Таъзим сизга, устозлар! 

Таъзим сизга, устозлар! 


Муҳаббат Шарапова Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати.      

Ўқитувчи! Устоз! Бугунги кун қаҳрамонлари бўлган азиз устозларимиз ҳақида ҳар қанча сўзламайлик камдек туюлаверади.

Ўзбекистондек гўзал ва бетакрор мамлакатнинг беназир устозлари бугун жаҳон миқёсида тан олинаётганидан дилларимиз шодликдан ҳаприқиб кетади! Ҳеч бир мамлакатдаги ўқитувчилардан қолишмайдиган, ўткир билими ва заковати билан дунё бўйлаб ўтказилаётган турли танловларда ўз билимини намойиш этаётган азиз ва қалби дарёдек уйғоқ устозларимизга мен бугун чин дилдан таъзим қиламан! 

Азиз устозлар! Бугун сиз билим берган зукко шогирдларингиз барчанинг эътирофида! Чунки улар халқаро мусобақаларда, фан олимпиадаларида мамлакатимиз байроғини баланд    кўтариб, сизга, ота-онасига, туғилиб ўсган юртига олқиш олиб келмоқда! Ҳақиқатан ҳам, бизнинг ўғил-қизларимиз ҳеч кимдан кам эмасликларини исботладилар! Ўзбекистон фарзандлари халқаро олимпиадаларда олтин медаллар билан тақдирландилар! Бу биз учун, мамлакатимиз учун катта шараф! Биз бугун мамлакатимиз таянчи бўлиб камолга етаётган билимдон ёшларимиз билан ҳар қанча фахрансак, арзийди! Фарзандларимиз мамлакатимиз шарафини, шаънини муносиб ҳимоя қилаётганликлари бизнинг тўғри йўлдан дадил қадамлар билан бораётганлигимиз белгисидир! Бунда, сиз, азиз ва фидойи устозларнинг ўрнингиз беқиёс!

Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,

Сизку, юракларга илк зиё ёққан,

Олимми, шоирми ва ё санъаткор,

Илк бор сизга томон устоз деб боққан.

Мен олий тоифали математика фани ўқитувчисиман. Қарийб 50 йил, яъни ярим аср мобайнида мактабда ўқитувчилик қилдим. Фанлар шоҳи бўлган математика фанига қизиқадиган қобилиятли ўқувчиларни тарбиялаб, уларни математика фани бўйича Республика ва халқаро олимпиадаларга тайёрладим. Мен шундан бахтиёрманки, олимпиадаларда ғолиб бўлган менинг билимдон ўқувчиларим чет давлатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳларида таълим олдилар ва мен уларнинг ҳар бир ютуқларидан қувониб, фахрланиб яшадим! Ҳақиқий ўқитувчининг бахти шогирдларининг камолини, ютуқларини ва мавқеи ошиб бораётганлигини кўришдадир. Мен ана шундай бахтли ўқитувчиман! Чунки бугун мен таълим берган иқтидорли  шогирдларим мамлакатимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган ўз соҳасининг билимдон ёшларидир! Мен уларнинг янада юксалишларини, улуғ бўлишларини истайман!    

Азиз устозлар! Мамлакатимизда ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ниҳоятда юқори эканлиги бизга куч-ғайрат ва ғурур бағишлайди! Бор меҳримизни, билимимизни ва маҳоратимизни ўқувчиларга бағишлаб, уларнинг келажакда энг яхши инсон, энг яхши касб эгаси бўлиши учун ҳаракат қиламиз! Жонажон мактабимиз-иккинчи уйимиздаги азиз фарзандларимиз бизни ана шундай жонбозлик кўрсатиб ишлашга ундайди. Айниқса, муҳтарам Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Мурожаатларида математика, кимё, биология каби фанларга алоҳида  эътиборни қаратиб, ҳар бир туманда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилишини айтганларида, математика фани ўқитувчиси сифатида бу янгиликдан чин дилдан қувондим.Ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши ўқитувчиларга катта маъсулият юклайди, шу билан бирга улар билимдон, янгиликлар яратувчи, интилувчан ва ижодкор бўлишлари, узлуксиз равишда ўз билим ва маҳоратларини ошириб боришлари лозимлигини англатади. Чунки таълимга бўлган кучли эътибор биздан шундай ишлашни талаб этади,буни унутмаслигимиз лозим.

        Мен ўқитувчи сифатида таълим тизимини яхшилаш борасидаги ҳар бир янгиликдан руҳланиб, сифатли таълим олишга қадар яна бир қадам қўйилганлигидан кўнглим таскин топади. Фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларда эканлигини яна бир бор ҳис этаман. Узоқни кўзлаб иш олиб бораётган мамлакатимиз Президенти, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мактаб ҳаёти ҳақидаги ҳар бир сўзлари дилимга жо бўлиб, қулоғим остида жаранглаб туради.

Яқиндагина, Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида муҳтарам Президентимизнинг “Мактаб директори, ўқитувчи ҳар битта ўқувчини – бу менинг болам, деб қабул қилсин” деган сўзларини чуқур ҳис-ҳаяжон билан эшитдим. Ҳамма  ўқитувчига сизлаб мурожаат қилсин, бизлар ўқувчилик пайтимизда устозга кўчани нариги тарафида туриб йўл берардик, деган сўзлари ҳаммамиз учун ибрат бўлиши лозим. Мамлакатимиз раҳбари ўтаётган ҳар бир кунимиз нечоғли таҳликали бўлмасин, биз ўқитувчиларни бир лаҳза ҳам унутмадилар.Ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаб,таълим тизимини самарали йўлга қўйишни биринчи ўриндаги масала сифатида қабул қилиб келмоқдалар. Биз ўқитувчилар бу ғамхўрликларга жавобан, чуқур билим билан қуролланиб, бор маҳоратимизни намойиш этиб, ўқувчиларимизга пухта билим беришимиз, уларга фан сирларини чуқур ўргатишимиз керак.Улар мустақил Ўзбекистон фарзандлари эканлигини қалбларига сингдириб, миллий қадриятларга нисбатан ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаб боришимиз керак.

Ҳозир юртимизда синовли кунлар, пандемия муносабати билан ўқувчиларимизнинг айримлари анъанавий, айримлари эса онлайн дарс тартибини танлаб, таълим олмоқдалар. Бу жараёнлар  ўқитувчилардан катта куч талаб қилади, улар янада эътиборли ва янада масъулиятли бўлишлари лозим бўлади. Мен ишонаманки, бизнинг қалби қайноқ ва шижоатли устозларимиз ўз ишларини шараф билан уддалайдилар ва ўқувчиларимизга зарур билимларни ўз вақтида бериб, таълим сифатини оширишга ўз ҳиссаларини қўшадилар!

        Ҳурматли ва қадри баланд азиз устозлар! Фурсатдан фойдаланиб, юртимизнинг барча устоз ва мураббийларини 1 – октябрь - касб байрамлари билан самимий табриклайман! Уларга соғлик – омонлик, машаққатли ва шарафли ишларида улкан муваффақиятлар  тилайман! Мен истайманки, ҳамиша мамлакатимизнинг доно муаллимлари энг олдинги сафларда юриб, юрт тинчлиги ва Ватан тараққиёти учун хизмат қиладиган азиз ва мард инсонлар бўлсин! Бугун мамлакатимизнинг энг обрўли ва ҳурматли инсонлари бўлган ўқитувчилар эртага бунданда юқори натижаларга эришсин! Ҳар бир ўқувчига берган сабоқлари мамлакатимиз равнақи учун, унинг келажаги буюк бўлиши учун хизмат қилсин! Юртбошимизнинг ўқитувчиларга бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборлари улар учун эзгу мақсадларга эришиш манбаи бўлсин!

Азиз касбдошларим! Байрам арафасида қалбимдан шалола янглиғ қуйилиб келаётган шеърий тилакларим сизга бўлган бутун меҳримни ва чексиз ҳурматимни ифодалайди.

          Муаллим! Сиз – улуғ, Сиз – азиз,

        Сиздан баҳра олиб яшайди дилим,

        Сизга умр тилаб, толмайди тилим,

        Эй  азиз муаллим, азиз муаллим! 


                                              


Report Page