Тавбаи насуҳ

Тавбаи насуҳ

Ummu Zaynab Ummu

Муаллиф: Азизахон Исмоилова

37-қисм



🍃

Куни кеча куз ортидан дарахтлар бирин-кетин баргини тўкиб ерга турфа ранг поёндоз тўшаётган эди. Энди эса бу поёндозлардан рангин бўёқлар ўчиб, атроф олам дунёда фақат иккита ранг ҳоким бўлишини истайдиган совуқ қиш ташрифига ҳозирлик кўра бошлади. Иёз суви анча тортилиб қолган Яхсувга ҳам не бир хаёлда ўйчан турмулиб ўтди. Вужуд-вужудида тушунарсиз ҳорғинлик бор. Салон ичида янграётган мумтоз оҳанг аста-секин уни уйқуга элита бошлади. Аммо йўл дегани нотекис, машина ғилдираклари остидан сочилаётган майда тошчалар ғичирлаб ором олишга қўймасди одамни. Барибир чарчоқ ўз ишини қилди.

Қанча вақт пинакка кетганини билмайди, Иёз чўчиб уйғонди-ю ҳайдовчидан "мусиқа овозини ўчирайлик" деб илтимос қилди. Сўнг кўзларини ишқалаб атрофга қаради: йўлнинг катта қисми аллақачон ортда қолган, машина ойнасидан чўққисига биринчи қор тушиб улгурган оқсоч тоғлар манаман деб ўз виқорини намойиш эта бошлаган эди.

Улов сўқмоқ йўлга бурилгунча Иёзнинг хаёлини тушунарсиз ўйлар ва ғашлик чулғаб турди. Сафар гўш, Ширияздон, Мўмин Шайхов, эски душмани Акобир Сулаймонов, ҳалиям очиқликда юрган Соҳиб Сафоевнинг арзандаси Афтондил... Иёз бу сафар ўз душманлари-ю, эндиликда терс ўгирилиб кетишни ихтиёр этган эски улфатларини ҳам бошқа бир ракурсдан туриб кузатди.

Сафар "гўш" наздида "Иёз" деб аталмиш собиқ валломат- ваъдасига ҳилоф иш тутган бир нусҳа! Уни деб кимлар биландир ўртаси совуқлашгани, номи "ваъдабоз" га чиққани рост гап! Аламини кимдан олишни билмай юргани шундан. Ширияздонга эса энди "Иёз"нинг кераги йўқ. Керакли жойда, керакли амалда ўтирибди, атрофида лаганбардор, бир имосига елка қоқиб, шай турадиган шотирлари бисёр. Мўмин Шайхов ҳалиям "Иёз"дан хафа. Бошқа корчалоннинг орзусини ушалтириб, ўзини доғда қолдирган муттаҳам инсон сифатида танийди у "Иёз"ни! Акобир Сулаймонов... "Ҳап саними?" деб қўйганлар ичида унинг номи балки биринчилар сафида учрар?! Яхшиямки, қўлида ҳеч вақо қолмаган. Аммо эски танишларни ишга солишни жуда яхши билади! Соҳиб Сафоев ҳақида эслашнинг ўзиёқ юракни ғаш торттиради. Эсдан оғдирмай, бу амалдорни тинчгина амалдан кетказишнинг иложи бор эди. Аммо шайтон гиж-гижлаб йўлдан урди. 

Машина тепаликка кучаниб-кучаниб чиқа бошлади. Иёз уловнинг бу чиранишини ўзининг айни кунда бошдан кечираётган ҳолатига қиёслади. "Қандай бўлмасин, бу жардан чиқиб олишим керак... Албатта осон бўлмайди, чунки жудаям тубанлашиб кетганман..."

Таниш сўқмоқларни кўрди-ю, хаёлига лоп этиб шунча пайтдан бери ўйламаган одами Сарвиноз тушди: "Жин урсин, нега бу ҳақида олдинроқ ўйламадим?! Ишқилиб, ҳозир унга рўпара келмасам эди..."

 Охирги учрашув, сўнгги суҳбат чоғидаги ҳолат яна ичини шувиллатди. "Давлатнинг ўзини жўнатсам бўларди... Келиб ҳаммасини аниқларди, шунга қараб Сафар "гўш" билан учрашиб, орани очиқ қилиб олардим..."

Машина йўлдан қиялаб тўхтади. Иёз худди тушгиси келмаган одамдек пича жойида қилт этмасдан ўтирди.

"Нима бўлса-бўлди! У ёғи Худодан..."

Ҳаво этни жунжуктирар даражада совуқ эди. Иёзнинг бармоқлари музлаб, балки ҳаяжон таъсириданми, ияклари бир-бирига енгил-енгил урила бошлади. Қобил амакининг хонасида чироқ ўчиқ. Тим остига ғамланган сомон йўлни очиб қўйиш мақсадида бир тарафга олиб қўйилибди. Атрофни кузатди. Шу пайт ҳозиргина ўзи кириб келган кўча эшик тарафдан бировнинг овози эшитилди. Бу Қобил амакининг ўртанча ўғли Қадамали эканини кўриб, Иёз у томонга қараб юрди. Қисқагина салом-аликдан сўнг Қадамали "ичкаридан одам чиқмадими?" дея оғил томонга имо қилди.

—Одам бормиди? Эшик очиқ экан, шу ердасизлар дея ўйлабман...

—Ҳа-а... Янгам бир аёлни ишга олгандилар. Хабарингиз бор-ку, айтганча... Ҳуллас, шу аёл ҳозир отамнинг хонасида яшаяпти. Кўпам олдида ўралашмаймиз, мол-холга қарайман. Кундуз куни уч маҳал келиб кетаман, баъзан тўрт маҳал... Кечаси ташқарини укам бир-икки кўздан кечириб кейин уйига бориб ётади. Қишлоқ жой, биров-бировнинг игнадек нарсасига кўз олайтирмайдику-я, аммо гоҳ-ногоҳ ғалати-ғалати гаплар қулоққа чалиниб туради. Бу энди аёл киши бўлса, қўлидан нимаям келарди деймиз-да!

Иёз гап Сарвиноз ҳақида бораётганини тушуниб, секин кўча томонга қараб юрди.

—Сафар акадан гапиринг. Келиб нималарни олиб кетди ўзи?

Қадамали "юринг, кўрсатай унда!" дегандек, Иёзнинг тирсагига қўл ташлади.

—Йўқ, ташқарида гаплашаверайлик... Ичкарида нима бор, нима йўқ,  ҳаммаси эсимда. "Фалон нарсани олди", "пистон нарсани олиб кетди" деб айтсангиз ҳам тушунавераман.

Машина ёнига боришгач, Иёз фермага орқа ўгириб туриб олди ва Қадамалини тинглади. Онаси сал нотўғри тушунибди. Сафар "гўш" эски оғил ёнидаги янги тим учун ҳозирлаб қўйилган каркасларни олиб кетибди. У ерда анча темир-терсак бор эди. Кейин яна бир нечта ёзда сув ғамлаб қўйишга мўлжалланган сув бочкалари ҳам машинага юклаб кетилибди. Бори шу!

"Олса-олиб ўлсин! Шу билан тўядиган бўлса-бемалол!"

Қобил амакининг ўғли билан хайрлашиб, машинага чиқиб ўтирди. Фермага келиб, Сарвинозга рўпара бўлмай кетаётганидан Иёзнинг кўнгли чоғ эди.

—Янгамни кўришга ўтамиз!-деб қолди Қадамали машина ортидан қўл силкиганча.

🍃


 Иёз Абдулмажид қорига Амма порасини ўқиб топширди. Ҳали хатолари кўп экан. Қори "такрорни кўпайтиринг!" деб чиқиб кетди. Чиндан ҳам бу борада ҳали тўкис эмаслигини Иёзнинг ўзи ҳам биларди. Алламаҳалгача ўзидан йигирма ёш кичик қори болачаларнинг қироатига қулоқ тутиб, хатоларини тузатиб, мушоҳада қилиб ўтирди. Хужра ичида одам сепсилгач, секин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Чап бўлма тарафдаги уйнинг эшиги ёпиқ. Абдулмажид қори масжид яқинида жойлашган уйига аҳён-аҳёнда бориб туришини кўпчилик қатори Иёзнинг ўзи ҳам биларди. Масжид дарвозаси тарафга қараб юрди.

"Ақлим ҳар кун тавба қилар,

Нафсим ҳар он тавбам бузар...

Ўртада ҳайронаман!"

Рўпарадаги уй эшигининг чилвирини ечолмай пайпасланиб турган Абдол девонани кўрди-ю Иёз қадамини тезлатди.

—Ҳа, Абдол? Яна нима бўлди?

Девона анча йиллардан бери мажруҳ эди. Майишиброқ Иёз томонга ўгирилди. Тирсаги букилганча қотиб қолган қўлида қаноти синган чумчуқ, авайлаброқ уни биқинига қисиб олган.

—Чумчуқни қаердан тутдинг?

Абдол девона Иёзга оғрингандек қараб қўйди аммо ҳеч нарса гапирмади. Бу аҳволда у эшикни оча олмаслигини тушунган Иёз девонани, тўғрироғи унинг қўлидаги чумчуқни чўчитиб юбормаслик мақсадида оёқ учида юриб дарвоза ёнига борди. Чилвир ечилишига дарвозанинг кичик табақаси ғийқиллаганча очилиб кетди. Ҳовли ичидаги уйлар жудаям эски эди. Ёмғиру қорда, жазирама-и жаззоқларда туравериб тўсинлари ёрилиб кетган ёғоч сўрига чўкканча девона қушни соғ қўли билан қанотларини силай бошлади.

—Нима қиласан, уни?

—Тузатаман...

Иёз пича Абдол девонага ва унинг ўзи каби майиб-мажруҳ қушчасига тикилиб турди, сўнг секин ортига қайтиб чиқиб кетди. Шом намозига азон чақирилди. Иёз намозни масжидда ўқиди. Сўнг шу ёшда ҳам масжидга чиқишни канда қилмайдиган мулла Аҳмадшони уйига кузатиб қўйиш мақсадида Абдулмажид қоридан руҳсат олди.

—Ундан нари уйгами, Иёзбек?!

—Ҳа, онам ёлғиз. Бомдодда кўришамиз...

—Ин шаа Аллоҳ денг...

—Ин шаа Аллоҳ!

Йўл-йўлакай мулла Аҳмадшо раҳматли отаси Ҳоқон ҳақида яна у-бу нарсаларни айтиб берди. Сўнг "отангизни ўзингиз ҳам тез-тез эслаб турасизми, Иёзбек?" деб сўради. Иёз отасининг нурли сиймосини хаёлан тикламоқчи бўлди аммо устоди кабирнинг кескир нигоҳлари шуурида ярқ этиб, нохуш хотиралар ёди-хаёлини чулғаб олди. 

—Табиийки, у пайтлар ёш бўлгансиз. Аммо ҳозир ундай эмас. Дуоларингизда отангизни кўп-кўп эсланг, Иёзбек! Марҳумлар ҳамиша дуога муштоқ. Қачонки, ўлик тинч ётса, кейин тириклар тинч юради.

Мулла Аҳмадшони уйига киргазиб юбориб, Иёз зулмат ва ола-кўланка қоришиқ йўлдан бир ўзи тепа маҳаллага қараб жўнади. Тилига ёдаки ўрнашиб қолган дуоларни ичида такрорлаб келаркан, кўча муюлишидан бери ортидан қолмай эргашиб келаётган қандайдир шарпани сезиб секинлашди. Шип-шип эшитилаётган товуш ҳам энди жимиб қолгандай. Овоз чиқариб калималарни қайтара бошлади. Уч қайта қайтарганидан сўнг бирдан хушига келди. Айтаётган жумлалари ҳеч қанақасига ўзи яқинда ёд олган калималарга оид эмас. Машҳур жинлар тилида ёзилган дуо!

"Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ!"

Қачон пичирлаши жаҳрий овозга айланганини билмайди. Ўзига келган пайтда тушундики, бор овозида бақириб истиғфор калималарини айтаётган экан. Қоронғу кўча худди тилини ютиб юборган гунг одамга ўхшарди. Чурқ этган товуш йўқ. Бу зулматда қолиб кетишни у ўзи учун ҳатарли деб тушунди ва уриниб-суруниб югуришга ва қочишга тушди. Шарпа анча жойгача ортидан қувиб келди, тўғрироғи одам қадами узилмайдиган Калоннинг супасигача! Мулла Садрнинг баҳайбат қайрағочи остида унинг Иёз билан йўли айрилди.

"Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ..."

Қаймоқранг дарвоза бир зарб билан кафт уришига қарсиллаганча очилиб кетди. Равон ёп-ёруғ. Онасининг хонаси ҳам. Иёз талмовсираганча зина бошига келди. Шу пайт ошхона тарафдан келаётган қадам товушларини эшитиб ўгирилди ва у ердан қўлида патнис билан чиқиб келаётган аёлни кўрди-ю турган жойида тошдек қотди. Сарвиноз ўзини худди яна фермадагидек тутди. Иёз ердан кўз узмаган кўйи ёнидан ўтиб кетаётган жувонга серрайганча қараб турарди:

"Менинг уйимда унга нима бор? Нима қиляпти у бу ерда?!"

🍃


—"Нима десанг, шу бўлади!" дегандингиз, она! Шу гапингиздан кейин... бир иш қилишдан олдин албатта мендан сўрайсиз деб ўйлабман...

Ўғлининг нимадан хуноби чиқаётганини Афшар хоним тушунмади. Ўйлаб қараса, бунга арзирли сабаб ҳам йўқ! Ҳа, хонимнинг наздида шундай!

—Мастон бибим раҳматли бўлиб кетганига анча бўлди. Суҳроб ҳам ўзидан тинчиб кетган... Агар шуларни ўйлаб ичинг ғашланаётган бўлса, айтиб қўяй: Ҳозир унақа-мунақа деб ўтирадиган пайтмас, ўғлим... 

Онасининг тез-тез ҳовли этагига қараб-қараб гапираётганини кўрди-ю Иёз ҳам беихтиёр ўша тарафга юзланди. Сарвиноз катта лампочка кафтдек ёритиб турган ховлида ўзича куймаланиб ошхонага кириб-чиқиб юрибди.

—Бу аёл... қачондан бери молхонада яшайди. У ёқдагилар ҳам мендан хафа, худди сенга ўхшаб! Ишига аралашаётганим ҳеч кимга ёқмаяпти. Аммо шунақа қилмасам бўлмайди, ўғлим! Ҳамма тарафини ўйлаб кўрдим. Ўйлаган нарсаларимнинг энг биринчиси бу-инсон қадри! Одам боласининг кўча-кўйда хор-зор бўлиб юришини истамайман. Табассум опанг узоқ қолиб кетмайди, келади- Худо хоҳласа... Унгача буям иссиқ уйда оёқ узатиб, оз бўлса-да одамга ўхшаб яшаса- яшаб туради!

Иёз ғижинганча яна дераза томонга кўз ташлади: "Гапиришгагина осон! Қандай қилиб бир уйда кўз-кўзга тушмай яшаш мумкин? Билмайсиз-да, она... Сарвинознинг яшаш тарзидан хабарим бор: ҳар томонини ўйлаб, пишитиб... энди-энди режа тузаётгандим. Орага одам қўйиб бўлса-да унга ёрдам бериш учун.... Аммо ўзингиз билмаган ҳолда ишимга аралашиб режаларимни бузиб қўйдингиз..."

Ўғлининг ички ғалаёнларидан бехабар Афшар хоним яна юзага келган қалтис вазиятни силлиқлаб юмшатишга тушди:

—Иёз! Менга қара ўғлим... Аёл дардини аёл тушунади. Буни сенга тушунтириб бера оламанми-йўқми билмайман. Раҳматли отангдан сўнг менам ота ҳовлимга кетиш-кетмаслик ҳақида ўйлаганман."Чиққан қиз-чиғириқдан ташқари" деган гап бор. Эрдан қайтиб келган қайнэгачилар кўпам келинларга ёқавермайди. Мен бу жувоннинг тимсолида ўзимни кўриб тургандекман. Худо сийласа-ку, бошқаларнинг нима қилиши билан ишинг йўқ! Аммо сийламаса, тирноққа зор қилса- бу дунёда тик оёқда туриш учун ҳам куч керак, ўғлим! Мендан ранжима, шунчаки онангни кимгадир бир яхшилик қилгиси келди-да! Аввало бу уйнинг эгаси сенсан! Қарор ҳамиша сендан! Ҳалиям ўша гапни айтаман: Сен нима десанг шу бўлади!


🍃


Алламаҳалгача онасининг хонасида чироқ ўчишини кутиб ўтирди. Аксига олиб Афшар хоним янги ҳизматчиси билан бир нималарни гаплашиб ўтирди шекилли, чироқ дегани ҳадеганда ўчавермади.

"Нимани гаплашяпти булар ўзи?"

Дераза ёнига келиб-кетаверишдан дами қайтган Иёз нима қиларини билмай ховлига чиқди. Боя онасига Сарвинознинг шу уйда яшаши учун майл билдиргандек бўлди, аммо... Ҳалиям ичи безовта! Нима учун у-бу уйга келишга розилик билдирганини тушунмаяпти. Ўйлайвериб мияси ғовлаб кетди. Юзлашишдан қочадиган, ҳар доим йўлни терс буриб кетишга одатланган Сарвиноз Иёзнинг таъбирича бундай қилмаслиги керак эди!

"Нега яна йўлимдан чиқдинг? Нега? Ахир ўзинг айтмаганмидинг: "ўтмишимда қолинг аммо ҳаётимга қайтиб келманг!" деб... Нега ўзинг истамаган ишни қиляпсан? Ё қанчалик бахтсиз эканлигимни кўрмоқчимисан? Нима учун бошқалар каби мени қийнаш ва синаш пайига тушиб қолдинг? Ёки... ўзингни энди шу ерда ёқмоқчимисан, қақнусқуш...?

Ҳа, сендан ҳар нарсани кутса бўларкан... Қўрқиб қолдим! "Ҳар кун оз-оздан қултумлаб ичаётган заҳаримда фақатгина ўзим биладиган ширин маза бор... Уни дунёнинг бор лаззатларига алишмайман!" дегандинг! Хўш, нима бўлди? Нега фикрингдан қайтиб қолдинг? Ёки ўша заҳарни энди менинг кўз олдимда ичмоқчисан?! Янаям қаттиқроқ азобланишимни истайсанми?!"

Изтироб билан хира ёғду таралиб турган дераза тарафга қаради. Ичидан яна минг хил ичқиринди ўтди. Ўзига-ўзи ихтиёрсиз равишда "у бундай қилмаслиги керак эди!" деб қайтаравериб чарчаб кетди. Барибир тушунарсиз... Бундан ўн икки йил олдинги воқеа- ўзининг худди шу ҳовлида Сарвинозга юзма-юз турганча айтган гаплари хаёлидан ўтди:

"Шарманда бўлишдан нега қўрқмаслигингни биламан. Йўқотадиган нарсанг йўқ! Эртами, кеч—эринг билан ажрашасан, энди таъна-дашномларга чидаб яшамоқчи ҳам эмассан!  Яна... менда олинмай қолиб кетаётган қасдинг бор! Ҳаётингни бузиб, сени бахтиқаро қилганимдан аламзада бир аҳволсан. Бошқасига уйланиб кетаётганим—сени қуюшқондан тоширяпти... Аввал ҳам айтгандим: менинг ҳаётимда сенга ўрин йўқ, Сарвиноз! Ўзинг бахтли бўлолмаганингга яраша—энди бошқаларни бахтли бўлишига қўйиб бер ва мени бошқа безовта қилма!"

Ҳа, ўшанда Сарвиноз Иёз кутмаган гапларни айтиб, уни жуда шошириб қўйганди. Ҳалигача эсида...

 "Аёл қалби қанақа оғриқ ҳис қилаётганини-сиз эркаклар қаёқданам билардингиз?! Сизга ҳусуматим йўқ. Бахтсиз бўлишингизни ҳам истамайман. Бу синовлар—фақат бир ўзимнинг бошимга келган синов! Хато ҳам ўзимники! Ҳавотир олманг, ваъда бераман: ҳеч қаерда сизни ўз айбимга шерик этмайман! Бошимни кундага қўйишса ҳам оғзимдан биронта сизга оид сирни суғуриб олишолмайди. Хотирингиз жам бўлсин..."

Ўшанда Сарвинозни баридан воз кеча олар даражада журъатли деб ўйламаганди...

"Қандай бўлмасин, сен билан гаплашиб олишим керак! Бусиз бўлмайди..."

Ортига қарай-қарай ошхона ёнбошидаги уйча томонга қараб юрди. Эндиликда ҳизматчининг ортиқча лаш-лушларидан бўшаб қолган бу ҳужрага авваллари Иёз эҳтиёж юзасидан бир-икки марта бош суққан. Аммо ҳозир ичкари қандай кўринишда эканлигини билмайди.

"Шу ерда бироз кутсам, у келади ва бугуноқ гаплашиб олишга имконим бўлади! " деб ўйлади. Ошиқ-мошиғи ёғсираб қолган эшик қулоққа ёқимсиз товуш чиқариб очилган пайтда яна ҳавотирли бўйин чўзганча онасининг деразаси томонга қараб қўйди. Йўқ,чироқ ҳалиям ёниб турибди. Хужра ичкариси деразага қалин матодан парда тутилгани боис қоронғу эди. Бурчакда турган қорамтир нарсани юзаки пайпаслаб, уни ҳали ҳам ичи бўшатилмаган йўл сумкаси эканлигини билди.

"Ҳа! Ўзиниям қолиш нияти йўқ шекилли..."

Бир амаллаб курсини дераза ёнгинасига суриб ўтирди ва ташқарини кўриш мақсадида дераза дарпардани хиёл қиялатди.  Шу ўтиришда қанча ўтирганини билмайди. Бир маҳал Афшар хонимнинг деразасидан зиё улашиб турган чироқ "лип!" этиб ўчди. "Хайрият!" деди Иёз енгил тортиб сўнг юрак ютганча Сарвинознинг равон йўлагида кўриниш беришини кута бошлади.

Беш, олти... Ҳатто ўн дақиқадан ҳам ошиб кетди. Ҳали ҳануз зина тарафда ҳеч кимнинг қораси кўрингани йўқ. Жимжитлик...

"Жин урсин, нега чиқмаяпти? Ботиб қолдими, нима бало?!"

Яна бироз кутди. Аммо вақт бесамар ўтиб бораётганини тушунгач, ҳужрада сичқон овламоқчи бўлган мушукдек пусиб ўтириш- ўзига ҳам ғалати туюлиб қолди. Ўрнидан туриб эшик ёнига борди ва чиқиб кетиш олдидан ортга, боя ўтирган жойига қайрилиб қаради.

Парда очиқ қолибди!

Уни тўғрилаб қўйиш учун эндигина олдинга икки -уч қадам қўйганди ҳамки, ортидаги эшик худди биров итаргандек ғичирлаб очилиб кетди. Иёз ичкарига кириб келувчини қўрқитиб юбормаслик учун тамоқ қириб, ўзининг шу ерда эканлигини билдириб қўймоқчи бўлди. Аммо остонада ҳеч кимнинг шарпаси сезилмагач, шоша-пиша ўзини ташқарига урди:

"Астағфируллоҳ!"

Ҳовли кўчма ёритгичнинг сутдек зиёсига чулғанган, равон устунларининг сояси узун бўлиб ерга қора чизиқ тортганди. Ортиқча тараддудланиб ўтирмай йўлни тўғри- онасининг хонаси томонга бурди.

—Она, кирсам бўладими? Ухламаяпсизми?

Эшик ортидан аввал кимнингдир шивирлагани эшитилиб сўнг Афшар хонимнинг уйқучан овози янгради:

—Иёз, ухлашга ётдик ўғлим... Ухламаяпсанми? Нима ишинг бор эди?  

Пича жим турди. Сўнг ўзи ҳам мудроқ элитиб бораётган одамдек ғўлдираб онасига жавоб қилди:

—Майли, безовта қилмай қўя қолай, Эртага гаплашамиз! Яхши ётиб туринглар...

🍃


Бомдод намозидан кейин ярим соатлар ўтиб-ўтмай Абдулмажид қорига йўл чиқди. Шунча шогирди турганда, бу инсоннинг атай ёнига келиб "бир жойга ўтиб келамиз, тайёр туринг! " дейиши — Иёз учун кутилмаган таклиф бўлди. Енгилгина кийинди-ю қорининг ортидан эргашди.

—Муллоҳасан бобо ётиб қолибдилар. Ўзи ҳайрон бўлиб тургандим: кеча ҳуфтон намозида кўринмадилар деб...

Ҳар доим намоз ўқиш учун эринмасдан масжидга келадиган нуроний оқсоқол Иёзнинг кўз ўнгидан ўтди. Чиндан ҳам кеча ҳуфтонда унинг ҳар доимги намоз ўқийдиган жойида бошқа биров такбирга қулоқ қоқди. Кўпинча у сафда шу чолнинг ортидаги қатордан жой оларди. Саксондан ошиб, тўқсонни қоралаб қолган бу мўйсафид ёшига қараганда анча тетик кўринарди.

Йўл бўйи қори гапирмасдан жим кетди. Шошилинчда иссиқ кийиниб чиқмагани учун Иёзнинг эти сал увишгандек бўлди-ю аммо тез-тез юргани учун кўп ўтмай иссиғлаб кетди. Муллаҳасан бобони шу яқин атрофда яшаса керак деб янглиш ўйлаган экан. Ҳаш-паш дегунча битта маҳалла тугаб, кейингиси бошланди.

—Оқсақол шунча йўлни босиб келармиди? Қойил-ей!

—Ҳа... Ажабланяпсизми?

—Ҳайрон қоляпман. Тўғриси ишониш қийин-да!

Абдулмажид қори жилмайди:

—Иҳлосли инсонларга ишонсангиз бўлади, Иёзбек! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ким уйидан масжидга чиқса, икки фаришта ҳар бир босган қадами учун ўнта ҳасанот ёзади!" деганлар. Яна бир ҳадисда Жанобимиз «Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер», дейилди!" деганлар. Анча йиллар олдин мен бу инсонга мана шу икки ҳадисни айтиб бергандим. Буни қарангки, эшитганларига то мана шу-кечаги кунгача тўлиқ амал қилиб келдилар!

Ниҳоят, кичкинагина кўк дарвоза ёнида тўхташди. Абдулмажид қори зулфинни секингина қўли билан қоқаркан, Иёзга "четга ўтиб туринг, ҳовлида аёллар борга ўхшаяпти! дея шипшиди. Бироздан сўнг эшик очилиб остонада миқти жуссали, нимасидир Муллаҳасан бобога ўхшаб кетадиган киши кўриниш берди. Салом-аликдан сўнг қори мезбондан бобонинг аҳволини сўради:

—Яхшимилар?

—Алҳамдулиллаҳ!

Ёшланганнамо кўзларни кўриб Иёз ичкаридаги ҳолатни таҳмин қилгандек бўлди ва Абдулмажид қорига ҳавотирли нигоҳ ташлаб қўйди.

—Сизни сўрадилар. Шунинг учун ёнингизга одам жўнатиб, чақиртириб келишга мажбур бўлдим, айбга буюрмайсиз...

—Ҳеч қиси йўқ! Келиш вазифамиз! Ҳижолат тортманг...

Ёғин-сочинда чолнинг қийналмай ўтиб қайтиши кўзланганми, ҳовли ўртасини кесиб ўтувчи сўқмоқ юзасига бир текисда ғишт ётқизиб чиқилган экан. Ана ўша сўқмоқдан юриб ўтиб, мезбон йўл бошлаб турган хонага киришди. Тўрда Муллоҳасан бобо ётибди. Пешонасидан реза-реза тер оқяпти. Иёзни ҳайрон қолдириб чол тепасига келган Абдулмажид қорини таниди ва унга хиёл жилмайиб қаради.

—Қо.. ри бор.. ми... сиз?!

Кейин имо ишора билан яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади.

—Сиз билан кеча шомдан бери кўриша олмаганларига хафалар. Бетоб бўлиб қолган қори болага "асал олиб чиқиб бераман" деган эканлар.

Гапира туриб ўғилнинг томоғига нимадир тиқилгандек бўлди. Абдулмажид қори "ҳеч қиси йўқ, ҳеч қиси йўқ!" дея нуроний отахоннинг кафтларидан тутди.

—Шунинг учун ёнингизга келдим, Муллаҳасан бобо! Ўрнингиз билинди. Намоздан кейин биринчи бўлиб сизнинг қўлларингиздан тутишга ўрганиб қолибман.

Чол яна жилмайди. Қароғларида каттагина томчи ёш кўриниб дув этди-ю, қулоқ чакаги томон югургилаб оқди.

—Қори... Мен... сизга...ишонаман! Яна...Бир гап..ни айт...моқчи эдим... Бугун...тушимда...Сиз...айтган...жой... ни...кўриб... ман! Ҳа-а... Сиз айт... ган жой!

Уч бирдек одамнинг бари чолнинг бу гапидан ҳайратга тушиб шошганча бир-бирларига қараб олишди.

—Қаерни кўрдингиз? Муллаҳасан бобо? 

—Кўр... дим... —деди чол яна ва масрур кўзларини шифтга тикиб бир муддат жим қолди. 

Ҳамма нимадандир муттассир бўлгандек сукутда эди. Ўғил отасини қистаб яна бир нималарни сўрамоқчи бўлганди, қори "қўйинг" дея уни қайтарди. Аста-секин ўлимга юзлашиб бораётган одамнинг бу гапи-Иёзни ҳам ўйлантириб қўйди: ҳар ким ажалга ҳар хил ҳолатда рўпара келармиш...

Кимдир Жаннат эпкинини димоғида туйиб, ҳудди Муллаҳасан бобо сингари масрур бир қиёфада ажал ташрифини кутса, бошқа биров сўнгги дамни виждон азобидан чора тополмай ўтказади...

Иёзнинг кўз олдига мулла Зиёднинг тарашадек қотган жасади келди: нохуш манзара! Аслида-ку Худованддан бўлиб чолнинг ажал билан қандай юзлашганига гувоҳ бўлмаган. Мулла Зиёд у эшик очиб борган пайтда аллақачон омонатини топшириб бўлганди. Қаҳратон қиш, заранг қотган эшик, очилишни истамаётган қулф ва ўша ижирғанишга мажбур этадиган манзара — балки умрининг охиригача Иёзнинг ёдидан чиқмас, аммо кўрганларининг ҳеч бири ғафлат уйқусидан уйғотишда асқотмагани уни ҳар эслаганда ажаблантиряпти.

Назарида ўшанда кўр бўлган, кўзи очиқ юрадиган кўр! Ҳар куни қуёшга тескари турган тахтига чиқадиган ва ўзининг узун соясидан бошқасини кўрмайдиган худбин бахтиқаро! Йўқса, мулла Зиёднинг аянчли ўлими унга сабоқ бўлиши керак эди.

Бўлмади!

Чолнинг қабри устига бориб алам-аччиқда баллон ёққани эса...

Абдулмажид қори томоқ қоқди. Хаёлга чулғаниб, ўзи билмаган ҳолда зўрға нафас олаётган Муллоҳасан бобога бақрайганча тикилиб ўтирган Иёз апил-тапил нигоҳини бошқа томонга кўчирди. Қараса, чолнинг ўғли боядан бери ҳар бир ҳаракатини кўз қирида кузатиб ўтирган экан. Ҳижолат тортди.

🍃


Пешин намозидан сўнг Муллоҳасан бобо жойига қўйилди. Иёз одамлардан ажраб бир ўзи ёлғиз оёқ йўл ёқалаб пастга тушиб бораркан аралаш ҳислар таъсирида атрофга кўз югуртирди. Анави ерда Музроб тентак ётибди. Ғамзанисони бадном этиб сўнг ўн йилдан ошиқ одамларнинг тепкисига, калтагига сазовор бўлиб яшаган собиқ тракторчи!

Яқин-яқингача болалар уни сувга пишиб уришарди ёки дарахтга боғлаб... Анор пўстига ёки тарвуз косасининг ичига аҳлат тўлдириб "ма, Музроб ейсанми?" дея устидан куладиган мазаҳчилар ҳам бир-иккита топилиб турарди. Ҳар сафар янгидан-янги хўрлик, янгидан-янги услублар... Негадир баъзилар ўз бахтсизлигини унутиш учун атай Музробни майна қиладигандек кўринарди. Тентак-хушини озод этиб кўкка учириб юборган бўлса ҳам, танаси билан бу хўрликларга то охирги лаҳзасигача чидади. Чидамай қолгач эса ўлди!

Иёз унинг қабри тепасига бориб биринчи марта Музроб борасида янглиш ўйлаганини тушунди.

—Билмадим ошна... Сен мени ким деб танийсан, ким деб тушунасан? Ким деб ўйлаган бўлсанг ҳам мана мен қабринг бошида турибман...

Баъзан кимлигимни ҳатто ўзим ҳам тушунмайман. Назаримда умримнинг қайсидир йилларини мен шайтонга айланиб ўтказгандекман... Сен жинни бўлиб одамларнинг лаънатига раво кўрилган бўлсанг, мен... Худонинг лаънатига раво кўрилдим. Аммо ўзим сезганим йўқ!

Ҳозирги ишим ҳам Қиёматда гуноҳни ўзидан соқит қилиш учун ёлғон гапираётган шайтонникига ўхшайди. Сен билан боғлиқ бир гуноҳим борки, уни ўзимдан соқит қилишни ҳам билмайман, қилмасликни ҳам...

Юзаки қараганда ақлингдан бегона бўлиб, Музробдан-"Музроб тентак"ка айланиб қолишингда Иёз деб аталмиш бир жинкашнинг қўли бор! Яъни мени... Ёлғиз қолган пайтим ўзим ҳақимда шундай ўйлардим... 

"Бу ишни заб қилганман-да!" деб қилмишимдан фаҳр туйган сонияларим бўлган. Аммо чуқурроқ ўйлаб қаралса, бундай эмас! Мен гуноҳ қилиш учун жидду-жаҳд этдим, Аллоҳ эса сабабда восита қилди. Ўзимни ютуқда, сени эса ютқизиқда деб ҳисоблай олмайман. Балки тентак бўлиб яшаб юрган пайтларинг бор айбларингни ювишга улгургандирсан...

Ғамзанисони сен туфайли йўқотдим. Ҳа, қачондир шундай фикрлаганман. Аслида бу фариштамонанд қизни Қодир Эгам менга муносиб кўрмади. Гуноҳингга тавба қилиш имконини қолдирмаганим билан назаримда бу имкон сенда ҳамиша бўлган! Солиштириб қараганда мендан бахтлироқсан! Чунки хушингдан айрилдинг, нафсингни ўзинг эмас, бошқалар топтаб завқланди. Менда эса ҳар қайтганда ёмонлигимни минг бора юзимга соладиган хуш бор! 

Виждоним қийналади аммо ўзимдан воз кечолмайман...

Сен эса ҳаммасидан воз кечиб, биттада қутилиб кетдинг...

🍃


Чойнак кўтарган Сарвиноз ичкарига кириб келган пайтда- у онасига жаноза тафсилотларини бир бошдан гапириб бериб ўтирганди. Жувонни кўрди-ю Иёзнинг уни ўчди.

—Гапиравер...

Бу рағбат гарчи онаси томонидан янграган бўлса ҳам иҳтиёрсиз равишда кириб келувчига қаради. Чой дамлаш, овқат, кир-чир, онасига баъзан суҳбатдошлик вазифасини ўташ-бу аёлнинг зиммасидаги юмуш саналса-да ҳозир унинг бу таҳлит ичкарига тап тортмай кириб келиши Иёзни ажаблантирди.

—Мен ҳам у чолни танирдим. Яхши одам эди. Бир марта уйларига асал сўраб борганман, хотини олиб чиққан. Адашмасам, Соҳиб ўртоғингнинг аммаси уларга қўшни...

—Билмайман! Қўшниси билан ҳам, маҳалласи билан ҳам ишим йўқ!

Иёзнинг овозидаги зардани Сарвиноз сезди аммо миқ этмади. Ҳатто бош кўтариб бир бора бўлсин хонтахта атрофидагиларга қараб қўйишга ҳадди сиғмади. Кўз ёш тўка-тўка янаям баттар тим тортиб кетган киприклар- "ойна кўл" четида ўсган қамишзордек жимирлаб, маъсума нигоҳлар- чойнак нақшлари узра сузиб юрганини Иёз мана шу бир неча сониянинг ўзидаёқ кузатишга муваффақ бўлди.

"Ўликдек ҳиссиз бўлишга улгурибсан... Назаримда сен ичаётган оғу шунақа ҳоссага эга! Ўлмайсан-у, аммо ўлик каби ҳиссиз яшайверасан... Мурдалар кўмилади, сен эса ўзингни ўзинг кўмиб завқ оласан!"

Пиёлага чой қуйилаётганини кўриб ўрнидан қўзғолди.

—Ҳа, тинчликми? Нима бўлди? Ўтир, чой ич! Энди иссиқ чой келганда сен қаёққа кетяпсан?

Шошилинчда бу гап қандай таъсир этди экан деб Иёз Сарвинозга бир қараб олди. Чой қуйилган пиёла ҳозир унинг қўлида енгилгина титраяпти. Аммо юз қиёфасидан барибир ҳеч нарсани билиб, англаб бўлмайди.

—Она, кўчада ишим бор... Сизлар бемалол чой ичиб ўтира туринглар, мен тезда келаман!

Яхшики, Афшар хоним ўғлининг овозидаги безовталикни, ҳаяжонни, агар таъбир жоиз бўлса ўзини совуққон тутишга бўлаётган уринишни сезмади. Сезганда ҳам тушунмаган бўларди. Хоним бу сафар ҳизматчисига юзланди:

—Ҳалигини опчиқ! Тезда...

Сарвиноз бамисоли ҳуркак оҳудек дик этиб ўрнидан турди. У чиқиб кетганидан сўнг ўзидаги тушунарсиз ҳолатдан карахт тортган Иёз яна секин онасининг ёнига чўккалади.

—Нима олиб чиқади? Нимага киргазиб юбордингиз?

—Ҳа... Эсимдан чиқиб қолибди, касал бўлиб ётиб қолмасимдан олдин эди: Жамшиднинг хотинидан нарса олгандим. Тўғри келмаса қайтаришга келишганмиз. Шуни эрининг дўконига бериб ўтиб кет! Йўлинг ўша тарафгами?

Иёз ҳудди онасининг гапини маъқуллагандек бош сараклатди. Аслида ҳозир кўчага чиқиб қаёққа боришиниям билмайди. Сарвиноз кириб ичкаридан олиб чиққан нарсасини секин хонтахта четига қўйди. Елим ҳалтага ўралган нимадир...

—Шуми?

—Ҳа, "онам олган экан" десанг тушунади. Агар Мастура ўша атрофда юрган бўлса, ўзининг қўлига берсанг ҳам майли... Ортиқча гап-сўздан ҳоли!

Елим ҳалтага қўл узатаётиб Иёз яна Сарвиноз тарафга кўз қирини ташлади. Рўмол четини тутамлаб турган бармоқлар анча қадоқ ва шишлардан тузалибди, жувоннинг ўзи ҳам энди аввалгидан бироз тўлишиб қолгандек.

—Бўлди, бериб қўяман! 


37-қисм тугади.

@Ummuzaynabummuijodi

Report Page