Терроризм – манфур тўда ва ёвуз кучлар жаҳолати
Удалённый аккаунт
Хозирда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифаларни куймоқда.
Кейинги пайтларда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи халқаро терроризм ва наркобизнес каби глобал муаммолар бир ёки икки мамлакат доирасида ҳал бўладиган масала эмаслигини барча англаб етмоқда. Хозирда ана шундай иллатларни давлатлараро ҳамкорлик асосида изчиллик билан бартараф этиш мухим бўлиб колди. Юртимизнинг тинчлиги мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, фуқароларимизнинг осойишталигини таъминлаш билан узвий боғлиқ.
Мустақиллигимизга рахна солиши мумкин бўлган турли кучлар мавжудлиги бугун ҳаммамизга аён. Бу эса хар бир давлатда, ҳудудда, оилада, маҳаллада, бутун жамиятда хушёрликни оширишни талаб қилмоқда.
Дин ниқоби остидаги террорчилар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкиш каби салбий ҳолатларни авж олдириб, Ватан равнақи ва ислом дини ривожига рахна солишга уринмоқдалар.
Бугун бутун дунёга хавф солаётган, дин ниқоби остида турли хунрезликларни амалга ошираётган ИДнинг соҳта иддаоларию ғаламисликларини, аслида, улар айрим кучларнинг “қонли қўли” эканлигини кўпчилик яхши билади. Зеро, уларнинг даҳшатли қирғинлари, вайронкорлик рухидаги қарашларини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпмиз. Бироқ орамизда англаб-англамай, жахоний ваъдаларга ишониб, уларнинг сафига қўшилаётган ёшлар хам учраб турибди. Яқинда интернет сайтлардан бирида жангариларга қўшилган хорижлик айрим ёшлар ҳақида мақола эълон қилинди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
«Н. февраль ойидан май ойигача ИД жангарилари сафида бўлган. Дастлаб у наркотик моддалар истеъмол қила бошлайди. Сўнг шу йўналишда фаолият олиб борадиган жиноятчилар билан танишади. Улар шариат, дин, жиҳод ҳақида гапириб, ўзларининг чўпчаклари билан Н.нинг онгини захарлашади.
- Биз 11-12 киши бир гуруҳ бўлиб Газиантеп (Туркия шарқидаги шаҳар) шаҳрига бордик ва тунда чегарадан ўтдик, – деб ҳикоя қилади Н. – У ерда бизни «Ал-Қоида» жангарилари текширишди. Ҳамроҳларимиздан бири арабчани яхши билар экан, у бизнинг ИД аъзоларидан эканимизни айтди. Ярим соатлардан сўнг ортимиздан келишди ва соат тунги 3 ларда Сурияга етиб олдик, эрталаб лагерда бўлдик. 15 кун биз харбий тайёргарликдан ўтдик: югуриш, жанг қилиш, қуролдан ўқ отиш каби машқларни бажардик. Бизга алоҳида ўргатувчи бириктирилган. Аммо бизни жуда мукаммал тайёрлашди, деб айта олмайман. Чунки улар учун энг муҳими аскарлар қуролдан ўқ узишни ўрганишса бўлди. Бир муддат ўтгач, бизни гуруҳлапрга ажратиб, жанг кечаётган нуқталарга юборишди. Бизнинг жанговар гуруҳимизга бир турк раҳбарлик қиларди.
Харбий машқлар тугагач, эртаси куни илк маротаба жангга кирдим. Гуруҳимиз кутилмаганда пистирмага дуч келди ва бизни ўққа тутишди. Омон қолган мурдаларни йиғиб, ортга, Раққага қайтдик.
Ха, бир куни 3 нафар одамнинг қатл қилинишини кўрдим. Улардан бири менга қаради ва яқин вақт ичида ўлдирилишини англаб турган бўлса-да, кулди. ўзимни тутиб туролмай, тепдим, у индамади ва мен “тез орада каллангдан жудо бўласан”, дедим. Жангдан сунг асабларим адо бўлганди. Унинг хотиржам устимдан кулишига чидай олмадим.
Улар одамларни шундай қўрқитишадики, бу ақлга сиғмайди. Ҳатто 14 ёшли болакайни хам киприк қоқмай, худди қўйдек бўғизлаб ташлайверишади. Бу ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Улар кандай дори ичган, нима еган – билмайман, хуллас, одамлик сиёхи йўқ. Зомби сингари одамларни чавақлашади. Сўнг, ўз юртларини озод қилгандек, хурсанд бўлишади. Мен 3-4 маротаба ана шундай воқеаларни ўз кўзим билан кўрдим. Бу – даҳшатнинг ўзи!»
Сиз ўқиган воқеалар ИДнинг ёвуз жиноятларининг мингдан бири, халос. «Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб, шукр қил», деганлар. Шундай экан, инсонларни имондан, Ватанидан, яқинларидан, ҳаёт қувончларидан айираётган бу каби манфур тўдаларнинг қутқу ва найрангларидан огоҳ бўлинг. Аллоҳ берган омонат умрни солиҳ амаллар билан безатинг!
Бу бора таълим муассасаларида, маҳаллаларда кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни кўпроқ, касб-хунар ва билим эгаллашга, китоб мутолааси ва спортга жалб этиш мухим аҳамият касб этади. Зеро, эзгуликка тўла калб соҳиби бўлган инсонлардан хеч қачон ёвузлик ва жаҳолат чиқмайди.