Тезкор: Самарқанддан "йўлга чиққан" героин манзилига етиб бормади
“Заҳри қотил” қулларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида “жиғилдон” дардида виждонини ҳам пуллаган қабиҳ кимсаларнинг кирдикорлари фош бўлмоқда.
Хусусан, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида ўтказилаётган тадбирлардан бирида 1967 йилда туғилган, Ургут тумани “Чеп” маҳалласида яшовчи А.Д., 1982 йилда туғилган, туманнинг “Ваткан-Қўзибек” маҳалласида яшовчи Ш.Х.лар жиноий тил бириктириб, “ажал оғуси” олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Д., З.Ф. ҳамда Ш.Х.лар ҳаракатланиб кетаётган автомашинада 248,33 грамм миқдорда “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари фуқаро А.Д. га тегишли бўлиб, уни Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи фуқарога етказиб беришни режалаштирган.
Мазкур ҳолат бўйича Ш.Х. ва А.Д.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзининг ҳам ўзгаларнинг ҳам тақдирини тубсиз жарлик томон етаклаётган бу каби кимсалар боши берк кўча сўнгида ҳар қанча пушаймон бўлишмасин, вақт ортга қайтмайди. Қабоҳатнинг бадали эса, умр билан тўланади.