Тезкор: 3 нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонсиз олиб беришни ваъда қилган "саховатпеша" ходим қўлга тушди

Тезкор: 3 нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонсиз олиб беришни ваъда қилган "саховатпеша" ходим қўлга тушди


Сўнгги вақтларда ҳайдовчи ва пиёдаларнинг эҳтиётсизлиги ва масъулиятсизлиги оқибатида йўл транспорт ҳодисаларидан жабрланиш ҳолатлари тобора ортиб бораётганлиги кишини ҳушёрликка чорлайди. Афсуски, бу борада айрим масъулларнинг ҳам ҳиссаси йўқ эмас. Негаки улар моддий манфаатдорлик илинжида қонунларни четлаб ўтишдан ҳам тап тортишмаяпти.

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1980 й.т., Самарқанд туманида яшовчи, хусусий автомактабда йўриқчи вазифасида ишловчи У.О. 3 нафар фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг "қўли узун" танишлари орқали имтиҳонсиз ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У.О. бу "хизмат"и эвазига 750 АҚШ доллари ва  1,2 млн. сўм олаётган вақтида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ҳар 3 нафар фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари муқаддам спиртли ичимлик ичиб автомашина бошқарганлиги учун бекор қилинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиши режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ишониб топширилган хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, ўз манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш ва бу йўлда ҳеч нарсадан тоймасликнинг оқибати ижобий якунланмаслиги аниқ. Огоҳ бўлинг, азизлар!

Report Page