Террор исломдан емас.
www.maxdum.uz
Террор исломнинг фарзанди эмас. Шу сабаб бугунги кунда ислом уламолари бу иллатнинг келиб чиқиши ва уни бартараф этиш йўллари ҳақида изланишлар олиб боришмоқда. Яқинда Қатар давлатида "Террор ва уни муолажа этиш йўллари" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция ишини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бордим. Анжуман иштирокчиларидан бири - Тунис Халқ депутатлари Мажлиси раиси биринчи ўринбосари ва кўзга кўринган мусулмон сиёсатчи олим шайх Аблулфаттоҳ Муру билан islamonline.net сайти мухбири Нуриддин Қалола ўтказган суҳбатдан бир иқтибос келтираман:
- Сизнинг назарингизда терроризмга барҳам бериш мумкинми?
- "Бизнинг терроризмга барҳам беришга кучимиз етмайди. Лекин чеклаб қўя оламиз. Уни жамиятимиздаги таянчидан маҳрум эта оламиз. Ёшларимизни террорчиларни эргашиладиган намуна, деган тушунчадан ҳимоя эта оламиз. Чунки ҳозирда террор амалиёти билан шуғулланаётганлар ўзларини мусулмон жамияти қаҳрамонлари, дея тақдим этмоқдалар ва этилмоқдалар. Шу сабаб кўпчилик ёшлар қаҳрамонликлар кўрсатиш умидида уларга ва ташкилотларига қўшилиб кетишмоқда. Айримларининг фикрича, террористик ташкилотлар Америка ва унга иттифоқдош 57 давлатни енга олади. Иш бундай эмаслигини, террорчилар қаҳрамон ҳисобланмаслигини, улар аслида воқеъликдан қочаётган кишилар эканини ёшларга исботлаб бериш лозим. Чунки қаҳрамон воқеъликдан қочмайди, балки уни ўзгартира олади".
Бу суҳбат анча катта бўлиб, унда региондаги террорга қарши кураш услублари муҳокама этилади. Бу хусусда муайян натижага эришган Жазоир услуби танқид қилинади. Чунки у услубда жамият жуда қиммат тўлов тўлаган. Террорга барҳам бериш учун олтмишинчи йиллардаги Европа тажрибасини ўрганиш лозим. Чунки Жаҳон урушлари террор асосида юзаган келган, Муссолини ва Гитлер фикрлари террор тушунчасига таянган.
Хуллас, терроризм балоси умуминсоният иллати ва муаммоси бўлиб, уни муолажа этиш ёки йўқ қилиш фақат шахсларнинг эмас, муассасаларнинг вазифаси ҳисобланади. Бу тўғрида фақатгина куч ишлатар тизимлари фаолият юргизмай, балки тарбиявий, ахборий, иқтисодий ва сиёсий муассасалар ҳам бу умумишга бош қўшишлари талаб этилади.
Айтмоқчи бўлган нуқтамга энди етиб келдим. Аввал бошда айтдим, террор исломга ёт ғоя. Унинг шундай эканлигини оммага мусулмон уламолар айтиши, исботлаб бериши керак. Буни етказишга уларга имкон берилиши лозим. Мавзу фақат бу билан чекланиб қолмасдан, жамиятда бўй кўрсатаётган ҳамма муаммолар ечимида уламоларнинг ўрни ва мусулмонларнинг сўзи бўлиши лозим. Акс ҳолда муолажа самарасиз, балки акс таъсирга эга бўлиши мумкин. Ҳамда жамият маънавий соғломлиги гарови бўлган катта куч бекор қолади. Бу эса катта йўқотиш ва фалокатдир.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
4- курс 78-гурух Тилаволдийев Мухаммадюсуф.