“Tashkent City” боғининг фаолияти бўйича қўшимча маълумот

“Tashkent City” боғининг фаолияти бўйича қўшимча маълумот

Tashkent City IBC

2021 йил 31 август куни “Адолат” партияси депутати Обиджон Латипов ёзган мурожаати бўйича “Хabar.uz” ахборот-таҳлилий порталида ““Тошкент Сити”да яна ишкал: битта “Love Story” учун юзлаб одамлар қувиб чиқарилди” сарлавҳаси остида жойлаштирилган мақола ва унда келтирилган фикр ва мулоҳазалар юзасидан “Tashkent City” ХИМ Дирекцияси қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги “Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 559-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳрининг А.Навоий, Олмазор, И.Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида замонавий комплекс — “Tashkent сity” Халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилмоқда. Мазкур қарор билан “Tashkent сity” Халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида инвесторлар томонидан амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларини бажарилишини мувофиқлаштириш бўйича давлат назорати механизми ўрнатилган.

Республикамизда давлат сиёсати даражасида амалга оширилаётган инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ имтиёзлар доирасида инвестиция фаолияти субъектларига берилган имтиёзлар қаторида “Tashkent сity” ХИМ лойиҳаси инвесторларига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги ПҚ-3895-сонли қарорига асосан имтиёзлар берилган. Мазкур имтиёзлар қурилаётган марказнинг янада жозибадор бўлишига ва қисқа муддатларда барпо этилишига кўмак бўлмоқда. “Tashkent сity” ХИМ ҳудудида сиз кўриб турган қисқа муддатда қурилиб, гавдаланиб турган замонавий бино-иншоотлар бунинг яққол мисолидир.

“Tashkent Сity” кўп тармоқли боғи 18,6 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, у “Tashkent city” ХИМ ҳудудининг марказий қисмида жойлашган. Боғ ҳудудида Tashkent City Planetarium мажмуаси (шу жумладан: “Парвозли театр” (Flying theater), Юлдузлар музейи, замонавий планетарий), амфитеатр, овқатланиш шаҳобчалари ва савдо киосклари қурилган. Боғнинг энг диққатга сазовар жойлари эса унинг ҳудудида барпо этилган, майдони 15 000 кв.м. дан ортиқ бўлган сунъий кўл ва мусиқавий фаввора, декоратив ҳовуз ва бошқа фавворалардир.

Шунингдек, боғда гранит ва бетон йўлаклар, кичик ўйингоҳлар, юмшоқ қопламали болалар спорт майдончалари ва бошқа ёрдамчи иншоотлар барпо этилган.

Боғ ҳудудида 3000 дан зиёд манзарали дарахтлар, буталар ва  77 000 м2 дан ортиқ майдонга майса экилган. Объект фаолиятини таъминлаш учун ички муҳандислик (электр, газ, суғориш тизими, ичимлик ва окава сув) тармоқлари, ташқи ёритиш, аудио тизимлари, видео кузатув ҳамда Wi-Fi тармоғи яратилган.

Боғ ҳудуди тозалигини сақлаш, қурилган фаввора ва ташқи ёритиш воситаларини эксплуатация қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун 180 дан ортиқ ходим доимо хизмат қилиб келмоқда.

Боғ фаолиятини сақлаб туриш, уни ривожлантиришга сарфланадиган харажатлар нималардан иборат деган саволга тўхталсак, бу аввало боғ ҳудудида меҳнат қилаётган ходимларнинг иш ҳақи, атроф тозалигини юқори даражада сақлаб туриш, мусиқавий фавворани доимий соз ҳолатда сақлаш ва унинг мусиқали дастурларини бойитиш, сунъий кўл сувини доимий фильтрланишини таъминлаш, жорий таъмир харажатлари, электр энергияси, сув ва табиий газ учун тўловлар, ҳудудда мавжуд бўлган дарахт, буталар ва майсазорларни зараркунандалардан сақлаш учун кимёвий ишлов бериш, улар қуриган ҳолатда такроран экиш ва бошқа харажатлар ҳисобланади.

“Tashkent Сity” кўп тармоқли боғига пуллик кириш тизими ўрнатилиши сабаблари қуйидагилардан иборат.

Мазкур боғни пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари кўнгилли дам олишлари учун доимий соз ва озода ҳолатда сақлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш зарур.

“Tashkent city” ХИМ концепциясида ушбу ҳудуд аттракционларсиз бўлиши, аҳоли пиёда сайр қилиб, мароқли ҳордиқ чиқариши кўзда тутилган бўлиб, ҳудудда тижорат объектларини кўпайтирилиши кўзда тутилмаган.

“Tashkent city” ХИМ лойиҳаси Ўзбекистонда илк бор давлатни ҳар томонлама кўмагида ва инвесторлар сармоялари асосида амалга оширилаётган,  янги,  давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги  ҳамкорлик ва ишончни юқори поғонага кўтарилаётганини акс этаётган улкан инвестицион лойиҳа.

Боғ қурилиши “Tashkent city” ХИМ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган инвесторлар маблағлари ҳисобидан ва “Tashkent city” ХИМ Дирекцияси томонидан бизга доимий фойдаланиш учун ажратилган ҳудудда барпо этилган ва ҳеч қандай бюджет маблағлари лойиҳа учун сарфланмаган. Айтиб ўтиш лозимки, 2019 йил сентябр ойидан бошлаб 2020 йил декабр ойига қадар барча харажатлар “Tashkent city” ХИМ Дирекцияси томонидан инвесторлардан келиб тушган маблағлар ҳисобига қопланиб келинган. Ўз навбатида, “Tashkent city” ХИМ Дирекциясига боғ фаолиятини сақлаш ва ривожлантириш учун хам Давлат бюджетидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган.

Боғни сақлаш харажатларни молиялаштириш ечимини хал қилмасак гуллаб-яшнаб, кўзимизни қувонтириб турган боғимизни паймол бўлишига олиб келарди. Шунинг учун “Tashkent Сity” ХИМ Дирекцияси Давлат бюджетидан харажатлар учун маблағ талаб қилиш эмас балки хўжалик ҳисобидан молиялаштириш манбаларини топиш мақсадини ўз олдига қўйди.

Юкоридаги сабаблардан  келиб чиқиб, боғ фаолиятини сақлаш бўйича харажатлар “Tashkent Сity” боғига ташриф буюрмаган солиқ тўловчининг давлат бюджетига тўлаган солиқлари ҳисобидан эмас, балки боғга ҳақиқатдан ташриф буюрган меҳмонлар ҳисобидан қопланиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Боғга пуллик кириш тизимини ўрнатиш тажрибаси шаҳримизда фаолият юритаётган дам олиш масканлари, барча йирик боғлар ва бошқа кўнгилочар масканлар мисолида кенг ўрганилди. Ушбу масканларда тадбирлар ташкил қилиш ва сақланишини таъминлаш мақсадида пуллик кириш тизими жорий қилингани аниқланди. Мисол учун, Япон боғи, Ғалаба боғи, Ашҳобод боғи, Ҳайвонот боғи, Ботаника боғи ҳамда шаҳримиз ва республикамиздаги бошқа боғлар. Шундан келиб чиққан ҳолда боғга пуллик кириш тартиби жорий қилинди.

Депутатимиз Обиджон Латипов сабабчи бўлган ҳолат бўйича боғда мавжуд бўлган видеокамералардаги ёзувлар кўтарилиб ўрганилди. Хусусан, ҳолат  2021 йил 29 август кечки соат 21:22 да, мусиқавий фавворанинг сўнгги дастури кечки соат 21:15 да тамом бўлиб, мехмонлар тарқаб кетаётганда содир бўлган. Бу вақтда амфитеатрдан охирги мухлислар чиқиб кетаётган эди (ҳеч қандай “юзлаб кишилар” ҳайдалиб чиқарилмаган). Боғ ходимлари навбатдаги тадбирга тайёргарлик кўраётганда дам олувчиларга илтимос билан мурожаат қилиб, амфитеатрда бошқа тадбир борлигини етказишган ва иложи бўлса жойларини бўшатишни сўрашган (кейинги тадбирга жуда оз вақт қолган — боғ кечки соат 22.00 гача ишлайди). Икки кишидан бошқа меҳмонлар амфитеатрдан чиқиб, хоҳлаганлари суратга олиш жараёнини қизиқиб кузатишган. Икки киши чиқиб кетишни хоҳламаган, лекин боғ ходимлари томонидан улардан суратга олиш жараёни борлиги сабабли бошқа жойга ўтиб туриши сўралган бўлсада, бошқа уларни жойларида қолиши бўйича,  ҳурмат юзасидан, ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.

Боғга ташриф буюрувчи меҳмонларни лозим даражада, мароқли дам олишини ташкил қилиш боғ ходимларининг асосий вазифалари қаторига киради ва маъмурият томонидан доимий назоратда бўлади. Ходимларга тизимли равишда муомала маданияти сақланиши бўйича топшириқ ва йўриқномалар берилади.

Ҳурматли ташриф буюрувчилар!

“Tashkent city” ХИМ Дирекцияси сизларга, боғимизга ташриф буюрганлигингиз учун ўз миннатдорчилигини билдиради ва хизмат кўрсатиш даврида тушунмовчиликлар юзасидан ходимларимиз томонидан ноқулайликлар келтирилган бўлса мазкур ходимларга тегишли тартибда чоралар кўрилади, сиз томондан берилган фикрларни тўғри қабул қилиб кўрсатилаётган хизматларни сифатини янада оширилишига ҳаракат қилади.

  


Report Page