ва интилишлари қўллаб-қувватланади.

Фармон ижроси натижасида:

— кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишнинг замонавий бошқарув тизими жорий қилинади;

— кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат ва жамиятнинг эътибори янада ортади;

— тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланади, улар замонавий тиббий, маиший асбоб-анжомлар билан таъминланади;

— “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириш сифати яхшиланади, уларнинг фаол ва узоқ ҳаёт кечиришларга бўлган интилишлари ортади;

— “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларига маънавият, миллий қадриятларимиз янада чуқурроқ сингдирилади, бу ерда инсонпарварлик, меҳр-оқибат қадриятлари, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар қалбида ўзаро ҳурмат, сермазмун ҳаётга бўлган мотивациялари ортади;

— соҳа ходимларининг машақатли, бироқ савобли меҳнати давлат ва жамият томонидан муносиб қадрланиши таъминланади.  


Report Page