Тезкор: Самарқандда яна бир "заҳри қотил" савдосига чек қўйилди
Гиёҳвандлик - аср вабоси. Бу дардга чалинган инсоннинг реал ҳаёт билан боғлиқлиги ниҳоялаб, бу каби воситаларнинг домига буткул ғарқ бўлади.
Ана шундай машъум оқибатларга олиб келувчи воситалар савдоси ҳеч кимга манфаат бермаслигини, аксинча, охири вой бўлишини билиб туриб ҳам, моддий манфаат йўлида қонунларни оёқ ости қилаётган, қилмишининг қийиғи чиққач, минг пушаймон бўлмасин қонуний жазо олаётган, гулдек умрини хазон қилаётган кимсаларнинг борлиги ачинарли ҳол.

Жумладан, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш мақсадида яна бир тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбирда Пахтачи туманида яшовчи фуқаро Н.Н. гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётганлиги ва хонадонида 3 кг 143, 5 гр. “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ва 1 кг 513,58 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситасини (жами 4 кг 657,08 гр.) сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Юқоридаги ҳолат бўйича ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу каби қинғир ишлар нафақат бир инсоннинг, балки яна юзлаб инсонларнинг тақдири барбод бўлишига сабаб бўлади.
Огоҳ бўлинг, азизлар!