Тезкор: Маъмурий жавобгарликка тортмаслик эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган ФВВ ходими қўлга тушди

Тезкор: Маъмурий жавобгарликка тортмаслик эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган ФВВ ходими қўлга тушди


Масъулларнинг хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиши, нафси ортидан қўл урадиган қинғир ишлари халқнинг давлат идораларига нисбатан ишончи йўқолишига сабаб бўлиши мумкин. Афсуски, айрим мансабдорлар касбининг залворини кўтара олмай, ўз "жиғилдон"ини ўйлаб, қинғир йўлларга кириб қолмоқда.

Хусусан, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими Аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича кичик инспектори Ш.Ж. маҳаллий фуқародан пора олаётган вақтда қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Ш.Ж хизмат мавқейидан фойдаланиб, ваколатига кирмаса-да, Фавқулодда вазиятлар туман бўлими йўриқчи-қутқарувчиси ҳамда Профилактика ва назорат бўлинмаси кичик инспектори билан биргаликда Самарқанд тумани “Қайнама” МФЙ ҳудудида жойлашган "О.П." ва "Р.К. 777" масъулияти чекланган жамиятларида ёнғин хавфсизлиги юзасидан текшириш ўтказиб, якунда "О.П" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Л.Р.нинг ўзи ва опаси К.Р.га тегишли "Р.К. 777" МЧЖларда ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича бир қатор камчиликлар аниқланганлигини важ қилиб, ушбу камчиликларни текшириш далолатномасига қайд этмаслиги ва уларни маъмурий жавобгарликка тортмаслиги учун 600 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини беришни талаб қилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ш.Ж. талаб қилинган 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Ш.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қонуний чора кўрилиши белгиланди.

Билиб-билмай ташланган биргина қадам ёхуд нафсга қулликнинг оқибатлари сиз-у бизни огоҳликка чорлаши зарур. Хулоса эса сиздан. Огоҳ бўлинг, азизлар!


Report Page