Олий таълим тизими оғир жудоликка учради

Олий таълим тизими оғир жудоликка учради

EDU.UZ

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, Республика олий таълим кенгаши раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзаков шу йил 26 июль куни 69 ёшида вафот этди.

Ў.Умурзаков 1952 йилда Сирдарё вилоятида зиёлилар оиласида таваллуд топди. 1974 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини имтиёзли диплом билан тамомлади.

Шу йилнинг ўзида мазкур институтда кичик илмий ходим лавозимида меҳнат фаолиятини бошлаб, лаборатория мудири, ассистент  катта ўқитувчи, доцент, малака ошириш факультети декани, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш маркази проректори, қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети декани, илмий ишлар ва ахборот технологиялари бўйича проректор, ўқув ишлари бўйича биринчи проректор, ректор маслаҳатчиси ва ректор лавозимларида самарали меҳнат қилди.

Устоз қайси лавозимда ишламасин, сидқидилдан меҳнат қилди ва умрини республика олий таълим соҳаси ҳамда илм-фани ривожига бағишлади.

Республика олий таълим кенгаши раиси сифатида мамлакатимизда олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Ў.Умурзаков илмий-педагогик фаолияти давомида қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини ривожлантириш бўйича 50 дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланма, илмий монография, патент, методик қўлланмалар яратди ҳамда унинг илмий раҳбарлигида 20 нафардан кўпроқ фан докторлари ва номзодлари етишиб чиқди.

Олим бир неча илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар раиси сифатида мамлакатимиз учун юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда ҳам катта ишларни амалга оширди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, Ирригация ва мелиорация, Молиячи маълумотномаси, Экономический вестник Узбекистана, Sustainable Agreculture, Agroiqtisodiyot, Agro ilm, Business Economics Ўзбекистон Замини, Агробизнес информ, Sustainable Agriculture журналларнинг таҳририят аъзоси эди.

Унинг ташаббуси билан ишлаб чиқаришнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, институтда 15 дан ортиқ янги таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари очилди.

Институтда Халқаро ҳамкорлик доирасида Нидерландиянинг Вагенинген университети, АҚШнинг Мичиган Штати университети ва Миссиссиппи Штати университети, Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университети, Венгриянинг Обуда университетлари билан биргаликда икки томонлама диплом бериш бўйича магистратура ва Беларусь миллий техника университети билан бакалавриат қўшма таълим дастурлари йўлга қуйилди.

Сўнгги 3 йилда 80 нафардан ортиқ тадқиқотчилар диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, институт илмий салоҳияти 11,7 фоизга ўсди ва 52,4 фоизни ташкил этди.

Ў.Умурзаков раҳбарлигида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти халқаро майдонда ўзининг ўрнига эга бўлди ва жаҳон университетлари халқаро рейтинги QS минтақавий рейтингида 301-ўрин ва Times Higher Education (THE) томонидан ўтказилган халқаро предмет рейтингида 201-ўринга лойиқ деб топилди.

Институт республика олий таълим муассасалари рейтингида 2019 йил умумий натижалари бўйича 2-ўринни ва муҳандислик соҳасида энг юқори кўрсатгич 1-ўринни эгаллади.

Ў.Умурзаков олий таълим тизимида йирик олим ва тажрибали раҳбар сифатида ҳурмат ва эътибор қозонган инсон эди.  

Ўзининг ҳаётини таълим-тарбия ва илм-фанга бағишлаган устоз, самимий инсон Ўктам Умурзаковнинг ёрқин хотираси олий таълим тизими жамоатчилиги, олий таълим муассасалари раҳбарлари, яқинлари ва шогирдларининг қалбида умрбод сақланиб қолади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва жамоатчилиги номидан А.Тошқулов

Report Page