Тезкор: Самарқандда 1 миллион долларга радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотмоқчи бўлган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Тезкор: Самарқандда 1 миллион долларга радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотмоқчи бўлган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди


Ҳаёт – паст-баланд, оқ-у қорадан иборат. Инсондан талаб этиладигани эса умр сўқмоқларида қоқилмай, нафснинг найрангларига учмай тўғри йўлни танлай билишдир. Бироқ енгил ҳаёт кечириш йўлида қонунларни менсимасдан жиноятга қўл ураётган кимсалар боши берк кўчага кириб қолгач, қанча пушаймон бўлишмасин, ғишт аллақачон қолипидан кўчган бўлади. 

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилаётган тезкор тадбирлар натижасида ана шундай ғараз ниятларни кўзлаган кимсаларнингг кирдикорлари фош этилмоқда. Хусусан, контрабандага қарши кураш йўналишида ўтказилган ана шундай тезкор тадбирлардан бири давомида вилоятимиз ҳудудида радиоактив ва заҳарли қурилмаларни сотиш билан шуғулланиб келаётган шахслар қўлга олинди.

Андижон вилоятида туғилган, муқаддам ЖКнинг бир неча моддалари билан судланган фуқаро М.С. ва андижонлик шериги Р.С. ҳамда Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.О.лар ўзаро тил бириктирган ҳолда жиноий гуруҳ тузиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

Маълум бўлишича, фуқаро Р.С. жиноий шериги М.С.нинг таклифига кўра, Андижон вилоятидаги танишидан, гўёки ҳарбий мақсадда фойдаланиладиган радиоактив ва заҳарли қурилмаларни Самарқанд шаҳрига олиб келиб, ишончли харидор топилгунига қадар Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналардан бирида яшаб келган.

Кейинчалик, М.С. Самарқанд шаҳридаги таниши Ж.О. орқали мазкур мосламаларни умумий ҳисобда 1 миллион АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, олдиндан 200 000 АҚШ доллари талаб қилган. Натижада, мазкур шахслар ичида 1 кг “Симоб” кимёвий моддаси мавжуд бўлган қўлбола усулдаги қурилмани 200 000 АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Инсон умрининг ҳар лаҳзаси қадрлидир. Афсуски, буни ҳамма ҳам тўлиқ англаб, тўғри ва ҳалол йўлдан юришга ҳаракат қилмайди. Оқибатда олтинга тенг йиллар ҳавога совурилади. Унутманг, қонун барчага баробардир!

Report Page