“Ташаббусли бюджет” жараёни юзасидан фуқаролар томонидан тез-тез берилаётган саволларга жавоблар (II қисм)

“Ташаббусли бюджет” жараёни юзасидан фуқаролар томонидан тез-тез берилаётган саволларга жавоблар (II қисм)

MoliyaPress

1-савол. Овоз бериш қандай тартибда бўлади, айтмоқчиманки агар 2 та ташаббус билан мурожаат қилсам битта одам иккаласига ҳам овоз бериш имконияти мавжудми ёки битта одам фақат 1 та ташаббусга овоз берадими?

1-жавоб. Таклифлар фуқаролар томонидан республиканинг исталган ҳудуди бўйича фақат бир маротаба берилиши мумкин. Бунда, таклиф мазмунан ягона ижтимоий муаммони ўзида акс эттириши керак. “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтган ҳар бир шахс “Очиқ бюджет” ахборот порталида жойлаштирилган фақат бир таклифга овоз бериши мумкин.

 

2-савол. Кўчани асфальт қилиш бўйича таклиф берилган.

Бу кўчадан 70–80 та хонадон манфаатдор. Бундай ҳолат учун қанча овоз тўпланиши зарур?

2-жавоб. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва таклифларга берилган овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб саралаб олинади.

 

3-савол. Таклиф киритишда фотосуратлар жойлаштирилмаган ташаббусларни киритиш мумкинми? Мазкур таклиф ғолиб бўлса, молиялаштиришда тўсқинликларга дуч келмаймизми?

3-жавоб. “Очиқ бюджет” ахборот порталига таклиф киритишда фотосуратлар жойлаштириш мажбурий эмас. Фотосуратсиз жойлаштирилган таклифларга овоз беришда ва айнан ушбу таклиф ғолиб, деб топилса кейинчалик уни молиялаштиришда ҳеч қандай тўсқинликларга йўл қўйилмайди.

 

4-савол. Лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнида кимлар катнашади?

4-жавоб. Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш, баҳолаш ҳамда уларни туман (шаҳар) бюджетларининг маблағлари ҳисобидан молиялаштириш мезонларига мослиги мониторингини олиб бориш бўйича ишчи гуруҳ:

1.    Ишчи гуруҳ раҳбари – туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари.

2.    Туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашининг вакили.

3.    Туман (шаҳар) ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари.

4.    Туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.

5.    Туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими мудири (вакили).

6.    Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакили.

7.    Нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари.

 

5-савол. “Менинг йўлим” лойиҳаси ишга туширилди, деб эшитдик унга кўра, 50 фоиз маблағ йўл инфратузилмасига ажратилади дейилган. Бу жараён қандай амалга оширилади?

5-жавоб. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 2022 йил 2 февралдаги 49-сон “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан, бюджет маблағлари сарфланишида фуқаролар иштирокини янада ошириш ва юртимиздаги мавжуд ички йўллар сифатини яхшилаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб туман

ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилиши қатъий белгилаб қўйилди. Бу тизим “Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқли ўлароқ бир йилда бир маротаба ўтказилади.

 

6-савол. Бюджет ташкилотида ишлайман. Ташкилотимизга қарашли муассасалар сони 10 та (марказлашган). Маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари барча ташкилотлар номидан битта қилиб таклиф қолдиришимизни, алоҳида-алоҳида таклиф қолдириб сонини кўпайтирмаслик кераклигини таъкидлашмоқда. Ташкилотимиз номидан битта таклиф қолдиришимиз нотўғри эканлигини, бу фуқароларнинг очиқ таклиф қолдириши учун “ташаббусли бюджет” эканлигини айтсам ҳам тушунишни хоҳлашмаяпти. Бизнинг аралашувимиз нотўғри эканлигини тушунтиролмаяпман. Бунинг сабабини ҳам билиб турибман. Бу қанчалик тўғри?

6-жавоб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги ҚҚ-213-IV-сон “Маҳаллий бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомга мувофиқ, таклифлар фуқаролар томонидан республиканинг исталган ҳудуди бўйича фақат бир маротаба берилиши мумкин. Бунда, таклиф мазмунан ягона ижтимоий муаммони ўзида акс эттириши лозим. “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтган ҳар бир шахс “Очиқ бюджет” ахборот порталида жойлаштирилган фақат бир таклифга овоз бериши мумкин.

Жамоа номидан киритилган таклиф ва берилган овоз мазкур жамоадаги жами фуқаролар томонидан берилган деб ҳисобланмайди ва бундай ҳолларда ушбу йўсиндаги таклиф ва овозлар ягона фуқаро томонидан берилган таклиф ва овоз билан бир хил кучга эгадир.

 

7-савол. Ташаббус қўшсак қайси мезонларга асосланиб қабул қилинади ёки рад этилади?

7-жавоб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги ҚҚ-213-IV-сон “Маҳаллий бюджет маблағларини сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомга мувофиқ, жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирлар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:

туман (шаҳар)нинг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларидан келиб чиқиб, шунингдек, аҳолидан тушаётган мурожаатлардаги муаммолар;

жамоавий муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги (хиёбонлар, болалар майдончаси барпо этиш, ички йўлларни

ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, экологияни яхшилаш, ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш, кўча чироқларини ўрнатиш ёки таъмирлаш;

жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар идоравий ёки шахсий хусусиятга эга бўлмаслиги, яъни шахсий автомашина ёки тураржой харид қилиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда маъмурий биноларни таъмирлаш кабилар;

берилган таклифларни амалга оширишнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан ошмаслиги лозим.

 

8-савол. Таклифларни қаерга ёзиб қолдириш керак?

8-жавоб Таклиф бериш истагини билдирувчи шахслар белгиланган тартибда “Очиқ бюджет” ахборот порталида, яъни www.ochiqbudget.uz сайти орқали рўйхатдан ўтади ҳамда таклиф қолдириш имкониятига эга бўлади.

 

9-савол. Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, биз таклифимиз учун ажратилиши мумкин бўлган суммани таxминий киритаяпмиз. Агарда биз кўрсатган таклифнинг харажатлари бу суммадан ошиб кетган ҳолатда нима бўлади?

9-жавоб. Танлаб олинган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағнинг дастлабки миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилган маблағлар миқдори Ишчи комиссия томонидан аниқланган дастлабки миқдордан кўпи билан 5 фоизга ошишига йўл қўйилади.

 

10-савол. Ассалому алайкум! Барча босқичлар саналари ва қандай тартибда ўтиши билан батафсил таништирсангиз. Чунки, биз талабалар ҳам ўз ташаббусимизни киритганмиз, қолиб кетмайлик!

10-жавоб. Ташаббусли бюджет жараёнлари бир йилда икки маротаба 3 босқичда амалга оширилади:

1-босқич – фуқаролар ўз таклифларини (батафсил кўринишда) қолдирадилар.

(Биринчи ярим йиллик учун – 1 февралдан 22 февларгача)

(Иккинчи ярим йиллик учун – 1 июлдан 20 июлгача)

2-босқич – фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар модерация жараёнидан ўтказилади.

(Биринчи ярим йиллик учун – 23 февралдан 4 мартгача)

(Иккинчи ярим йиллик учун – 21 июлдан 30 июлгача)

3-босқич – модерациядан ўтказилган таклфилар овоз бериш жарёнига ўтказилади.

(Биринчи ярим йиллик учун – 5 мартдан 25 мартгача)

(Иккинчи ярим йиллик учун – 31 июлдан 19 августгача).

 

11-савол. Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, ажратилган маблағлар ҳар бир вилоятга тенг тақсимланадими ёки белгиланган фоизлардами ёки берилган таклифлардаги овозлар сонига қарабми? Тумандаги ишчи гуруҳ шаффофлик билан иш олиб борадими? Умуман олганда, берилган таклиф инобатга олиниши учун қандай тартибда ёки низом асосида кўриб чиқилади?

11-жавоб. Ғолиб деб топилган ҳар бир тадбир учун алоҳида маблағлар манбаси “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” бўлган шахсий ғазна ҳисобварағи очилади ва барча харажатлар ушбу ғазна ҳисобварағи орқали амалга оширилади. Қуйидагилар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади:

– туман (шаҳар)лар бюджетларининг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи;

– туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи.

 

12-савол. Чекка ҳудудларда маҳалла аҳолиси кам сонли. Шаҳар жойларда эса кўп. Тасдиқланиши учун асосий омил овоз тўплаш ҳисобланади. Аҳолиси кам булган маҳаллаларнинг ташаббуси эса маълумки тасдиқланмасдан қолиб кетади. Лекин, чекка ҳудудларда жудаям кўп ва муҳим муаммолар бор. Шу ҳолатни инобатга олган ҳолда бирор янгилик қилинганми? Барчага маълумки ҳамма ўз ҳудудидаги муаммоларга овоз беради. Ҳамма узи учун курашади. Аҳолиси кам чекка ҳудудлар шундай қолиб кетаверадими? Аслида бу ҳудудларга мутлақо эътибор берилмайди. Ушбу саволларга жавоб олишим жуда муҳим.

12-жавоб. “Ташаббусли бюджет” жараёнларида таклифлар бериш ва берилган таклифларга овоз бериш фуқаролар томонидан республиканинг исталган ҳудуди бўйича фақат бир маротаба берилиши мумкин, яъни бир фуқаро ўзи истиқомат қилмайдиган ёки яшаш манзили умуман бошқа ҳудуд бўлса ҳам бевосита ўзи истаган манзил бўйича иштирок этиб, ташаббускор бўлиши мумкун. Бу эса маълум бир таклиф ғолиб деб топилиши учун айнан ўша манзилда истиқомат қиладиган ёки рўйхатдан ўтган фуқаролар иштирок этиши лозим деган чекловни рад этади.

 

13-савол. Битта МФЙдан бир нечта ташаббус киритилиши мумкинми?

13-жавоб. “Ташаббусли бюджет” жараёнларида таклифлар бериш юзасидан ҳудудлар кесимида чекланиш мавжуд эмас, яъни таклифлар сони қанча бўлишидан қатъи назар овоз бериш жараёни якунларига кўра, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва таклифларга берилган овозлар сонидан келиб чиқиб юқоридан пастга қараб саралаб олинади.

 

14-савол. Агар муайян муаммонинг қийматини ҳисоблай олмасак, таxминан қийматни киритиш мумкинми?

14-жавоб. Таклиф киритиш жараёнида лойиҳа қийматини белгилашда имкон даражасида асосланган қийматларнинг киритилиши ҳамда берилган таклифларни амалга оширишнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан (1 080 млн. сўм) ошмаслиги лозим.

 

15-савол. Ташаббусли бюджет лойиҳаси фақат талабалар учунми ёки бошқалар ҳам таклиф бериши мумкинми?

15-жавоб. “Ташаббусли бюджет” жараёнларида иштирок этиш учун ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас, яъни исталган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўз фуқаролик позициясидан фойдаланган ҳолда “Ташаббусли бюджет” жараёнларида иштирок этиш имкониятига эга.

 

16-савол. Лойиҳа суммаси ғолиб бўлгандан кейин ташаббускор томонидан оширилиши ёки масъул шаxслар томонидан камайтирилиши мумкинми?

16-жавоб. Танлаб олинган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағнинг дастлабки миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилади. Лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича аниқлаштирилган маблағлар миқдори Ишчи комиссия томонидан аниқланган дастлабки миқдордан кўпи билан 5 фоизга ошишига йўл қўйилади.

 

17-савол. Билишимча, овоз бериш жараёнидан офлайн овоз бериш чиқариб ташланар экан. Таклифим, офлайн овоз беришни қолдириш керак, чунки юртимизда ҳамма жойда 100 фоиз Интернет ишламайди, кейин овоз бериш истагида бўлган отахон ва онахонларнинг барчасида мобиль телефони йўқ.

17-жавоб. Фуқароларда “Очиқ бюджет” ахборот порталидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаса, улар ўз таклифларини қолдириш ва овоз бериш мақсадида тегишли маҳалла ёки овулда ташкил этилган “Ташаббускорлар бурчаги” орқали қолдиришлари мумкин.

 

18-савол. “Ташаббусли бюджет элчилари” ўзи қандай лойиҳа? Масалан, мен xусусий институт талабасиман, менинг ҳам лойиҳада иштирок этиш имкониятим бўладими, шунингдек, магистратура, сиртқи таълим тингловчилари ҳам ушбу мезонларга тўғри келадими?

18-жавоб. Молия вазирлиги томонидан ташаббусли бюджет жараёнига (Расмий олий ўқув юртларида таълим оладиган барча турдаги талабалар) талабаларни кенг жалб қилиш мақсадида “Бюджет элчилари” танлови эълон қилинди.

Бунга кўра, мамлакатимизда олий ўқув юртларида тахсил олаётган талабалар “Очиқ бюджет” ахборот порталида “талаба” сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда имкон қадар кўпроқ фуқароларни ташаббусли бюджет жараёнига жалб этиши ва Молия вазирлиги томонидан ўтказиладиган мазкур танлов ғолиби бўлишлари мумкин.

Танлов шартлари:

1-қадам: “Очиқ бюджет” аxборот порталида рўйxатдан ўтинг ва ўз ташаббусингизни қолдиринг (касбни ифодаловчи устунда талаба эканлигингизни кўрсатишни унутманг!).

2-қадам: Танлов бошланганидан сўнг, турли ижтимоий тармоқларда ташаббусингизни оммалаштириш ва фуқаролар, яқинларингиз, дўстларингиз ўртасида овоз тўплашингиз зарур.

3-қадам: Танлов якунида ТОП-50 ЛОЙИҲА танлаб олинади. Энг кўп овоз тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Ғолибларга:

1–5 ўринга – Ноутбук

6-15 ўринга – Планшет

16-25 ўринга – Электрон китоб қурилмаси (Киндле)

26-36 ўринга – “Ақлли” соат

37-50 ўринга – Қулоқчин топширилади.

Танловда ғолиб бўлган 50 нафар энг яxши иштирокчи “Ташаббускор бюджет элчиси” деб эълон қилинади ва Молия вазирлигида амалиёт ўташ имкониятини қўлга киритади. Улар учун молия тизимининг етакчи мутаxассислари томонидан ўқув-тренинглар ўтказилади.

 

19-савол. Бир мақсадга йўналтирилган таклиф кўплаб инсонлар томонидан киритилган бўлса, ҳар бири инобатга олиниб, алоҳида-алоҳида овоз йиғиладими ёки фақат биттаси саралаб олиниб, айнан ўша таклифга овозлар йиғиладими?

19-жавоб. Фуқаролар томонидан киритилган таклифлар таклиф киритиш жараёнлари ўз якунига етганидан сўнг туман (шаҳар) Ишчи гуруҳи томонидан ҳар бир лойиҳалар синчковлик билан ўрганиб чиқилади, агар бир мақсадни ўзида акс эттирувчи бир неча таклфилар мавжуд бўлган тақдирда Ишчи гуруҳ томонидан энг биринчи бўлиб киритилган таклиф қабул қилинади ҳамда қолган таклифлар рад этилади, яъни овоз бериш босқичига ўтказилмайди.

Бунда, тегишли таклиф эгаларининг (таклифи рад этилган фуқаро) шахсий кабинетларига қабул қилинган таклиф маълумотларини батафсил кўрсатган ҳолда овоз бериш жараёнида ушбу лойиҳага овоз бериши мумкунлигини қайд этилган қисқа хабарнома юборилади.

 

20-савол. Янги жараёнлар ҳам бошланди, лекин келиб тушаётган таклифларни сарҳисоб қилсак, Пойтахт, яъни Тошкент шаҳри энг охирги ўринда, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси эса юқори ўринларда кетмоқда, бунинг сабаби нимада? Тўғри, ҳали таклиф киритиш жараёнлари ўз якунига етгани йўқ, лекин жуда қизиқ, демак Тошкентда муаммо йўқми ёки фуқароларни жалб қилинишида қандайдир сусткашликларга йўл қўйилмоқдами?

20-жавоб. Жорий йил учун “Ташаббусли бюджет” жараёнларига старт берилди ва ҳозирда таклиф киритиш жараёнлари ўтказилмоқда, айнан Тошкент шаҳрида таклифларнинг камлиги бу муаммолар тўлиқ бартараф этилган дегани эмас албатта, мазкур жараёнлар юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларида бироз сусткашликларга йўл қўйилганлиги боис мазкур ҳудудда кўрсаткичлар пастроқ қайд этилмоқда. Таклиф киритиш жараёнлари якунига қадар фуқароларнинг хабардорилигини ошириш ва Пойтахт аҳолисининг кенг қисмини жалб қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

 

21-савол. “Ташаббусли бюджет” жараёнларида умумий фойдаланишдаги йўлларни таъмирлаш бўйича таклиф киритса бўладими?

21-жавоб. “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ҳудудий ички йўлларни ҳамда умумий фойдаланишдаги йўлларни таъмирлаш бўйича таклифлар киритилиши мумкин.

 

22-савол. “Ташаббусли бюджет” жараёнларида фуқаро ўзи томонидан киритилган таклиф мазмунини ўзгартириши мумкинми?

22-жавоб.  1-босқич, яъни фуқаролар ўз таклифларини батафсил кўринишда қолдиришади, айнан 1-босқич якунига етгунга қадар фуқарога таклиф мазмунини таҳрирлашга рухсат этилади.

 

23-савол. Билдирилган таклифлар долзарблиги жиҳатдан ҳам инобатга олинган ҳолда молиялаштириладими?

23-жавоб. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги ҚҚ-213-IV-сон “Маҳаллий бюджет маблағларини сарфланишида жамоатчилик иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомга асосан овоз бериш жараёни якунларига кўра, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва таклифларга берилган овозлар сонидан келиб чиқиб юқоридан пастга қараб саралаб олинади.

 


Report Page