Телефон аппарати нега арзон сотилди?

Телефон аппарати нега арзон сотилди?

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Вақт алламаҳалга бориб қолган бўл­са-да, Жасур (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шаръий никоҳида бўл­ган Алеса Капинанинг қизи Лера билан спирт олиб келгани дорихонага отланди. Сотувчи нималар биландир банд экан. Пештахта устидаги ноутбук ёнида турган уяли телефон аппаратига кўзи тушди-ю, Жасурнинг хаёли бўлинди.

Қараса, сотувчи ҳамон нималаргадир алаҳсиб юрибди. Шартта телефонни олиб, курткасининг чўнтагига тиқди. Буни ҳатто ёнида турган Лера ҳам сезмай қолди. Ниҳоят сотувчи ишларини тугатиб, уларнинг ёнига келди.

— Келинг, нима керак эди?

— Спирт борми? — Жасурнинг овози аллақандай ҳадик билан чиқди.

— Бор. 100 грамми 1000 сўм.

— Ҳозир пулим йўқ эди, — чайналди Жасур. — 3 дона қарз­га бериб туринг, эртага пулини келтириб бераман. Мана, ишонмасангиз, телефонимни ҳам бериб кетаман…

— Иложи йўқ, — деди сотувчи. — Бизда қарзга савдо қилинмайди.

Жасур индамай қизи билан уйига қайтди.

Эртаси куни тушдан сўнг уйқудан уйғониб, ёнида бир сўм ҳам пули йўқлиги ёдига тушди. Ўрнидан туриб, эски шаҳар томонга кетди. У ерда янги қурилган озиқ-овқат дўкони сотувчисига дорихонадан ўғирлаб олган телефонни кўрсатиб, сотмоқчи эканлигини айтди.

— Қанча? — деди сотувчи аппаратни синчковлик билан кўздан кечиргач.

— Икки юз минг, — ғудранганича жавоб берди Жасур.

Сотувчи ҳайрон бўлди. Аниқ билади, бу русумдаги телефон саккиз юз минг сўмдан ортиқ туради.

— Ўғирланмаганми ўзи? — деди у шубҳаси ортиб.

— Йўғ-е, нималар деяпсиз, ўзимники, — шундай деяётиб қиш куни бўлса-да, Жасурнинг манглайидан совуқ тер чиқди.

— Ҳозир пулим йўқ, — деди сотувчи.

— Пул шартмас, икки юз минг сўмлик озиқ-овқат берсангиз ҳам бўлади, — деди Жасур ҳовлиқиб.

Сотувчи рози бўлди. Жасур уйига макарон, ёғ, картошка, пиёз, олма, колбаса ва бошқа бир қатор маҳсулотлар солинган тўрва билан оғзи қулоғида бўлиб кириб келди. Алесага эса ишлаб пул топиб, бозорлик қилиб келганини айтди…

Дорихона сотувчиси қўл телефонини узоқ излади. Охири тоқати тоқ бўлиб, кузатув мосламаси томонидан ёзиб олинган видеотасвирларни кўздан кечира бошлади. Ана, бир неча соат олдин қизил курткали қизча билан келган, гаров эвазига спирт беринг, дея тортишган кўзлари бежо киши. У ноутбук ёнидаги телефонни усталик билан олиб, чўнтагига тиққан экан… Сотувчи дорихона маъмурияти билан маслаҳатлашиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилди…

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Жасур Машариповга тегишли мазкур жиноят иши кўрилди. Маълум бўлишича, Жасур Машарипов 1985 йилда туғилган. Маълумоти ўрта. Бўйдоқ. Муборак туманида рўйхатда туриб, Қарши шаҳрида яшайди. Ҳеч қаерда ишламайди. Илгари содир этган жинояти учун 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган, сўнг мазкур жазонинг ўталмай қолган бир қисми ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилган. Жазони ўтаган Жасур шундан сўнг ўзига тегишли хулоса чиқариши мумкин эди. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан…

Суд ҳукми билан унга Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Дорихонадан ўғирланган телефон аппарати эса эгасига қайтарилди.

Баҳодир ШЕРАЛИЕВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Манба: Ҳуқуқ газетаси,

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g




Report Page