“Ташаббусли бюджет”нинг ушбу мавсумида фуқаролар томонидан 27 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилган
АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида "Ташаббусли бюджет" навбатдаги мавсумига старт берилиши юзасидан маълумот берилди:
Ушбу мавсумда фуқаролар томонидан 27 мингдан ортиқ лойиҳалар илгари сурилган бўлиб, шундан 23 мингдан ортиқ қисми ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ танлаб олиниб, овоз бериш жараёнларига ўтказилгани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, мазкур жараёнларга ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш учун 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.
Жорий мавсумнинг аввалги мавсумлардан фарқли тарафи шундаки, эндиликда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари 4 босқичда ўтказилади.
Бунда:
6–26 июль — таклиф киритиш босқичи;
26 июлдан 15 августга қадар — модерация босқичи;
15–22 август — саралашдан ўтган лойиҳалар бўйича тарғибот босқичи;
22 августдан 1 сентябрга қадар — саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, 2024 йил “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг
1 мавсумдан бошлаб “Бир фуқаро — бир овоз” тамойили жорий этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 29 июлдаги КҚ-787-IV сонли қарорига асосан Ташаббусли бюджет жараёнини ўтказиш бўйича амалдаги тартибга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бунда, киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бевосита кенг жамоатчилик, жумладан, фаол фуқаролар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда депутатларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Киритилган асосий ўзгартиришлардан бир нечтаси қуйидагилар:
барча маҳаллалар учун ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида эндиликда “Ташаббусли бюджет” доирасида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳалла (ташкилот)лар учун навбатдаги иккита мавсум доирасида танаффус эълон қилинади (яъни ушбу маҳаллалар учун лойиҳа киритиш имконияти чекланади).
Ушбу тартиб, яъни танаффус қўллаш амалиёти 2025 йил 2-мавсумдан бошлаб қўлланади.
Бу эса, ўз навбатида, бир неча мавсумдан бери жараёнларда иштирок этиб келаётган, лекин тўплаган овозлари миқдори аҳоли сони катта маҳаллаларнинг тўплаган овозлари сонидан кам бўлган маҳаллаларга ғолиб бўлиш имкониятини беради.
Шунингдек:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги овоз бериш жараёнларида бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш ҳолатларини қайд этиш бўйича “қайноқ линия” ишга тушириш;
овоз бериш босқичи якунланиб, “Очиқ бюджет” портали томонидан ғолиб лойиҳалар аниқланганидан сўнг Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан кейинги ўринлардаги – ғолиб бўлмаган лойиҳаларни қўшимча тарзда ғолиб деб эълон қилиш ваколати бериш;
ҳар бир ғолиб лойиҳалар ижроси ишчи комиссия томонидан ҳар ой жойига чиққан ҳолда ўрганиб, бунинг натижалари юзасидан фотоматериалларни “Очиқ бюджет” порталининг “Сайёр-мониторинг” бўлимида акс эттириб бориш.
Бунда, лойиҳа бўйича ишлар тўлиқ якунлангандан сўнг ташаббускор фуқаролар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга топширилиши белгиланди.