"Тазод"

"Тазод"

Шоҳрӯз Мӯминзода

Тазод санъати*нинг қўлланилиши


"Номи қоғознинг оқ саҳифаларидан (бежизга эмаски) қора ҳарфларда ижодкор номи билан жой олган шахсларнинг ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст номига тош отаётгани ҳақида эшитяпман.

Шу пайт ёдимга Абдулла Ориповнинг "Сароб" шеъридаги сатрлар келиб қолади:


...Қайлардадир ҳамон кезар зулмат тимсоли,

Қайлардадир ҳамон тинмай оқмоқда-ку қон.

Кўзларимга гоҳ кўринар телба мисоли -

Мен бир вақтлар сажда қилган Ҳазрати Инсон!


Қайлардадир фисқу фасод, ҳасад, хусумат -

Инсоният фарзандларин тортмоқда дорга.

Гар бор бўлсанг, жавоб бер, эй илоҳий қудрат,

Наҳот гўдак ишончини ёзибсан қорга?!


Олти ойким, руҳим шундай учмиш танадан.

Олти ойким, мени хаёл эзар беомон.

Олти ойким, аллакимлар пана-панадан

Тош отади дарвозасиз қалбимга томон..."


*Икки қарама-қаршиликдан фойдаланиш санъати


Айни пайтда рӯй бераётган жараён ҳам тӯқима, уюштирилган "ижод" намунаси. Муаллифга тан бермасдан илож йӯқ: ахир оғир-босиқ характерли, истеъдодли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дӯст билан шу пайтгача унга тиш қайраб юрган енгилтак бир гала қаламдорларнинг ӯртасида бу санъатни қӯллаш кимнинг ҳам хаёлига келади, дейсиз.

Бадиий санъат мақсад бӯлолмайди, яъни ҳозирги жараёндаги тазод гарчи ҳаммамизни ром этаётган бӯлса-да, энг муҳими - хулоса, натижа. Ахир "бадиий" тӯқима композициясида кулминация ва ечим бӯлиши керак-ку!

Шоир Мирзо Кенжабек "Кун-Ӯз"даги чиқишида бир гапни айтиб қолди: "Бу халқ ӯз Абдулла Ориповини, ӯз Эркин Воҳидовларини ҳимоя қилиб чиқа оладими? Ӯз Рауф Парфиларини ҳимоя қилдими?"

Бу саволларни эшитиб, Қодирий билан бирга отилиб кетган виждонимизнинг ӯрнида оз-моз оғриқ пайдо бӯлади.

Эҳтимолки, аллақачон хатоликларимизни тузатиш вақти етган.

Сӯз соҳиби Мурод Муҳаммад Дӯст бизнинг ҳимоямизга муҳтож эмас. Биз - халқ, мамлакат, Ватан унга муҳтожмиз!

Умуман олганда, нима демоқчиман айтайми? Ҳаммамиз томошабин бӯлиб ӯтирибмиз. Нимадир қилиш ҳам шарт эмас, аслида. Гап шундаки, эрта-индин бу ёзувчига нимадир бӯлса, қӯлларимизни осмонга кӯтариб нола қилишдан ӯзгасини уддалолмаймиз. (Худди ҳозиргидек).

Каминага алам қиладигани шуки, кимдир фаҳш ишга қӯл урмоқчи бӯлса, Худодан қӯрқмаган тақдирда ҳам, одамлардан қӯрқиб, яширинча иш тутади. Ахир катта-катта ижодкорларимизни шеърдаги оҳангга ӯхшаб ҳар ёнга ӯйнатаётган одамлар (улар ким бӯлса ҳам) Худодан қӯрқмас экан, ҳеч бӯлмаса, ҳайиқадиган, истиҳола қиладиган одами йӯқми?! Ӯзи, жараёндагилар истиҳола қиладиган шахслар борми?

(Шахсан мен бу норозилик оҳангидаги сӯзларимни эълон қилаётганимдан устозим олдида ҳижолат бӯламан, маъзур тутинг). Бир сӯз айтиб чиқишнинг ҳеч қандай нафи йӯқ. Чунки айтилган сӯзларимизнинг манзили йӯқ. Қоронғуликка қараб отилган ӯққа ӯхшайди.

Шундай пайтда ҳамма нарса кӯзимга жуда абсурд кӯриниб кетади. Бирон юмушимизда ҳам маъни йӯқдек. Ҳатто СӮЗда!

Шун он дилимда бир илиқлик уйғонади. Ахир Худо ҳаммасини кӯриб турибди-ку. Шу кулфат бизга керак бӯлгани учун ҳам Худо бошимизга солди. Бу худди Албер Камюнинг "Вабо" романига ӯхшайди. Ҳа, айнан ӯша. Бу вабодан ӯзлигимизни йӯқотмай чиқа олишимиздадир ҳамма гап!

Report Page