Теледарсларда иштирок этаётган педагоглар хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрилмоқда

Теледарсларда иштирок этаётган педагоглар хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрилмоқда



Юртимизда мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар тайёрлашнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда тасвирга олиш жараёнида иштирок этаётган ўқитувчилар ва уларнинг яқинларини коронавирус (COVID-19) инфекциясидан ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, Ҳукумат комиссияси теледарсларни тайёрлашда иштирок этаётган педагоглар ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимларининг COVID-19 инфекциясини юқтириб олишларини олдини олиш мақсадида дарсларни тасвирга олиш жараёнини керакли шароит – моддий техника базаси ва ётоқхонаси мавжуд бўлган Тошкент шаҳридаги Президент мактабида ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни мамлакатимизда теледарслар намойиш этилиши бошланган. Ушбу теледарслар Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида тайёрланиб, МТРК студияларида тасвирга олинаётган эди.

Ҳозирги кунга қадар ўқитувчилар ҳамда телерадиокомпания ходимлари уйидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг Медиа марказига қатнаган ҳолда теледарсларни тайёрлаётган эди. Онлайн-мактаб лойиҳасининг барча иштирокчиларини коронавирус (COVID-19) инфекциясидан ҳимоя қилиш мақсадида теледарсларни бир жойда тайёрлаш бўйича қарор қабул қилинди.

- Ҳукумат комиссиясининг қарорига кўра, ўқитувчилар ва МТРК ходимлари теледарсларни Тошкент шаҳридаги Президент мактаби биносида тасвирга олишни бошлашди. Ушбу қарор биринчи навбатда лойиҳада иштирок этаётган педагог ва МТРК ходимлари ҳамда уларнинг яқинлари соғлиғини ҳимоя қилишга қаратилган, - деди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Лойиҳанинг барча 158 нафар иштирокчилари коронавирусни аниқлаш бўйича вирусологик текширувдан ўтказилди ва тест натижаларига асосан Президент мактабига жойлаштирилди. Педагог ва телерадиокомпания ходимлари фаолияти учун керакли барча шароитлар яратилди. Жумладан, жалб қилинган ходимларга алоҳида ётоқ анжомлари харид қилинди.

Теледарсларни такомиллаштириш мақсадида жалб этилган мутахассислар эса ўз фаолиятини масофадан давом эттиради. Улар теледарсларни суратга олиш учун материалларни тайёрлашда ва дарсларни эфирга узатишдан аввал кўриб чиқишга кўмак беришади.

Ўзбекистон Республикаси
Халқ таълими вазирлиги
матбуот хизмати

Ўқитувчиларга чемодан ва керакли анжомлар тақдим этилди
Дезинфекция жараёни
Ётоқхона


Report Page