Ташқи ёзувлар тартибга келтирилмоқда

Ташқи ёзувлар тартибга келтирилмоқда


Мамлакатимиз суверенитетининг ўзига хос белгиларидан бири унинг давлат тилидир.

Шу нуқтаи назардан давлат тилидаги қонунчилик ҳужжатларига амал қилиш нафақат фуқаролик мажбурияти, балки ўзимиз яшаётган ватанга ҳурмат белгиси ҳамдир.

Аммо афсуски тегишли ишчи гуруҳлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш- тарғибот ишларига қарамай, Бухоро ва Когон шаҳарлари, туманлар марказларидаги кўчаларда ажнабий тилда ёзилган ёки реклама талабларига номувофиқ ўрнатилган ташқи ёзувлар кам бўлса-да учраб турибди.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид бўлган 2130 га яқин ёзувлар бартараф этилиб, тузатилди. Ушбу ишларга гуруҳга жалб этилган шаҳар ва туманлар ҳокимларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари, ободонлаштириш бошқармаси ходимлари, вилоят рақобат бошқармаси вакиллари ҳамда бошқа қатор соҳа вакиллари фаол иштирок этишди.

Айни пайтга қадар гарчи соҳани тартибга солишда кескин чоралар кўзда тутилган бўлса-да, тадбиркорларни жарималардан ҳимоялаш мақсадида фақатгина тушунтириш-тарғибот ишлари билан кифояланиб келинган эди. Шу билан бирга айрим субъектларнинг масъулиятсизлиги, бефарқлиги, соҳага оид қонунчилик талабларини очиқ-ойдин менсимаётганлиги туфайли бартараф этилган конструкцияни қайта ўрнатиш, талабга зид реклама лавҳасини илиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

- Шу боис реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини қўпол тарзда бузган, ташқи ёзувларни тавлат тили талабларига мувофиқ ўрнатмаган 18 та субъект фаолиятига баҳо бериш учун тегишли ваколатли органларга аризалар тақдим этилди ҳамда уларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди, - дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов.

-  Эслатма:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 20-моддасига асосан:

—Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 20-февралдаги 104-сонли ҳамда 2023-йил 31-августдаги 428-сонли қарорларида:

—бино фасадида ўрнатилган ахборот матни 1 квадрат метр (ошхона ва ишлаб чиқариш корхоналарида 2 квадрат метр) ҳажмидан ошмаслиги лозимлиги, агар ушбу ҳажмдан ошса у ташқи реклама ҳисобланиб, бунинг учун тегишли паспорт олиниши ҳамда ойлик тўловлар тўлаш кераклиги;

—бино фасадидан ташқарида фаолият тури ҳақида ахборот берувчи ҳар қандай ҳажмдаги устун ёки мослама реклама ҳисобланиб, бунинг учун тегишли паспорт олиниши ҳамда ойлик тўловлар тўлаш лозимлиги;

Реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 1781-моддасига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача жаримага тортилиши белгиланган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page